308. Амр ибн Шуайб отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Фарзандларингиз етти ёшга етганда намозга буюринглар. Ўн ёшга етганда (ҳам намоз ўқимаса), бунинг учун уринглар, уларнинг ётар жойларини алоҳида қилинглар».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ёш болаларни исломий тарбия қилишда муҳим ўрин тутган баъзи нарсалар хусусида сўз бормоқда:
1. Етти ёшга етган болаларни намоз ўқишга буюрмоқ.
Болаларни қизиқтирадиган турли услублар билан, яхши ўрнак кўрсатиб, намозга ундаш керак бўлади. Ота-онасининг намоз ўқиётганини кўрган бола ўз-ўзидан уларга тақлид қилиб қолади. Ана шу ҳолатдан унумли фойдаланиб, болани тўғри йўлда давом этишини таъминлашга ҳаракат қилиш керак. Етти ёшга етганда боланинг ҳар намозни ўқишини кузатиб, ўқишга амр қилиб туриш керак.
2. Ўн ёшга етган бола намоз ўқимаса, уриш лозим.
Бу ерда уриш деганда калтаклаш эмас, балки таъзир ва адаб бериш учун уриш назарда тутилади.
Ота-онасининг яхшилик билан қилган ундовларига ўн ёшида ҳам юрмаган болани таъзири берилмаса тўғри йўлга тушмайди. Баъзи болаларнинг табиати шундоқ бўлади. Улар яхши гапдан кўра, дўқ-пўписа ила осон йўлга тушадилар.
3. Ўн ёшга етган болаларнинг ётар жойларини бошқа қилиб қўйиш.
Чунки ўша даврда уларда жинсий томондан уйғониш бошланади. Алоҳида ётмасалар, беодобликка ўрганиб қолишлари мумкин.
Агар ҳар бир оила ушбу набавий тавсиясига амал қилганида, орамизда бенамозлар бўлмас эди.
308 - وَعَنْ عَمْرِو بْنِ شُعْيبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مُرُوا أَوْلَادَكُمْ بِالصَّلَاةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ، وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرِ سِنِينَ، وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجعِ». حَدِيثٌ حَسَنٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُودَ بإِسْنَادٍ حَسَنٍ. [495].