309. Абу Сурайё Сабра ибн Маъбад ал-Жуҳайний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бола етти ёшга кирса намоз ўқишни ўргатинглар. Ўн ёшга кириб ҳам (намоз ўқишмаса), уларни уринглар», дедилар.
Ҳасан ҳадис бўлиб Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизий ҳам уни ҳасан ҳадис, деб айтганлар.
Абу Довуднинг бошқа ривоятларидаги лафзда: «Ёши еттига етганида фарзандга намозни буюринглар» бўлиб келган.
Шарҳ: Ҳар бир мусулмон намозни беш вақт тўкис адо қилишнинг нақадар муҳимлигини яхши билади: ижтимоий мавқеи ва ҳолатидан қатъий назар, камбағалми у ёки бой, саломатми ё касал (айрим ҳолларда енгилликлар бор) – мўмин киши Аллоҳ олдида уни юксак мақомга кўтарувчи ва қалбини чароғон қилувчи ҳар кунги беш вақт намозни тўлиқ адо қилмоғи фарздир.
Намоз Қиёмат куни инсондан биринчи бўлиб сўраладиган фойдали ва эзгу амалдир. Ҳадисда шундай дейилади: “Қиёмат куни ҳисоб-китобда биринчи эътибор қилинадиган амал бу – намоз”. Намозни адо қилиш ҳар бир эс-ҳушли ва балоғатга етган мусулмоннинг бурчи, балоғатга етмаганлар эса намозга буюрилмаган, бироқ балоғат ёшига етганида бола намозни тўғри адо қилиши учун уларни болалигидан намозга тайёрлаб бормоқ лозим. Ота-оналар фарзандлари қалбида намозга бўлган истакни пайдо қилиши ва уларда бу вазифага муҳаббат уйғотмоқлари керак. Болаларга намозни ота-онаси мажбурлагани учун эмас, балки Аллоҳ розилиги учун ўқиши кераклигини сингдириш лозим.
Боланинг намоз билан танишуви она қорнидаёқ бошланади. Гўдак ўз онаси кунига беш маҳал бир хил ҳаракатни амалга оширишига кўникиб боради ва туғилмасидан олдин намоз чақалоқ ҳаётининг бир бўлагига айланади. Ота-оналар ўз фарзандлари учун биринчи ибрат мактаби ҳисобланади. Агар намоз ўқиш уларда биринчи ўринда турса ва уни маълум бир вақтга кейинга сурмай, ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилсалар, бола ўз вақтида ўқилган намознинг қанчалик муҳимлигини тушуниб етади. Намоз вақти яқинлашганда ота-она болага шундай дейиши мумкин: “Аллоҳ мени кутмоқда. Мен боришим керак!” ёки “Ў, намоз вақти бўлибди! Намозимни ўқиб олишим керак! Мен кечикмаслигим керак!” Болалар ота-онаси намозга қандай интилётганини туғилган пайтиданоқ гувоҳи бўлишлари керак. Эмизикли болани жойнамоз ёнига ётқизса ҳам бўлади, шунда чақалоқ ўз онаси намозни қандай адо қилётганини мамнуният билан кузатиб туради. Бола сал улғайганда эса, она болани қўлларига олиб, намозни шу кўйи ўқиши мумкин (боланинг тозалик қоидаларига амал қилишни унитмаслик керак). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар: саждага эгилганда болани ёнларига қўйганлар, кейин тураётиб яна қўлларига кўтариб олганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилётганда елкасига ўтириб олган кичкина қизалоқ воқеаси кўпчиликка маълум. У Зайнаб онамизнинг қизи Умама эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанда ушбу ҳолатида шунчалик узоқ қолиб кетдиларки, саҳобалар Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўёки нимадир бўлди ва У киши бу дунёни тарк этдилар деб ўйлаганлар. Намозни тугатиб, ўринларидан турганларида шундай дедилар: “Елкамга набирам чиқиб олди, мен уни безовта қилишни истамадим”. Шундай қилиб, Аллоҳ бизга бажариб бўлмайдиган ҳеч бир нарсани юкламадики, она намозни ўз вақтида ўқиши мумкин. Бола яна сал каттайгандан сўнг ота-онаси қилаётган ҳаракатни такрорлашга ҳаракат қилади, уларнинг ёнида туриб бирга намоз ўқийдиган бўлади, бунинг учун фарзандингизнинг ўзида кичик жойнамоз бўлгани яхшики, ҳар доим сизнинг жойнамозингиз ёнида туради. Намоз ўқиш кундалик ҳаётнинг бир қисми, мусулмоннинг асосий мажбурияти бўлмоғи лозим, шундагина фарзандлар болалигиданоқ намозни нақадар муҳимлигини англаб етадилар.
Намоз ўн ёшгача бўлган болалар учун мажбурий эмас, лекин келгусида уларнинг ўзлари намоз ўқиш истагини билдириши учун болалигиданоқ ўшанга шароит яратиб бориш афзалроқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болани етти ёшдан намозга ўргатишга буюрганлар. Кўпчилик маслаҳат беришича, ота-она болаларини кичкиналигиданоқ бомдодни ўқиш учун уйғотгани афзалроқ, чунки кейинчалик уларда яхши кўникма шаклланади – бомдодга, намоз улар учун фарз бўлган ёшда ҳеч қийинчиликсиз уйғонадиган бўлишади. Уйингизни бир бурчаги ёки алоҳида хонасини намоз ўқиш учун ажратинг. Агар намоз учун уйингизда махсус жой ташкил этсангиз, фарзандларингиз намоз қанчалик муҳимлигини тушуниб етишади. Фарзандингизга бу жой намоз ўқиш учун эканлиги ва бу ерни ҳамиша покиза сақлаш кераклиги ҳақида айтиб боринг. Намоз учун жой ҳозирлангандан сўнг, у ерга ибодат учун махсус кийим қўйишингиз ва намоз вақтлари кўрсатилган жадвални илиб қўйишингиз мумкин.
Фарзандлар намозхон бўлишларини сўраб айтиладиган дуо!
«Роббижъалний муқиймас солаати вамин зурриятий, роббанаа ва тақоббал дуъои». (Иброҳим сураси, 40‑оят).
Маъноси: «Парвардигор, мени ва зурриётимдан (бўлган болаларимни) намозни тўкис адо этувчи қилгил. Парвардигоро, дуоимни қабул айла».
309 - وَعَنْ أَبِي ثُرَيَّةَ سَبْرَةَ بْنِ مَعْبَدٍ الْجُهَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «عَلِّمُوا الصَّبِيَّ الصَّلَاةَ لِسَبْعِ سِنِينَ، وَاضْرِبُوهُ عَلَيْهَا ابْنَ عَشْرِ سِنِينَ». حَدِيثٌ حَسَنٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ.
وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: «مُرُوا الصَّبِيَّ بِالصَّلَاةِ إِذَا بَلَغَ سَبْعَ سِنِينَ».