31-ҳадис

31. Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Худрий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир гуруҳ ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нарса сўрашган эди, у зот уларга бердилар. Кейин яна сўрашди. Уларга яна бердилар. Ниҳоят, у зотнинг ҳузурларидаги нарсалар тугади. У зот уларга барча нарсани қўллари билан инфоқ қила туриб: «Ҳузуримда бирор яхшилик бўлса, уни сизлардан сақлаб қолмайман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Ким сабр қилса, Аллоҳ уни сабрли қилади. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхши ва кенг қамровли афзалроқ ато берилмаган».

Муттафақун алайҳ.[Б 1469, М 1053].

Шарҳ: «Иффат» сўзи ҳаром, номақбул ишлардан ўзини тийишни англатади. Бу ўринда ҳаромдан ҳамда бировнинг қўлидаги нарсани сўрашдан ўзини тийиш, тамагир бўлмаслик назарда тутилмоқда. Бу ерда ҳозирги ўзбек тилида аёлларга нисбатан ишлатиладиган ҳаё, уятчанликдан кўра кенгроқ маънолар кўзда тутилган.

Икки шайх ва Термизийнинг ривоятида:

«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ, нажот топган бўлур», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса:

«Эй бор Худоё! Оли Муҳаммаднинг ризқини қути лаа ямут қилгин», дейилган.

«Қути лаа ямут» – очдан ўлмасликка етарли емиш, таом.

Яна бир ривоятда эса:

 «Бойлик нарсанинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.

Ушбу ривоятларнинг барчасида мусулмон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани ҳақида сўз кетмоқда. Мусулмон инсон турмуши яхши бўлиши учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила келмоқда, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятларда мусулмон киши ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандоқ тутмоқлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:

1. Иффатли бўлиш.

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб, билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.

2. Бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.

Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмайди.

3. Кам бўлса ҳам ўзига берилган ризққа сабр қилиш.

Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, қаноат қилмай, ўзини хор қилади, очкўз­лигини билдириб қўяди.

4. Мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришади.

Пайғамбар алайҳиссалом хонадон аҳлиларига ўлмагудек миқдорда қут беришнигина сўраган эканлар. Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда молу дунё деб одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди. 

31 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ سَعْدِ بْنِ مَالِكِ بْنِ سِنَانٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ نَاسًا مِنَ الأَنْصَارِ سَأَلُوا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فأَعْطَاهُمْ، ثُمَّ سَأَلُوهُ فَأَعْطَاهُمْ، حَتَّى نَفِدَ مَا عِنْدَهُ، فَقَالَ لَهُمْ حِينَ أَنَفَقَ كُلَّ شَيْءٍ بِيَدِهِ: «مَا يَكُنْ عِنْدِي مِنْ خَيْرٍ فَلَنْ أَدَّخِرَهُ عَنْكُمْ، وَمَنْ يَسْتَعْفِفْ يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ، وَمَنْ يَتَصَبَّرْ يُصَبِّرْهُ اللهُ. وَمَا أُعْطِيَ أَحَدٌ عَطَاءً خَيْرًا وَأَوْسَعَ مِنَ الصَّبْرِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1469، م 1053].


Улашиш
|
|
Нусха олиш