319-ҳадис

319. Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Аллоҳ учун қайси амал севимлироқ?» деб сўрадим. «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайсиси?» дедим. «Ота-онага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайсиси?» дедим. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадисдан ҳам намоз қанчалар улуғ ибодат эканини билдириб турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга маҳбуб амаллар ичида биринчи галда намозни зикр қилишлари ҳам бунга ёрқин далилдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳга маҳбуб ишлар бир-биридан афзал бўлиши.

2. Ўз вақтида ўқилган намоз Аллоҳга энг маҳбуб амал экани.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг ўзига мувофиқ жавоб берганлар. Қолаверса, вақт ҳам эътиборга олинган. Мисол учун баъзи вақтларда рўза энг афзал амал саналган бўлса, баъзи вақтларга келиб давр талаби билан садақа энг афзал амалга айланиб қолган.

3. Ота-онага яхшилик қилиш намоздан кейинги энг афзал амал экани.

4. Бир вақтнинг ўзида бир неча савол сўраш мумкинлиги.

5. Ниҳоят, саволни кўпайтириб ҳам юбормаслик кераклиги.

Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яна сўрасалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришга тайёр эканларини билиб туриб ҳам саволни кўпайтирмаганлар.

Аллоҳ таолога энг маҳбуб амалларни қилиб, унинг розилигига эришмоқчи бўлсак, аввало, намозимизни вақтида ўқийлик, ота-онамизга яхшилик қилайлик, доимо энг афзал ишларни адо этиш пайидан бўлайлик.

319 - عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلَى اللهِ تَعَالَى؟ قَالَ: «الصَّلَاةُ عَلَى وَقْتِهَا» قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: «بِرُّ الْوَالِدَيْنِ» قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: «الجِهَادُ فِي سَبِيْلِ اللهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 527، م 85].


Улашиш
|
|
Нусха олиш