320. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзанд отанинг ҳақини ўтай олмайди. Аммо уни қул ҳолида топиб, сотиб олиб, озод қилсагина мустасно», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ота-онага яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, улар билан доим алоқада бўлиш, алоқани узмаслик, уларга тавозели бўлиш, яхши ишларда уларга осий бўлмаслик уларнинг фарзанд устидаги ҳақларидандир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга... яхшилик қилингиз!» (Нисо сураси, 36-оят).
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни ота-она ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни (яъни сохта «худо»ларни) Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас (ана ўша кунда) Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман» (Анкабут сураси, 8-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен сиз билан ҳижратга байъатлашиш учун келдим. Лекин ота-онамни йиғлаган ҳолда қолдирдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ҳузурига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», дедилар. (Насаий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мен сизга ҳижрат ва жиҳод қилишга байъат бериш учун келдим, Аллоҳдан ажр истайман», деди. «Ота-онангдан бирорталари ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа, иккалови ҳам ҳаётлар», деб жавоб берди. «Аллоҳдан ажр истайсанми?», дедилар. «Ҳа», деди. «Ота-онанг олдига қайтиб, уларга гўзал муомалада бўл», деб буюрдилар (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!», дедилар. «Ким ё Расулуллоҳ?» деб сўралди. «Ким ота-онасидан бирини ёки ҳар иккаласини кексайган пайтларида топса-ю, (уларни рози қилмагани сабабли) жаннатга кирмаса», дедилар (Муслим ривояти).
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб айтдилар: «Жибрийл келиб: «Эй Муҳаммад, ким ота-онасидан бирини топган бўлса-ю, (уларни рози қилмасдан) дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» денг» деган эди, «омийн» дедим (Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир» (Термизий ва бошқалар ривояти).
Бир ривоятда: «Парвардигор таборака ва таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, Аллоҳ таборака ва таолонинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир» (Баззор ривояти).
Ота-онага яхшилик қилиш – Аллоҳ таолога восита қилинадиган улуғ амаллардандир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Уч киши йўлда боратуриб, ёмғир остида қолишди ва тоғ устидаги бир ғорга киришди. Шунда тоғдан бир катта харсанг думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар бир-бирларига: Сизларни бу харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина қутқариши мумкин, дейишди. Улардан бирлари деди: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни бир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам ухлаб қолган эканлар. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлашаётган экан. Уларни уйғотишни истамадим, болаларим оёқларимга ёпишиб йиғлашарди. Улардан аввал бола-чақамга сут беришни ҳоҳламадим-да, қўлимда коса билан то тонг отгунча уларнинг уйғонишларини кутиб турдим. Улар уйғонгач сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни очгайсан.» Шунда харсанг улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада бир оз очилди...» (Муттафақун алайҳ).
Отага нисбатан риоя қилиниши лозим бўлган одоблар
Урвадан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра икки кишини кўриб, бирларидан: «Бу киши сенга ким бўлади?» деб сўради. У: «Отам», деди. Шунда Абу Ҳурайра: «Уни номини атаб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан аввал ўтирма!», деди (Имом Бухорийнинг «Адабул-муфрад» даги ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон киши мажлисда ота-бола ўртасига ўтирмасин» (Табароний ривояти).
Отасининг вафотидан кейин унинг ҳаққига дуо қилиши, унинг номидан садақалар қилиши, отасининг ёру дўстлари билан борди-келди қилиши, уларни иззат-икром қилиши фарзанднинг отага нисбатан яхшиликларидан ҳисобланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши отасининг вафотидан кейин унинг дўсту ёрлари билан борди-келди қилиши унга қилган энг катта яхшилиги бўлади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Аҳмад ривоятлари).
Абу Бурдадан ривоят қилинади: Мадинага келганимда Абдуллоҳ ибн Умар ҳузуримга келди ва: «Нега олдингизга келганимни биласизми?» деб сўради. Мен: «Йўқ» деб жавоб бердим. У деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким қабрда ётган отаси билан силайи раҳм қилишни истаса, отаси ўтганидан сўнг унинг биродарлари билан алоқа қилсин» деганларини эшитганман. Менинг отам Умар розияллоҳу анҳу сизнинг отангиз билан биродар эдилар. Мен ўша алоқани тиклашни истадим» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отангнинг дўсти билан алоқа қилишинг яхшиликдандир» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган).
Абу Усайддан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида эдим, Бану Саламалик бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам ўтиб кетишган, ортларидан уларга бирон яхшилик қила оламанми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, уларга салот (дуо) йўллайсан, ҳақларига истиғфор айтасан, қилган аҳдларини ижро қиласан, дўстларини иззат-икром қиласан, қариндошлари билан алоқа қиласан» дедилар. Ҳалиги одам: «Нақадар кўп ва нақадар яхши!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шуларга амал қил» дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти, Ҳоким саҳиҳ санаган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Вафотидан сўнг маййитнинг даражаси кўтарилади. Шунда у: «Эй Роббим! Бунинг сабаби нима?» деб сўрайди. «Фарзандинг сенга истиғфор айтди» дейилади (Имом Бухорийнинг «адабeл-муфрад»даги ривояти).
Ота ўз фарзандидан бошқа бировлар ҳақли бўлмаган нарсаларга ҳам ҳақли бўлади, фарзанд ва унинг қўлидаги бор мол-мулки отаники ҳисобланади... Ота-онасининг хизматини қилган кишининг фазли.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Берган ҳадя ё совғасини қайтариб олиш ҳеч кимга ҳалол бўлмайди, фақат ота фарзандига берган нарсасини қайтариб олса жоиз. Ҳадя бериб кейин қайтариб оладиган одамнинг мисоли еб тўйганидан сўнг қусадиган, кейин ўша қусуғини яна қайтиб ейдиган итга ўхшайди» (Аҳмад ва «Сунан» соҳиблари ривоят қилганлар).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир. Фарзанди ҳам кишининг касбидандир» (Ибн Можа, Насоий ривоятлари).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг фарзанди унинг касбидан, энг покиза касбидан. Ўз молларингиздан еяверингиз» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3014).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менинг мол-давлатим ва бола-чақам бор. Отамнинг ҳам молимга эҳтиёжи бор» деган эди, «Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир. Фарзандларингиз энг покиза касбларингиздан. Шундай экан, фарзандларингизнинг касбидан еяверингиз» дедилар (Ибн Можа, Абу Довуд ривоятлари).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фарзандларингиз Аллоҳнинг сизларга ҳадясидир, «У Ўзи хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этади ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этади» (Шўро сураси, 49-оят), улар ҳам, уларнинг моллари ҳам агар эҳтиёжингиз бўлса сизларникидир» (Ҳоким ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким ота-онаси учун саъй-ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлида. Ким бола-чақаси учун саъй-ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлида. Ким ўз нафси учун уни пок сақлаш мақсадида саъй-ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлида. Ким мол-дунё кўпайтириш учун саъй-ҳаракат қилса, у шайтон йўлида». Бир ривоятда: «тоғут йўлида». (Баззор, Табароний, Байҳақий ривоятлари).
Куфр ва ширк устида бўлган ота-онага яхшилик қилиш
Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида онам мушрика ҳолида меникига келди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Онам (бирон нарса берармикин деган) илинжда кепти, мен у билан алоқа қилаверайми?», деб сўрадим. «Ҳа, онанг билан алоқа қилавер», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Нифоқнинг боши бўлмиш Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бир дарахт соясида ўтирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнидан ўтиб кетдилар, у: «Абу Кабшанинг ўғли бизга чангитиб кетди» деди. Шунда унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сизни иззат-икром қилган ва сизга Китоб туширган Зотга қасамки, агар сиз истасангиз унинг калласини олиб келаман» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, аксинча, отангга яхшилик қил ва унга чиройли муомалада бўл» дедилар (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти).
320 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِداً، إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكاً، فَيَشْتَرِيَهُ، فَيَعْتِقَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1510].