Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг расули, менинг чиройли муомала қилишим учун инсонларнинг қайси бири ҳақлироқ?» деганида, у зот: «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Онанг», дедилар. «Кейин ким?» деди. «Отанг», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Бошқа бир ривоятда: «Эй Аллоҳнинг расули, чиройли муомала қилиш учун ким ҳақлироқ?» дейилганда, у зот айтганлар: «Онанг, сўнгра онанг, сўнгра онанг, сўнгра отанг, сўнгра яқин-яқинларинг ҳақлидир», дейилган.
Шарҳ: Чунки, она ҳомиласини тўққиз ой кўтариб юради, сўнг уни дунёга келтиради, шундан сўнг боласи то ўзи овқат ейдиган, ичимлик ичадиган, ўзи ҳожатга борадиган бўлгунича қараб, тарбия қилади. Ана шундай машаққатли ҳолатларни бошидан ўтказгани учун ҳам ҳадисда уч марта онангга дейиляпти.
Ибн Баттол айтади: “Она уч нарсада отадан фарқланиб, афзал туради: болани қорнида кўтариш қийинчилиги, тўлғоқ азоби ва эмизиш машаққати.
Онанинг отадан олдин қўйилишида катта ҳикмат бор. Она ўзини боқадиган, яхшилик ва парвариш қиладиган кишига муҳтождир. Чунки у заифа, касби йўқ, эътибор ва раҳм-шафқатга муҳтождир.
Машаққатли лаҳзаларда, иши осонлашишини, машаққати аришини дуо қилиб сўраб, ёнида турадиган инсон — онадир.
Бемор бўлиб турганида, Аллоҳдан шифо сўраб, унга дори ичириб, пешонани силаб, ёнида турадиган инсон — онадир.
Йиғлаётганида, кўз ёшларини артиб, «Нега йиғлаяпсан, болам?» деб ёнида турадиган инсон — онадир.
Иши орқага кетиб, у учун жонини «фидо» қилмоқчи бўлганлар йўқолиб қолганда, ёнида турадиган инсон — онадир.
Хурсанд бўлганида, шодлигидан севиниб, юзида табассум билан ёнида турадиган инсон — онадир.
Қўполлик билан хафа қилса ҳам дарров кечириб, «Ўз боламдан хафа бўлармидим» дея бағрига босадиган инсон ҳам — онадир.
Дуо қилаётганда, баъзан ўзларини дуо қилишни унутсалар-да, аммо уни, синглисини, укаларини, набираларини дуо қилишни унутмайдиган инсон — онадир!
Бир олим айтган:
«Онам билан бошқаларнинг орасидаги фарқ шуки, бошқалар мени маҳзун ҳолда кўрмаслигини орзу қиладилар. Аммо онам мендан маҳзунликни ўзига олишни орзу қилади».
Арабларда: “Ҳар бир буюк шахс ортида она бор”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, она шундай зотки, фарзандига бор бисотини нисор айлайди. Бутун борлиғи билан меҳр кўрсатади, мурувват қилади. Шу боис у энг мўътабар зотдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: «Бир аёл: “Ё Расулуллоҳ, ўғлимга қорним жой, бағрим бошпана, кўкрагим эса суғорадиган меш бўлган эди. Энди отаси уни тортиб олмоқчи”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Модомики, никоҳланмас – бошқа эрга тегмас экансан, сен унга ҳақлироқсан”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хола она мақомидадир», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, холага ҳам яхшилик, хайр-эҳсон, ҳурмат кўрсатиш лозим.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо елкасига онасини кўтариб Каъбани тавоф қилдираётган кишини кўрди. У киши: “Эй Ибн Умар, мен онамнинг ҳақини адо қила олдимми?” деб сўраган эди, у зот: “Бир тўлғоғи ҳақини ҳам адо эта олмадинг. Бироқ яхши иш қилдинг. Аллоҳ сенинг озгина яхшигилингга кўп савоблар адо этур”, деди.
323 - وَعَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ صَحَابَتي؟ قَالَ: «أُمُّكَ» قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمُّكَ» قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمُّكَ» قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أَبُوكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5971، م 2548].
وَفِي رِوَايَةٍ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ الصُّحْبةِ؟ قَالَ: «أُمُّكَ، ثُمَّ أُمُّكَ، ثُمَّ أُمُّكَ، ثُمَّ أَبَاكَ، ثُمَّ أَدْنَاكَ أَدْنَاكَ». [م 2548/2].
«الصَّحَابَةُ»: بِمَعْنَى الصُّحْبَةِ، وَقَولُهُ: «ثُمَّ أَبَاكَ» هَكَذَا هُوَ مَنْصُوبٌ بِفِعْلٍ مَحْذُوفٍ؛ أَيْ: ثُمَّ بِرَّ أَبَاكَ، وَفِي رِوَايَةٍ: «ثُمَّ أَبُوكَ» وَهَذَا وَاضِحٌ.