324. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онаси ёки улардан бири кексайганда жаннатга кириб олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин!» дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: “Бурни ерга ишқалсин”, деб таржима қилинган бирикма “хор бўлсин, юзтубан бўлсин” деган маънода ишлатилади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Тингловчининг эътиборини тортиш учун бир ишнинг оқибатини такрор-такрор айтиш мумкинлиги.
2. Олим ва раҳбар кишидан бирор масала оқибати ҳақидаги гапни эшитганда, бу оқибат ким учун эканини сўраш лозимлиги.
3. Ота-онаси бўлса туриб, уларнинг розилигини топиб, жаннатга киришга сазовор бўлолмай қолган одам бахтсиз шахс экани.
Ота-онага яхшилик қилишнинг дуёдаги фойдалари:
1. Ота-онасига яхшилик қилган одам Роббини рози қилган бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир», дедилар» (Табароний ва Баззор ривоят қилишган).
2. Ота-онасига яхшилик қилган одамнинг Увас Қарний каби дуоси мустажоб бўлади.
Усайр ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан Умар роҳияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Сизларга Яман аҳлининг мадад кучлари ичида Увайс ибн Омир келади. У Муроддан, кейин Қорандандир. Унда песлик бор эди. Ундан тузалган-у, фақат бир дирҳамча жой қолган. Унинг волидаси бор. У унга яхшилик қилади. Агар у Аллоҳга қасам ичса, У Зот унинг қасамини бажо қилади. Агар ундан сенга истиғфор айтишини сўрай олсанг, шундай қил» (Муслим ривоят қилган).
3. Ота-онасига яхшилик қилган одамнинг умри ва ризқига барака берилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни умрининг узайииши, ризқининг кенг бўлиши хурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин», дедилар» (имом Аҳмад ривоят қилган).
4. Ота-онасига яхшилик қилган одамнинг фарзандлари ҳам унга яхшилик қилишади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-оналарга яхшилик қилинглар, шунда болаларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади», дедилар» (Табароний ривоят қилган).
5. Ота-онасига яхшилик қилиш гуноҳларга каффорот бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен катта гуноҳ қилиб қўйдим. Энди мен учун тавба борми?» деди. «Онанг борми?» дедилар. «Йўқ» деди. «Холанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Ота-онага яхшилик қилишнинг охиратдаги фойдалари:
1. Ота-онасига яхшилик қилган одамга мужоҳиднинг, ҳаж ва умра қилган кишининг ажр-савоби берилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Жиҳод қилгим келяпти, лекин қодир эмасман», деди. «Ота-онангнинг бирорталари борми?», дедилар. «Онам (бор)», деди. «Унинг ҳаққида Аллоҳдан қўрққин. Агар шундай қилсанг, сен ҳам ҳаж қилувчи, ҳам умра қилувчи, ҳам мужоҳид бўласан», дедилар» (Байҳақий ривоят қилган).
2. Ота-онасига яхшилик қилган одам жаннатда анбиёлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.
Амр ибн Мурра Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, сиз Аллоҳнинг Расулисиз деб гувоҳлик бердим, беш маҳал намозни ўқидим, молимнинг закотни бердим, Рамазон (рўзаси)ни тутдим», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким шу ҳолатда ўлса, қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан мана бундай бирга бўлади. Модомики ота-онасига оқ бўлмаса», деб икки бармоқларини тик тутдилар» (Аҳмад ва Табароний ривоят қилишган).
3. Ота-онасига яхшилик қилган одам ота-онасининг жаннатдаги мартабалари кўтарилишига сабабчи бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ банданинг даражасини кўтаради. Шунда у: «Роббим, бу даража менга қаердан берилди?» дейди. У Зот: «Фарзандингнинг сенга қилган дуоси сабабидан», дейди» (Байҳақий ривоят қилган).
324 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رَغِمَ أَنْفُ، ثُمَّ رَغِمَ أَنْفُ، ثُمَّ رَغِمَ أَنْفُ مَنْ أَدْرَكَ أَبَوَيْهِ عِنْدَ الْكِبَرِ؛ أَحَدَهُمَا أَوْ كِلَيْهِمَا، فَلَمْ يَدْخُلِ الجَنَّةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2551].