328-ҳадис

328. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Сизга ҳижрат ва жиҳодга байъат қиламан», деди. У зот: «Ота-онангдан бирортаси тирикми?» дедилар. «Ҳа, иккиси ҳам», деди. «Аллоҳдан ажр умид қиласанми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Унда ота-онангнинг ҳузурига қайтгин-да, уларга гўзал муомалада бўлгин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Бу ҳадисдаги лафз имом Муслимникидир.

Икковларининг бошқа ривоятларида: «Бир киши келиб жиҳод учун изн сўради. У зот: “Ота онанг тирикми?” Дедилар. У киши: «Ҳа», деган эди. У зот: «Сен жидду жаҳд билан хизматларини адо эт», дедилар.

 

Шарҳ:  Бу ҳадисдан бизга маълум бўладики, бизнинг ҳаёти дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни ҳурмат-иззитини жойига қўйиб, уларга хизмат қилиб дуоларини олишимиз керак экан. Чунки, ота-онанинг хизмати барча эзгу амаллардан, қолаверса, ўзи ўниб ўсган диёридан бошқа жойга мол-дунё ва аҳли-оиласини ташлаб ҳижрат қилишдек, ҳамда мушриклар тамонидан эзилётган мўминларга ёрдам бериш савобидан кўра шарафли амал эканлиги кўриниб турибди.

Саҳобалардан бўлган Молик ибн Робиа ҳикоя қилади:

Кунлардан бир кун биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида эдик, Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва

— “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам вафотларидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган бирон яхшилик борми?” — деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳа”, — деб айтдилар: “Улар учун дуо ва истиғфор айтмоқ, васиятларини ўрнига қўймоқ, дўстларига иззат-икром кўрсатмоқ ва қариндошлар билан қариндошлик ришталарини узмаслик”.  Кишининг, отаси ўлгандан кейин, унинг дўстлари ва севганларига яхшилик қилиш ҳам отасига яхшилик қилиш жумласидандир. Фарзандда онанинг ҳаққи отага нисбатан икки баробар кўпроқ. Онанинг дуоси тезроқ қабул бўлади. Шу гаплардан кейин, одамлар:

— Нечун, эй, Аллоҳнинг Расули? – деб сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:

— Чунки она, отага қараганда фарзандга яқинроқ. Яқин бўлганнинг дуоси олдинроқ қабул бўлади.

Улар учун дуо қилиш: Уларга ҳаётлиги ва вафот бўлганларида ҳам раҳмат тилашингиз энг буюк яхшилик ва энг тўғри ҳақиқат бўлади.

Улар учун истиғфор сўраш: Аллоҳдан уларнинг гуноҳларини афв этишни сўраб истиғфор айтиш.

Васиятларини ўрнига қўймоқ: Шариатга зид бўлмайдиган васиятларини бажариш.

Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, ҳам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш ҳеч қачон уларга қарши чиқ­маслик, хизматларидан бўйин товламасликдир. Баъзилар ота-онага яхшилик фақат ўзига ёқадиган ишларда ва хоҳишига мувофиқ келган ўринларда деб ҳисоблайди. Ҳақиқатда эса, бундай эмас. Яхшилик фақат яхши амалларда, банданинг ҳавойи хоҳишларига хилоф нарсаларда бўлади. Агар уларнинг ҳавойи майлларига тўғри келадиган нарсада бўлганида эди, у яхшилик деб номланмасди. Аллоҳ таоло бандани ота-онага яхшилик қилиш ва улар ҳурматини жойига қўйишга буюради:

“Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй Раббим! Мени (улар)гўдаклик чоғимда тарбия­лаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”

Ота-онага оқ бўлишга уларни йиғлатиш, хафа қилиш, узоқ вақт зиёрат қилмаслик, саломатликлари ва моддий ҳолатларига эътибор бермаслик кабилар киради. Шунингдек, болалар Аллоҳга итоат қилмаслиги ва мункар ишларга берилиши ҳам ота-онани ғамга ботиради. Чунки бу ишлар ота-онага ёмон таъсир қилади. Кўпинча фарзандлар яхши мансабларга ва молу дунёга эга бўлганида шундай оқпадарлик қилади.

Ота-она дунёдан ўтганларидан кейин уларнинг ҳақларига раҳ­мат ва мағфират сўраб дуо қилиш, уларнинг васиятларини ба­жариш, шунингдек, улар номидан садақа қилиш ва уларнинг қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш фазилатли ишлар­дандир. Бир ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­лам­дан: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам бу дунёдан ўтиб кетганларидан ке­йин уларга қандай яхшилик қилишим мумкин?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт амал бор: улар­нинг ҳақларига дуо қилиш ҳамда истиғфор айтиш; аҳдларини ба­жариш; уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онанг яхши­лик қиладиган кишилар билан силаи раҳм, яъни қариндошчи­лик­ни боғлаш. Мана шу ишлар вафотларидан кейин ҳам уларга қи­ла оладиган яхшиликларингдир”, дедилар.

 

328 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَقْبَلَ رَجُلٌ إِلَى نَبِيِّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: أُبَايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ وَالجِهَادِ؛ أَبتَغِي الأَجْرَ مِنَ اللهِ تَعَالَى، قَالَ: «فَهَلْ مِنْ وَالِدَيْكَ أَحَدٌ حَيٌّ؟» قَالَ: نَعَمْ، بَلْ كِلاَهُمَا قَالَ: «فَتَبْتَغِي الأَجْرَ مِنَ اللهِ تَعَالَى؟» قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: «فَارْجِعْ إِلَى وَالِدَيْكَ، فَأَحْسِنْ صُحْبتَهُمَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ مُسْلِمٍ [م 2549/6].

 وَفِي رِوَايَةٍ لَهُمَا: جَاءَ رَجُلٌ فَاسْتَأْذَنَهُ في الجِهَادِ فَقَالَ: «أَحَيٌّ والِدَاكَ»؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: «فَفِيهِمَا فَجَاهِدْ». [خ 3004، م 2549].


Улашиш
|
|
Нусха олиш