329-ҳадис

329. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Силаи раҳм қилувчибу мукофотловчи эмас! Балки қариндошчилик узиб қўйилганда уни боғлаган киши ҳақиқий силаи раҳм қилувчидирдедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: «Мукофотловчи» дегани бу ерда қилганига яраша жавоб қайтарувчи, саломга яраша алик оладиган деганидир, яъни яхшилик қилган қариндошига яхшилигига яраша жавоб қайтариб, борди‑келди қилганлар билангина алоқа қилиб юрган киши силаи раҳм қилувчи одам ҳисобланмайди.

Қариндоши ёмонлик қилса ҳам, силаи раҳм қилаверган одам ҳақиқий силаи раҳм қилувчи бўлади. Бу ерда жуда катта гап бор. Ҳозирги кунда қариндошлик алоқаларининг бузилишига кўпинча ана шу омил, яъни «У қилса, мен ҳам қиламан, у қилмаса, мен ҳам қилмайман» деган тушунча сабаб бўлмоқда.

Лекин ушбу ҳадиси шарифга амал қилинса, «Майли, бошқалар қилмаса қилмасин, лекин бу менинг бурчим, қилавераман», деб силаи раҳм қилаверса, бир-икки марталик ҳаракатдан кейин нариги тараф ҳам «Бу қиляпти, мен ҳам қилмасам, уят бўлади» деб, икки томондан ҳам алоқалар йўлга қўйилиб кетади.

Мусулмонлик бурчини англаб етган кимса бу ишни аввалроқ қилишга уринади. Натижада қариндошлик, дўстлик, биродарлик алоқалари ҳеч қачон узилмайди.

Қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.

Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш иймондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир. Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.

Қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар ака-укалар, амаки, тоғалар, холалар, аммалар ва уларнинг фарзандларидир. Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир.

Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор:

1. Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради.

2. Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган.

3. Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар.

4. Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор.

5. Иблисга ғам етказиш бор.

6. Силаи раҳмда умр узаяди.

7. Ризқда барака бўлади.

8. Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар.

9. Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади;

10. Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.

 

329 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِىءِ، وَلَكِنَّ الوَاصِلَ الَّذِي إِذَا قَطَعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَا». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [5991].

وَ«قَطَعَتْ» بِفَتْحِ القَافِ وَالطَّاءِ، وَ«رَحِمُهُ» مَرْفُوعٌ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш