330. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Аршга илинган ҳолда, «Ким мени боғласа, Аллоҳ уни боғлайди. Ким мени узса, Аллоҳ уни узади», деб туради», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: “Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони билдиради.
Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар ичида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингил каби яқин қариндошлардир.
Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади:
яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).
Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:
“Кесувчи жаннатга кирмайди”.
Суфён раҳимаҳуллоҳ ўз ривоятларида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейдилар (Муттафақун алайҳ).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дучор бўлинади.
Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.
Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир.
Силаи раҳмга амал қила олмасликнинг яна бир сабаби исрофдир. Ака бой, ука камбағал. Ака еб-ичиш, кийиниш, уй-жой, улов ва тўй-маракада ҳашамат ва исрофга йўл қўяди, лекин атрофидаги “жигар”ларини унутади. Уларга етарлича аҳамият бермайди. Аслида одам мўътадил йўл тутса, ҳам ўзига яхши шароит, ҳам силаи раҳмга амал қилиши мумкин. Аллоҳ таоло ҳатто инфоқ-эҳсон қилишда ҳам ўрта йўлни тутишга буюриб шундай дейди:
“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида қуйидаги сўзларни айтганлар:
“Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мақтанчоқлик қилмаган ҳолда” (Имом Бухорий ривоятлари).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар.
Одатдаги ва хурсандчилик кунлари, айниқса ҳайит кунлари ўзаро зиёратлашиш, ҳадялар алмашиш, олисда бўлса, замонавий воситалар ёрдамида ҳол-аҳвол сўраш одамга катта савоб келтиради.
330 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالعَرْشِ تَقُولُ: مَنْ وَصَلَنِي وَصَلَهُ اللهُ، وَمَنْ قَطَعَنِي قَطَعَهُ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5989، م 2555].