331-ҳадис

331. Мўминлар онаси Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«У бир чўрини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамай озод қилиб юборибди. Унинг куни келганда у зотга: «Билдингизми, эй Аллоҳнинг Расули, мен чўримни озод қилдим?» дебди. У зот: «Шундай қилдингми дебдилар. У: «Ҳа», дебди. У зот: «Уни тоғаларингга берганингда эди, ажринг янада улуғ бўларди», дебдилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалардан бири ўз оиласи, яқинлари учун зарур бўлиб турган ҳолида уларга бериш савоблироқ эканлигидир.

Зеро «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри».

Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишилар шахсий мулкини ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишига ҳам йўл қўйилмайди. Энг аввало бу мулкни ҳаром ишларга сарф қилиш тақиқланган. Шунингдек, мол-мулкни беҳуда, ҳаддан ортиқ сарфлашга ҳам исроф номини бериб, инсонларни ундан қайтарган. Мол мулкни исроф қилмасдан, жойига сарфлашда ҳам инсоннинг ўзига, инфоқ қилган кишисига, шу билан бир қаторда жамиятнинг тараққиётига ҳам маълум даражада ҳисса қўшилишини кўришимиз мумкин. Унга ҳақли кишига ва вақтида берилган эҳсон инсонни ҳаётга нисбатан ишончини ортириб, жамиятда маълум мудҳиш воқеаларнинг келиб чиқишини олиши ҳам мумкиндир.

331 - وَعَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ مَيْمُونَةَ بِنْتِ الحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّهَا أَعتَقَتْ وَلِيدَةً وَلَمْ تَسْتَأْذِنِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا كَانَ يَومُهَا الَّذِي يَدُورُ عَلَيْهَا فِيْهِ، قَالَتْ: أَشَعَرْتَ يَا رَسُولَ اللهِ، أَنِّي أَعْتَقْتُ وَلِيدَتِي؟ قَالَ: «أَوَ فَعلْتِ؟» قَالَتْ: نَعَمْ، قَالَ: «أَمَا إِنَّكِ لَوْ أَعْطَيتِهَا أَخْوَالَكِ كَانَ أَعْظَمَ لأَجْرِكِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2592، م 999].


Улашиш
|
|
Нусха олиш