332-ҳадис
332. Асмо бинти Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Ҳузуримга онам келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мушрика эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўраб: «Ҳузуримга онам рағбат қилиб келибди. Онамга силаи раҳм қилаверайми?» дедим. У зот: «Ҳа, онангга силаи раҳм қил», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо бинти Абу Бакр мусулмон бўлиб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетганлар, мушрика оналари Маккада қолган. Мазкур онанинг номи Қойла бинт Абдулуззо бўлган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу аёлни жоҳилият пайтидаёқ талоқ қилганлар. Қойла кейинроқ муслима бўлган. Оиша онамизнинг оналари эса Зайнаб бинт Омир бўлиб, кунялари Умму Рувмон бўлган.

Бир замон ўтиб, ҳалиги мушрика она Қойла бинти Абдулуззо қизимни кўрай деб унинг яхшилигидан умидвор бўлиб келган. Шунда Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо мушрика она билан муслима қиз ўртасида муносабат қандай бўлиши керак деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. Мушрика онамга силаи раҳм қилаверайми, деб сўраганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳа, қилавер деган эканлар. 

Демак, она мушрика бўлса ҳам, фарзанд унга силаи раҳм қилиши, дунёвий ишларда яхшилик қилиб, иқтисодий ёрдам қилиб, яхши гапириб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиши жоиз экан. 

Ибн Уяйна, Аллоҳ «Мумтаҳана» сурасидаги саккизинчи оятни, яъни сизларга динга қарши уруш қилмаган бўлса, кофир бўлса ҳам уларга яхшилик қилсангиз бўлаверади, деган мазмундаги ояти каримани ўшанда нозил қилган деган экан.

Ислом шариати ота-оналар зиммасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони карим, суннати набавия ва ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган. Фарзандлар зиммасида ота-онага бўлган бир қанча бурчлари бор.

Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомала билан ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари лозим.

Албатта, Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда татбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлар, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлар Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган.

Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”— деган. Уфф сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ушбу суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, — деган. Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.

Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир, фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин, юқоридаги ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан.

Аллоҳ таоло китобида ота-онани ҳурмат қилиш, уларга яхшилик қилиш ва шукр қилиш тўғрисида бошқа кўплаб ояти карималар ҳам келган. Шундай экан ота-онани эъзозлаш Аллоҳ таоло тамонидан инсонларга берилган буюруқ ҳисобланади. Ким у буюруққа бўйин эгмаса, Аллоҳга қарши чиққан ҳисобланади. Аллоҳнинг буюруғига итоат этмаслик, катта гуноҳга сабаб бўлади.

 

332 - وَعَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَتْ: قَدِمَتْ عَلَيَّ أُمِّي وَهِيَ مُشْرِكَةٌ فِي عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَاسْتَفْتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؛ قُلْتُ: قَدِمَتْ عَلَيَّ أُمِّى وَهِيَ رَاغِبَةٌ، أَفَأَصِلُ أُمِّي؟ قَالَ: «نَعَمْ صِلِي أُمَّكِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2620، م 1003/50].

وَقَولُهَا: «رَاغِبَةٌ» أَي: طَامِعَةٌ عِنْدِي تَسْأَلُني شَيئاً، قِيلَ: كَانَتْ أُمُّهَا مِنَ النَّسَبِ، وَقِيلَ: مِنَ الرَّضَاعَةِ، وَالصَّحِيحُ الأَوَّلُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш