334. Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Ҳирақл қиссасидаги узун ҳадисда келтирилишича, Ҳирақл Абу Суфёнга: «У сизни нималарга буюради?» деди. Шунда мен: «Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга бирон нарсани шерик қилманглар, оталарингиз айтаётган нарсаларни тарк қилинглар», дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга буюради», дедим.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича эди.
«Абу Суфён хабар қиладики, у Шомда тижорат қилаётган Қурайш карвонида эканида Ҳирақл унга одам юборибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Суфён ва Қурайш кофирлари билан сулҳ тузган пайтлари эди. (Тижоратчилар) унинг олдига келишди. Улар Илиёда эдилар. (Ҳирақл) уларни мажлисига чақирди. Ёнида Рум зодагонлари бор эди. Кейин Ҳирақл уларни чорлаб, таржимонини чақирди-да: «Қай бирингиз ўзини Набий деб даъво қилаётган анави кишига насабда яқинроқсиз?» деди».
Абу Суфён айтди:
«Булар ичида насабда энг яқини менман», дедим».
Ҳирақл: «Уни ёнимга келтиринглар, ҳамроҳларини яқинроқ олиб келиб, унинг орқасида турғазинглар», деди. Сўнг таржимонига: «Уларга айт, мен бундан бояги киши ҳақида сўрайман. Агар мени алдаса, унинг ёлғонини билдиринглар», деди.
Аллоҳга қасамки, мени ёлғон гапирди, деб айтиб юришларидан уялмаганимда, у ҳақда албатта ёлғон гапирган бўлар эдим. Сўнг унинг мендан у зот ҳақида биринчи сўрагани «Ичингизда унинг насаби қандай?» дегани бўлди.
«У ичимизда соҳиби насабдир», дедим.
«Сизлардан бирон киши ундан олдин бу гапни ҳеч айтганми?» деди.
«Йўқ», дедим.
«Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми?» деди.
«Йўқ», дедим.
«Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?» деди.
«Ночорлари», дедим.
«Улар кўпайяптими, камайяптими?» деди.
«Кўпайяпти», дедим.
«Уларнинг бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб қайтиб кетяптими?» деди.
«Йўқ», дедим.
«Гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деди.
«Йўқ», дедим.
«Хиёнат қиладими?» деди.
«Йўқ, биз у билан сулҳ муддатидамиз. Бунда нима қилишини билмаймиз», дедим. Бунга шундан бошқа бирор сўз қўшиш имконим бўлмади.
«Унга қарши жанг қилдингизми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Унга қарши жангларингиз қандай бўлди?» деди.
«У билан орамиздаги уруш «сижол»дир*. Гоҳ у бизни енгади, гоҳ биз уни енгамиз», дедим.
«У сизни нималарга буюради?» деди.
«Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга бирон нарсани шерик қилманглар, оталарингиз айтаётган нарсаларни тарк қилинглар», дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга буюради», дедим.
Шунда у таржимонга деди: «Унга айт: «Сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим, унинг ичингизда соҳиби насаб эканини айтдинг. Расуллар ҳам ана шундай ўз қавмининг насаблиларидан юбориладилар. «Сизлардан бирон киши шу сўзни айтганмиди?» деб сендан сўраганимда, «Йўқ», дединг. Агар бу сўзни ундан аввал бирортаси айтган бўлса, бу киши ўзидан аввал айтилган гапдан ўрнак оляпти, дер эдим. Сендан «Унинг ота-боболаридан подшоҳ бўлганми?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Агар ота-боболари орасида подшоҳ бўлганида, отасининг подшоҳлигини талаб қилаётган киши экан, дер эдим. «Ўша гапларини айтишидан олдин уни ёлғонда айблар эдингизми?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Биламанки, у одамлар хусусида ёлғон гапирмагач, Аллоҳнинг шаънида ҳам ёлғон гапирмайди. Сендан «Унга одамларнинг обрўлилари эргашяптими ёки ночорларими?» деб сўраганимда, «Ночорлари эргашишяпти», дединг. Ана ўшалар расулларнинг эргашувчиларидир. Сендан «Улар кўпайяптими, камайяптими?» деб сўраганимда, «Кўпайяпти», дединг. Иймон иши шу тариқа камолга етади. Сендан «Уларнинг бирортаси унинг динига кирганидан кейин норози бўлиб қайтиб кетяптими?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Иймон ҳаловати қалбларга йўғрилганда ана шундай бўлади. Сендан «У хиёнат қиладими?» деб сўраганимда, «Йўқ», дединг. Расуллар шундай, хиёнат қилишмайди. Сендан «У сизларни нималарга буюради?» деб сўраганимда, у сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, Унга бирон нарсани шерик қилмасликка буюриб, бут-санамларга ибодат қилишдан қайтараётганини, намозга, ростгўйликка, иффатга буюришини айтдинг.
Агар айтаётганларинг ҳақ бўлса, демак, у тезда мана шу оёқларим турган жойни ҳам эгаллайди. Унинг чиқишини аниқ билар эдим, лекин уни сизлардан деб ўйламаган эканман. Агар унга ета олганимда, у билан учрашиш учун барча машаққатларни зиммамга олардим. Унинг ҳузурида бўлсам, оёғини ювган бўлардим».
Сўнг у Диҳя Бусро ҳукмдорига юборган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини келтиришни сўради. (У) уни Ҳирақлга топширди. У мактубни ўқиди, унда шундай дейилган эди:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан Рум ҳукмдори Ҳирақлга. Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Аммо баъд:
Мен сени Ислом даъватига чақираман. Мусулмон бўл, омон қоласан ва Аллоҳ ажрингни икки ҳисса қилиб беради. Агар юз ўгирсанг, арийсийларнинг* гуноҳи ҳам сенинг бўйнингдадир.
«Айт: «Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамиздаги баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Робб қилиб олмайлик». Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар»[1]
Абу Суфён айтди: «У айтадиганини айтиб, мактубни ўқиб бўлгач, унинг ҳузурида шовқин кўпайиб, овозлар кўтарилиб кетди ва биз чиқариб юборилдик. Чиқарилганимизда ҳамроҳларимга: «Ибн Абу Кабшанинг иши авж олди-ку, ундан ҳатто Бану Асфарнинг подшоси ҳам қўрқяпти», дедим. Унинг устун келишига ишончим комил бўлиб бораверди, охири Аллоҳ Исломни қалбимга жо қилди».
Илиё ҳокими Ибн Нозур Ҳирақлнинг одами, Шом насронийларининг усқуфи (епископи) эди. У айтади: «Ҳирақл Илиёга келган кезлари бир куни кайфияти бузилиб тонг оттирди. Унинг баъзи батриқлари (патриархлари) «Кўринишингиз бошқача-я!» дейишди».
Ибн Нозур айтади: «Ҳирақл юлдузларга қараб хабар айтадиган коҳин эди».
Ундан сўрашганида, у: «Бу кеча юлдузларга қараганимда хатна қилинадиганлар подшоҳининг пайдо бўлганини кўрдим. Бу умматдан ким хатна қилдиради?» деди.
Улар: «Яҳудийлардан бошқа ҳеч ким хатна қилдирмайди. Уларнинг иши сени зинҳор ташвишга солмасин. Қўл остингдаги шаҳарларга мактуб ёз, ўзларидаги барча яҳудийларни қатл қилишсин», дейишди.
Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида хабар бериш учун Ғассон шоҳи Ҳирақлга юборган киши келтирилди. Ҳирақл у ҳақда сўраб-суриштиргач: «Боринглар, кўринглар‑чи, у хатна қилинганми, йўқми», деди. Уни кўриб чиқиб, хатна қилинганини унга (Ҳирақлга) айтишди. Ҳирақл ундан араблар ҳақида сўраган эди, «Улар хатна қилдиришади», деди. Шунда Ҳирақл: «Ўша бу умматнинг подшоҳидир, ҳақиқатан зоҳир бўлибди», деди.
Сўнг Ҳирақл Румиядаги илмда ўзига тенг дўстига мактуб ёзди. Ҳирақлнинг ўзи Ҳимс томон йўлга чиқди. Ҳимсга етиб бормай, дўстидан Ҳирақлнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқишлари ва у зотнинг ҳақиқатда Набий эканлари ҳақидаги фикрига мувофиқ мактуб келди. Кейин Ҳирақл Рум зодагонларига Ҳимсдаги ўз қароргоҳида (тўпланишга) кўрсатма берди. Сўнгра буюрди, эшиклар қулфланди. Кейин чиқиб: «Эй Рум аҳли! Нажот ва тўғри йўл топишни, мулкингиз барқарор бўлишини истайсизми? Унда шу Набийга байъат қиласиз», деди. Шунда улар ёввойи эшаклардек ўзларини эшикларга уришди. Баногоҳ, эшиклар қулфлаб қўйилганини кўришди. Ҳирақл уларнинг важоҳатини кўриб, иймон келтиришларидан умид узгач: «Уларни ҳузуримга қайтаринглар», деди. (Сўнгра уларга) «Мен ҳозирги сўзларимни динингизда қанчалар мустаҳкам эканингизни синаш учун айтдим. Мана, кўрдим», деди. Шунда улар унга сажда қилишди ва ундан рози бўлишди. Ҳирақлнинг охирги аҳволи мана шу бўлди».
* Сижол – аслида қудуқдан бир хил суратда навбатма-навбат сув олишга айтилади. Душман билан жангда гоҳ ютиб, гоҳ ютказиш шунга ўхшатилган.
* Ушбу мактубдаги «арисийюн» сўзи бошқа мактубларда йўқ. Бу сўз ҳақида тарихчи ва тилшунос олимлар кўп баҳс юритишган. Аллома Абулҳасан Надавий ҳазратлари бу сўз масиҳийларнинг ақийдасида тавҳид масаласини олдинга сурган Ариюс исмли машҳур дин пешвосининг номи ила аталган мазҳаб деб таъкидлаганлар. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ пайғамбар бўлганлари учун мактубларида ҳеч ким билмаган бу мазҳабни ёзган эканлар.
334 - وَعَنْ أَبِي سُفْيَانَ صَخْرِ بْنِ حَرْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فِي حَدِيثِهِ الطَّوِيلِ فِي قِصَّةِ هِرَقْلَ: أَنَّ هِرَقْلَ قَالَ لأَبِي سُفْيَانَ: فَمَاذَا يَأْمُرُكُمْ بِهِ؟ يَعْني النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قُلْتُ: يَقُولُ: «اعْبُدُوا اللهَ وَحْدَهُ، وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً، وَاتْرُكُوا مَا يَقُولُ آبَاؤُكُمْ، وَيَأْمُرُنَا بِالصَّلَاةِ، وَالصِّدْقِ، وَالعَفَافِ، وَالصِّلَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 7، م 1773].