338-ҳадис

338. Абу Аюб Холид ибн Зайд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши: «Эй Аллоҳнинг расули! Менга бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киритсин», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирор нарсани шерик қилмайсан, намозни адо этасан, закотни (ҳақдорларга) берасан ҳамда силаи-раҳм қиласан», деб айтдилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бошқа ривоятдаги ҳадиснинг аввалида қуйидаги сўзлар ҳам келган.

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб:

«Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди.

«Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан», дедилар».

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда уловларига миниб борар эдилар. Бир киши йўлни тўсиб чиқиб, у зотнинг уловлари жиловидан ушлаб, тўхтатди ва юқоридаги саволни берди.

Бу ғалати иш эди. Одатда кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бундай муомала қилишмас эди. Агар саволлари бўлса, бошқача вазиятда беришарди. Аммо бу одам ғайриоддий тасарруф қилди.

Бошқа бир ривоятда айтилишича: «Шунда у ердаги қавм: «Унга нима бўлди? Унга нима бўлди?» дейишди».

Унга нима бўлди? Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқади?

Унга нима бўлди? Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловлари жиловидан тутади?

Унга нима бўлди? Нима учун бундай катта саволни сўрайди?

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг қилмишидан ҳам, саволидан ҳам ажабланмадилар. Ўзларини камтарона тутдилар ва сўровчининг саволига бирдан жавоб бердилар.

«Аллоҳга ибодат қиласан».

«Ибодат», умуман олганда, ғойибдаги нафни талаб қилиш учун амалга оширилган ҳар бир ишдир. Бунда наф охират учун бўладими ёки дунё учун бўладими, барибир. Шунингдек, иккиси учун баробар бўлиши ҳам мумкин.

Агар амал Аллоҳнинг амри асосида бўлса, гарчи сиртдан бошқанинг ҳурмати бўлиб кўринса ҳам, у Аллоҳга ибодат деб аталади. Ҳадисда мана шу ҳақда гап кетяпти. Мисол учун, ота-онанинг ҳурмати сиртдан уларни улуғлаш бўлиб кўринса ҳам, Аллоҳнинг амрига биноан бўлаётгани учун, У Зотга ибодат ҳисобланади. Каъбаи Муъаззамани тавоф қилиш уни ҳурматлаш бўлиб кўринса ҳам, Аллоҳнинг амрига биноан бўлаётгани учун, У Зотга ибодат ҳисобланади.

Шу сабабдан ҳар бир ишни қилганда ниятнинг ва уни амалга оширишнинг тўғри бўлишига, ибодат даражасига кўтарилишига уриниш керак. Акс ҳолда бу амалга ширк аралашиб қолиши хавфи ҳам бор.

«Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан».

Ширк ақийдада ҳам, амалда ҳам бўлиши мумкин. Бу икки турдаги ширкдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

«Намозни адо қиласан».

Яъни тўла-тўкис адо этасан. Уни адо этишда ҳеч қандай нуқсон ва дангасаликка йўл қўймайсан.

«Закотни берасан».

Бермай қўймайсан. Бу молиявий ибодат бўлиб, Исломнинг беш рукнидан биридир.

«Силаи раҳм қиласан».

Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш – қариндошлик алоқаларини яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Ислом рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда.

Бу амал кишини жаннатга киритадиган ва дўзахдан қутқарадиган амаллар рўйхатига қўшилмоқда. Силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини шундан ҳам тушуниб олсак бўлаверади.

338 - وَعَنْ أَبِي أَيُّوبَ خَالِدِ بْنِ زَيْدٍ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَخْبِرْني بِعَمَلٍ يُدْخِلُنِي الجنَّةَ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «تَعْبُدُ اللهَ، وَلَا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئاً، وَتُقِيمُ الصَّلَاةَ، وَتُؤتِي الزَّكَاةَ، وَتَصِلُ الرَّحِمَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5983، م 13].


Улашиш
|
|
Нусха олиш