34. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавло (озод қилган қуллари) Зайд ибн Ҳорисанинг ўғли Абу Зайд Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли кишилари ҳамда севимли кишиларининг ўғли эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари оталари ҳузурларига (бир одамни) юбориб: «Ўғлим ўлим тўшагида ётибди. Бизнинг олдимизга келинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларига салом йўллаб, «Албатта олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Ҳар бир нарсанинг Унинг ҳузурида белгиланган вақти бордир. Сабр қилсин ва савоб умид қилсин», дедилар. Қизлари яна одам жўнатиб, («Келмасангиз бўлмайди», деб) қасам ичиб, одам юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва яна бир қанча кишилар бор эди. Ҳалиги гўдак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатилди. У зот гўдакни қучоқларига олганларида, унинг жони пўк‑пўк қиларди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш қуйилди. Шунда Саъд: «Бу нима, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. У зот: «Бу – Аллоҳ Ўзи ҳоҳлаган бандаларининг қалбига солган раҳматдир. Аллоҳ раҳмли бандаларигагина раҳм қилади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Бошқа ривоятда: «Бандаларидан хоҳлаган кишисининг қалбида буни пайдо қилади. Албатта, Аллоҳ раҳмли бандаларига раҳм қилади», деб айтилган.
Шарҳ: Ўғли жон бераётганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига одам юборган қизлари қайси қизлари экани ҳақида турли маълумотлар бор. Бироқ Зайнаб розияллоҳу анҳонинг Абул Осс розияллоҳу анҳудан бўлган Али исмли ўғиллари жон берар ҳолига келиб қолганида оталари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига одам юборганлари ҳақидаги воқеа машҳурроқ.
Ушбу ҳадиси шарифда таъзияга оид бир қанча ишлар бор. Шунинг учун яхшиси ҳадисдан олинадиган фойдаларга ўтсак:
1. Фарзанд ким бўлишидан қатъи назар ота-онага суяниши. Бу Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳолига ўхшаш қийин ҳолларда дарҳол билинади.
2. Оғир пайтларда ота-оналар босиқ бўлиб болаларига насиҳат қилишлари кераклиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир» дейишлари болани берадиган ҳам Аллоҳ, оладиган ҳам Аллоҳ, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси ила бўлади, деганларидир. Худди шунга ўхшаш ибора бизда ҳам таъзияларда айтилади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гапларининг эркин таржимасидан бошқа нарса эмас.
3. Оғир ҳолга тушган кишиларни сабрга, бу ҳолатидан савоб олишга чақиришлари кераклиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сабр қилсин ва талаби савоб қилсин», деганлари шуни кўрсатади. Ота-оналар, ҳатто оилали, фарзандли болаларини ҳам оғир пайтларида сабрга, мусибатида талаби савоб қилишга чақириб туришлари кераклиги тушунилади.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳога юборган одамларидан салом айтиб юборишлари ҳам юксак исломий одоб намунасидир.
5. Оғир ҳолатга тушиб қолган кишининг олдида яқин одамлари бориб туриши кераклиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир неча катта саҳобаларнинг Зайнаб розияллоҳу анҳонинг уйларига боришлари шуни кўрсатади.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жон таслим қилаётган набираларини кўриб, қўлларига олиб кўзларидан ёш тўкилиши у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонга, болага, набирага меҳрлари қанчалик эканини яққол кўрсатади.
7. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдаги йиғи ҳолини кўриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу нима?» деб сўрашлари улуғ кишилардан баъзи кутилмаган нарса содир бўлса, сўраб билиб олиш кераклигини кўрсатади.
8. Аллоҳнинг иродасига рози бўлган ҳолда бировга ачиниб кўздан тўкилган ёш раҳмат ёши бўлар экан. Бунга ўхшаш ёшни Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларига берар экан. Доимо раҳмдил бўлишга уриниш керак экан. Чунки ҳадиси шарифда айтилганидек, «Аллоҳ фақат раҳмдил бандаларгагина раҳм қиладир».
34 - وَعَنْ أَبِي زَيْدٍ أُسَامَةَ بْنِ زَيدٍ بنِ حَارثَةَ مَوْلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَحِبِّهِ وابْنِ حِبِّهِ رَضِـيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: أَرْسَلَتْ بِنْتُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: إنَّ ابْنِي قَدِ احْتُضِرَ فَاشْهَدْنَا، فأَرسَلَ يُقْرِئُ السَّلاَمَ وَيَقُولُ: «إنَّ للهِ مَا أَخَذَ، وَلَهُ مَا أَعْطَى، وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بأَجَلٍ مُسَمَّى، فَلْتَصْبِرْ وَلْتَحْتَسِبْ» فَأَرْسَلَتْ إِلَيْهِ تُقْسِمُ عَلَيْهِ لَيَأْتِيَنَّهَا، فَقَامَ وَمَعَهُ سَعْدُ بْنُ عُبادَةَ، وَمُعَاذُ ابْنُ جَبَلٍ، وَأُبَيُّ بْنُ كَعْبٍ، وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ، وَرِجَالٌ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ أَجْمَعِينَ، فَرُفِعَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الصَّبيُّ، فَأَقْعَدَهُ فِي حِجْرِهِ ونَفْسُهُ تَقَعْقَعُ، فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ، فَقَالَ سَعْدٌ: يَا رسُولَ اللهِ مَا هَذَا؟ فَقَالَ: «هَذِهِ رَحْمَةٌ جَعَلَهَا اللهُ تَعَالَى فِي قُلُوبِ عِبَادِهِ - وَفِي رِوَايَةٍ: فِي قُلُوبِ مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ - وَإِنَّمَا يَرْحَمُ اللهُ مِنْ عِبَادِهِ الرُّحَمَاءَ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1284، م 923].
وَمَعْنَى «تَقَعْقَعُ»: تَتَحَرَّكُ وَتَضْطَرِبُ.