340. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Менинг қўл остимда (яъни, никоҳимда) бир хотин бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Отам Умар эса уни ёмон кўрардилар. Ва менга: «Хотинингнинг талоғини бер», дедилар. Мен эса кўнмадим. Кейин отам Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу ҳақда зикр қилдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Хотинингнинг талоғини бергин», деб айтдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис дедилар.
Шарҳ: Уламо аҳли бу амр фақат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга хос. Бошқаларга жорий бўлмайди, дейдилар. Чунки Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша аёлни Аллоҳ учун ёқтирмаган эдилар. У киши уни ушлаб туриш шариатга тўғри келмаслигини яхши билар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақиқатларни билганларидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ўз хотинини талоқ қилишга амр қилганлар.
Бошқа ҳолатларда бировнинг амрига биноан хотинни талоқ қилиш йўқ.
«Бир киши имом Аҳмаддан: «Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда?»– деб сўради. «Уни талоқ қилма!» – дедилар. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишга амр қилган эмасми?» – деди у. «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда, сен ҳам қиласан», – дедилар Аҳмад ибн Ҳанбал. Яъни, «Отанг Умарга ўхшаб, ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур», дейилмоқда. («Мавсуъа Фиқҳийя». 8-жуз, 71–72-бетлар)
Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо, дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг – агар ўша биров ота-она бўлса ҳам – хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар. Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-одобуш-шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан, қуйидагилар айтилади:
Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпчилиги зикр қилган».
Шайх Тақиюддин онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», – деган.
Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади: «У бир кишининг Атодан савол сўраганини эшитди: у кишининг онаси ва хотини бўлиб, онаси хотинини талоқ қилишидан бошқа ишга рози эмас экан. Шунда у: «Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», – деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» – деди. «Йўқ», – деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», – деди. «Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ, тутиб қолса ҳам танглик йўқ», – деди». Ҳусайн Марвазий ривоят қилган. Демак, бу ердаги гаплар ҳам ушбу бобнинг мазмунидан келиб чиқади. Ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Роҳманнинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам, унга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилди.
Ҳумайддан ривоят қилинади: «Ҳасанга: «Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга амр этди?» – дейилди. Шунда Ҳасан: «Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас»,– деди». Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳига: «Бир одамнинг онаси: «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилган экан. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.
Худди шу маънодаги гап қизини мажбурлаб, ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади. Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари лозим.
340 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَتْ تَحْتي امْرَأَةٌ، وَكُنْتُ أُحِبُّهَا، وَكَانَ عُمَرُ يَكْرَهُهَا، فَقَالَ لِي: طَلِّقْهَا فَأَبَيْتُ، فَأَتَى عَمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَذَكَرَ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «طَلِّقْهَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [د 5138، ت 1189].