341-ҳадис

341. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши келиб: «Менинг (никоҳимда) бир хотиним бор. Волидам уни талоқ қилишимни буюрмоқда, (нима қилай?)» деб сўради. Мен: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ота (она) жаннат эшикларининг марказидир. Агар хоҳласанг, бу эшикни зое қил, ёки муҳофаза эт», деб айтганларини эшитганман», деб айтдим».

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Ота-онага яхшилик қилиш жаннатга кириш сабабчисидир. Ота-онани рози қилиш хотинни рози қилишдан муқаддам туради. Ким бир нарсани яхши кўрсаю, ота-онаси ёки улардан бири ўша нарсани тарк этишни талаб қилиб, фарзандидан хафа бўлса, фарзанд илм аҳли ва ҳаким зотлар билан маслаҳат қилиши даркор.

Бизда «Ота рози – Худо рози» деган гап бор. Роббнинг розилиги волид – ота‑онанинг розилигидадир. Робб, яъни Аллоҳ таолонинг норозилиги – ота‑онанинг норозилигидадир.

Демак, ким Аллоҳ таолони рози этаман, деган бўлса, ота‑онани рози қилишга, ким Аллоҳ таоло мендан норози бўлмасин, деса, ота‑онасини норози қилмасликка тиришмоғи, ҳаракат қилмоғи керак экан.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Бир мўмин‑мусмон инсоннинг мусулмон ота‑онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади.

Агар фарзанд ота‑онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди», – деди.

«Ота‑она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?» – дейилди.

«Зулм қилган бўлсалар ҳам», – деди».

(Бухорий «Адаб»да ривоят қилган).

Бу ривоятда ҳам ота‑онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.

Ота‑онасига савоб умидида яхшилик қилиб, тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.

Ота‑онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб, тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.

Фарзанд зинҳор ота‑онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки:

«Агар фарзанд ота‑онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди».

Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота‑онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ҳаттоки, ота‑она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги керак.

Ота‑она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота‑онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота‑онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота‑онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота‑онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», – дедилар.

Шунда бир киши: «Агар ота‑оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?» – деб сўради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлсалар ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак», – деб жавоб бердилар.

Аммо, ота‑онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота‑онага итоат қилинади. Бироқ, ота‑онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.

 Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни хурсанд қилишнинг чораларини кўриш.

Бу иш ота‑онага уларни хурсанд қиладиган совғалар тақдим қилиш ва шунга ўхшаш кўпгина нарсалар билан бўлиши мумкин. Фарзанд бу ишларни ота‑онасининг хурсандчилиги учун қилиб туриши зарур. Жумладан, бундай ишларга қуйидагилар киради:

– Ота‑онанинг молу мулкларини ва керакли нарсаларини муҳофаза қилиш.

– Ота‑онанинг рухсатисиз бирор нарса олмаслик.

– Ота‑онага роҳатбахш нарсаларни ҳозир қилиш.

– Ота‑она ухлаётганларида уларни безовта қилмаслик.

– Ота‑онанинг хоналарига уларнинг изнисиз кирмаслик.

– Ота‑онадан олдин таомга қўл узатмаслик.

– Яхши нарсаларни ўзидан олдин ота‑онага тақдим қилиш.

– Ота‑онанинг олдиларида ёнбошламаслик.

– Ота‑онанинг олдиларида оёғини узатмаслик.

– Ота‑онадан юқорига ўтирмаслик.

– Ота‑онадан барча ишларда маслаҳат сўраш.

– Ота‑онанинг фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш.

– Ота‑онанинг насиҳатларини жону дил ила қабул қилиш.

– Ота‑она ҳақларига дуода бўлиш ва ҳоказолар.

Чунки ҳар бир фарзанд учун ота‑онани рози қилиш ўта муҳим нарса ҳисобланади.

341 - وَعَنْ أَبِي الدَّرْادَءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا أَتَاهُ فَقَالَ: إِنَّ لِي امْرَأَةً، وَإِنَّ أُمِّي تَأْمُرُني بِطَلاَقِهَا؟ فَقَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «الْوَالِدُ أَوْسَطُ أَبْوَابِ الجَنَّةِ، فَإِنْ شِئْتَ فَأَضِعْ ذَلِكَ الْبَابَ، أَوِ احْفَظْهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ صَحِيحٌ. [1900].


Улашиш
|
|
Нусха олиш