342-ҳадис
342. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Хола она ўрнидадир», деб айтдилар.

Имом Термизий ривояти. Имом Термизий уни саҳиҳ ҳадис деганлар.

Бу бобга тегишли машҳур саҳиҳ ҳадислар жуда кўп. Улардан: Ғор соҳиблари ҳадиси ва юқорида ўтган Журайж ҳадисларидир. Лекин қисқароқ бўлиши учун келтириб ўтирмадик. Булардан энг муҳими кейинги 343-рақамли ҳадисдир.

 

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зулқаъдада умра (қилишга ният) қилдилар. Маккаликлар у зотнинг Маккага киришларига кўнишмади. Ниҳоят, у ерда уч кун туришларига келишишди. Шартномани ёзганларида «Бу – Аллоҳнинг Расули Муҳаммад келишган нарсадир», деб ёзишди. Шунда улар: «Биз буни тан олмаймиз, агар биз сени Аллоҳнинг Расули деб билганимизда, сени тўсмаган бўлардик. Балки сен Муҳаммад ибн Абдуллоҳсан», дейишди. У зот: «Мен Аллоҳнинг Расулиман ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳман», дедилар. Кейин Алийга: «Аллоҳнинг Расули»ни ўчир», дедилар. У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен сизни ҳеч қачон ўчирмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шартномани олиб, «Бу – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ келишган нарсадир. Маккага бирорта ҳам қурол кирмайди, қинида бўлса, мустасно. Унинг (Макканинг) аҳлидан ўзига эргашишни истаган бирор кишини ҳам олиб чиқмайди. Шунингдек, ўз асҳобларидан у ерда туришни истаган ҳеч бир кишини ман қилмайди», деб ёздирдилар.

У зот у ерга кириб, белгиланган муддат ўтгач, (мушриклар) Алийга келиб: «Соҳибингга айт, еримиздан чиқиб кетсин, белгиланган муддат тугади», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетар эканлар, Ҳамзанинг қизи «Амакижон! Амакижон!» деб, уларга эргашди. Алий уни олиб, қўлидан ушлади ва Фотима алайҳассаломга: «Амакингнинг қизини ушла», деди. (Фотима) уни кўтариб олди. Кейин Алий, Зайд ва Жаъфар унинг (қизнинг) устида тортишиб қолишди. Алий: «Унга мен ҳақлиман, у амакимнинг қизи», деди. Жаъфар эса: «У амакимнинг қизи, холаси менинг хасмим», деди. Зайд: «У акамнинг қизи», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни холасига беришга ҳукм қилдилар ва: «Хола онанинг ўрнидадир», дедилар. Алийга: «Сен мендансан, мен сенданман», дедилар. Жаъфарга: «Сен менга хилқатда ҳам, хулқда ҳам ўхшайсан», дедилар. Зайдга эса: «Сен бизнинг биродаримиз ва мавломизсан», дедилар».

 

342 - وَعَنِ البَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الخَالَةُ بِمَنْزِلَةِ الأُمِّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ: وَقَالَ حَدِيثٌ صَحِيحٌ. [1904].

وَفِي البَابِ أَحَادِيثُ كَثِيرَةٌ فِي الصَّحِيحِ مَشْهُورَةٌ؛ مِنْهَا حَدِيثُ أَصْحَابِ الغَارِ، وَحَدِيثُ جُرَيْجٍ، وَقَدْ سَبَقَا [برقم 17، 266]، وَأَحَادِيثُ مَشْهُورَةٌ فِي الصَّحِيحِ حَذَفْتُهَا اخْتِصَاراً، وَمِنْ أَهَمِّهَا:


Улашиш
|
|
Нусха олиш