350. Абу Усайд Молик ибн Рабийъа ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, Бану Салималик бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?» деди. У зот шундай дедилар: «Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш».
Абу Довуд ривояти.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Мазкур давом этилиши лозим ишлар қуйидагилардан иборат:
1. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш.
Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчларидан бири унинг ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин дуо қилиб туришидир. Чунки бола ота-онасига дуо қилса, уларнинг савобига савоб қўшилиб туришига сабаб бўлади.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадисларини келтирганлар:
«Агар банда вафот этса, унинг савоб келтирадиган барча амаллари кесилади, лекин садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», деганлар.
Имом Бухорий «Ал-Адаб ал-Муфрад» китобида келтирадилар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Маййитнинг ўлганидан кейин даражаси кўтарилади. Бас, у:
«Эй Роббим! Бу нима?» дейди.
«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».
Албатта, инсон ўлгандан кейин унинг ўзи амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмай кутиб туришдан бошқа нарсага ярамаган ҳолда бўлади. Аммо бир кишининг ўлганидан кейин даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб ўлимидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. Бас, у:
«Эй Роббим! Бу нима?» дейди.
Унинг ажабланиш ила берган саволига жавобан:
«Боланг сенга истиғфор айтди», дейилади».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан боланинг истиғфори - мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота-онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.
Шунинг учун ота-онасига уларнинг ўлимидан кейин яхшилик қилмоқчи, уларнинг ортидан савоб етказмоқчи ва охиратдаги мақоми яхшиланиб даражаси юқорилашини истаган фарзанд уларга мағфират сўраб дуода бўлиши лозим.
2. Уларга истиғфор айтиш.
Яъни, фарзанд вафот этиб кетган ота-оналари учун Аллоҳ таолога истиғфор айтиб туриши керак. Бу унинг вафот этган ота-онаси олдидаги бурчидир.
3. Улардан кейин аҳдларига вафо қилиш.
Яъни, ота-онанинг васиятларини амалга ошириш. Бу ҳам фарзанднинг вафот этиб кетган ота-она олдидаги бурчидир.
4. Улар воситаси ила қилинадиган сила раҳмни қилиш.
Ота-онанинг воситаси ила қилинадиган силаи раҳмларга амаки-тоға ва амма-холаларга қилинадиган яхшиликлар киради.
5. Уларнинг дўстларини икром қилиш.
Бу иш ҳам фарзанднинг вафот этиб кетган ота-она олдидаги бурчларидан ҳисобланади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади-ки:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши савол қилиб: «Ё Расулуллоҳ! Ота-онамга вафотларидан кейин ҳам мен қила оладиган эзгу амаллар қолдими?» деди.
«Ҳа, тўрт хислат бор: уларнинг ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечмакни Аллоҳ таолодан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттиришдир», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан келган бу ҳадисда айтилади:
«Бир киши Расулуллоҳга:
«Ё Расулуллоҳ! Онам вафот этди, лекин васият қилмади. Мен унинг номидан садақа берсам фойдаси тегадими?» деди.
«Ҳа», дедилар у зот».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифларида равшанроқ қилиб:
«Отангнинг дўстлигини риоя қил, Аллоҳ таоло сенинг нурингни ўчирмайди», деганлар.
Яъни, бу отанг билан дўстлашган одамлардан алоқангни узма, деган сўз.
350 - وَعَنْ أَبِي أُسَيْدٍ - بِضَمِّ الْهَمْزَةِ وَفَتْحِ السِّينِ - مَالِكِ بْنِ رَبِيعَةَ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَيْنَا نَحْنُ جُلُوسٌ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؛ إِذْ جَاءَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ هَلْ بَقِيَ مِنْ بِرِّ أَبَوَيَّ شَىءٌ أَبَرُّهُمَا بِهِ بَعْدَ مَوْتِهِمَا؟ فَقَالَ: «نَعَمْ، الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالإسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عَهْدِهِمَا، وَصِلَةُ الرَّحِمِ الَّتِي لَا تُوصَلُ إِلَّا بِهِمَا، وَإِكْرَامُ صَدِيقِهِمَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. [5142].