«Мен, Ҳусойн ибн Сабра ва Умар ибн Муслим Зайд ибн Арқамникига бордик. Унинг олдида ўтирган эдик, Ҳусойн: «Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликларни кўргансан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргансан, ҳадисларини эшитгансан, у зот билан ғазот қилгансан, ортларида намоз ўқигансан. Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликларни кўрган экансан. Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларингдан гапириб бер», деди. Зайд шундай деди: «Эй биродарим, мен қариб қолдим, у ишларга анча бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаган баъзи нарсаларимни унутдим. Мен сизларга нимани айтиб берсам, ўшани қабул қилинглар, айтмаганимни эса сўраманглар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги Хумм деган булоқ ёнида орамизда туриб хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг ваъз қилдилар, эслатма қилдилар. Сўнгра шундай дедилар: «Аммо баъд. Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам бир инсонман. Яқинда Роббимнинг элчиси келиб, унга ижобат қиламан. Сизларга икки муҳим нарсани қолдириб кетяпман. Биринчиси Аллоҳнинг Китоби бўлиб, унда ҳидоят ва нур бордир. Аллоҳнинг Китобини олиб, уни маҳкам тутинглар». У зот шундай деб, Аллоҳнинг Китобига чақириб, унга тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни ҳам (қолдириб кетяпман). Аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман. Аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман», дедилар».
«Аҳли байтлари ким, эй Зайд? Аёллари аҳли байтларидан эмасми?» деди Ҳусойн. «Аёллари ҳам аҳли байтлари. Лекин ҳақиқий аҳли байтлари у зотдан кейин садақа ҳаром бўлганлардир», деди у. «Улар кимлар, эй Зайд?» деди у. «Улар – Оли Алий, Оли Ақийл, Оли Жаъфар ва Оли Аббос», деди у. «Уларнинг ҳаммасига садақа ҳаром қилинганми?» деди Ҳусойн. «Ҳа», деди у».
Имом Муслим ривояти.
Бошқа ривоятда: «Билингки, мен сизларга икки муҳим нарсани қолдириб кетяпман. Бири Аллоҳ азза ва жалланинг китоби. У Аллоҳнинг арқонидир. Ким унга эргашса, ҳидоятда бўлади. Ким уни тарк қилса, залолатда бўлади», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Ислом уммати учун динимиз таълимотларини, уларга амал қилишни жорий қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари доимий равишда ўрнак бўлиб келишлари башорати берилмоқда.
Қуйидаги ҳадис ҳам шу маънода келган.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен сизнинг ичингизда, агар маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмайдиган нарсани қолдириб кетувчиман. Уларнинг бири иккинчисидан улуғдир. Аллоҳнинг Китоби осмондан ерга тортилган бир арқондир. Ва итратим, аҳли байтим, икковлари ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар. У икковларида менга қандоқ ўринбосар бўлишингизга бир назар солинглар!» дедилар».
(Термизий ва Муслим ривоят қилишган.)
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим ёнига ўз итратларини қўшмоқдалар. «Итрат» дегани (насл) яқин қариндошлик, деганидир. Итратни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, Аҳли байт, деб ҳам баён қилиб қўймоқдалар. Ҳозирча Аҳли сунна ва жамоа наздида Оли байт – Ҳазрати Али ва Фотимадан тарқалган насллар, Оли Аббос, Оли Жаъфар ва Оли Ақийллар эканини билиб турсак, бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ҳар бир мусулмон Қуръони Карим билан қўшиб, ўзларининг Оли байтларини ҳам маҳкам ушлаб, уларнинг айтган насиҳат ва кўрсатмаларига амал қилиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Чунки Оли байт доимо мусулмонларни Қуръон ва Суннатга амал қилишга чақирганлар. Ўзлари бу ишда бошқаларга ибрат бўладилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда:
«Икковлари ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар», дедилар.
Ҳовуздан мурод, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёматдаги ҳовузлари. Демак, қиёматгача Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аҳли байтлари Қуръони Каримдан ажрамаслар, Қуръони Карим улардан ажрамас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг охирида:
«У икковларида менга қандоқ ўринбосар бўлишингизга назар солинг», демоқдалар.
Яъни, Қуръон ва Аҳли байтимда менинг ўринбосарим сифатидан нима қилишингизга бир назар солиб қўйинг, эҳтиёт бўлинг, деганлари. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларига фақат Аҳли сунна ва жамоа мусулмонларигина тўғри ва тўлиқ амал қилмоқдалар. Қолганлар эса, у ёққаё бу ёққа бурилиб, хатога йўл қўйдилар.
Баъзилар Аҳли байтни камситиб, уларни ҳақорат қилдилар. Ҳеч бўлмаганда, уларни ўзларига тенг кўрдилар. Аҳли байтнинг қадрини муносиб ўринга қўймадилар.
Бошқалар эса, Аҳли байтни илоҳийлаштириб, Аллоҳ ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аҳли байтнинг ўзи ҳам айтмаган юқори даражага кўтарадилар. Бу ишда ҳаддан ошиб, бошқа саҳобаларни кофирга чиқарадилар. Кетма-кет хатоларга йўл қўядилар. Аҳли байтнинг ҳурмати уларнинг қабрларига бинолар қуриш, зиёрат қилиш, мадҳиялар ўқиш, уларга бу ишда қўшилмаганларга лаънат айтишда, деб биладилар.
Аҳли сунна ва жамоа эса, Аҳли байтнинг Қуръондан ажрамаганларини маҳкам тутадилар, ҳурмат қиладилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Қуръонни ва Аҳли байтларини қолдириб кетганлар.
2. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган икки нарсани маҳкам ушласа, зинҳор залолатга кетмайди.
3. Бу икки нарса бир-биридан улуғ, бир-биридан яхши.
4. Қуръон осмон билан ер орасидаги Аллоҳнинг арқонидир.
5. Қуръон билан Аҳли байт қиёмат бўлиб ҳовузга борилгунча бир-бирларидан ажрамайдилар.
6. Мусулмонлар бу икки нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандоқ халифа-ўринбосар бўлаётганларига доимо назар солиб туришлари керак.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги «Хаммо» номли сувли жойда бизга хутба қилароқ: «Аммо баъд: Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам бир башарман. Роббимнинг элчиси келса, жавоб беришимга оз қолди. Мен сизларга икки салмоқли нарсани тарк этувчиман. Биринчиси – Аллоҳнинг Китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг Китобини олинглар ва уни маҳкам ушланглар», дедилар ва Аллоҳнинг Китобига тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни. Сизларга Аҳли байтимни эслатаман», деб уч марта қайтардилар.
Бухорий қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу:
«Муҳаммадни аҳли байтида муҳофаза қилинглар», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Сизларга аҳли байтимни эслатаман» дейишларидан ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Муҳофаза қилинглар» деган гапларидан фаҳмлаш мумкинки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтларини Аллоҳнинг Китобига тенглаштирганлари йўқ. Балки одамларга уларни яхши кўришлари, улуғлашлари, ҳурмат қилишлари, таҳқирламасликлари кераклигини эслатиб қўйдилар.
353 - وَعَنْ يَزِيدَ بْنَ حَيَّانَ قَالَ: انْطَلَقْتُ أَنَا وَحُصَيْنُ بْنُ سَبْرَةَ وَعَمْرُو بْنُ مُسْلِمٍ إِلَى زَيْدِ بْنِ أَرْقَمَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ، فَلَمَّا جَلَسْنَا إِلَيهِ قَالَ لَهُ حُصَيْنٌ: لَقَدْ لَقِيتَ يَا زَيْدُ خَيْراً كَثِيراً، رَأَيْتَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَسَمِعْتَ حَدِيْثَهُ، وَغَزَوْتَ مَعَهُ، وَصَلَّيتَ خَلْفَهُ؛ لَقَدْ لَقِيتَ يَا زَيْدُ خَيْراً كَثِيراً، حَدِّثْنَا يَا زَيْدُ مَا سَمِعْتَ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: يَا ابْنَ أَخِي؛ واللهِ لَقَدْ كَبِرَتْ سِنِّي، وَقَدُمَ عَهْدِي، وَنَسِيتُ بَعْضَ الَّذِي كُنْتُ أَعِي مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَمَا حَدَّثْتُكُمْ، فَاقْبَلُوا، وَمَالَا فَلَا تُكَلِّفُونِيهِ، ثُمَّ قَالَ: قَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَوْماً فِينَا خَطِيباً بِمَاءٍ يُدْعَى خُمّاً بَيْنَ مَكَّةَ وَالْمَدِينَةِ، فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، وَوَعَظَ وَذَكَّرَ، ثُمَّ قَالَ: «أَمَّا بَعْدُ: أَلَا أَيُّهَا النَّاسُ، فَإِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ يُوشِكُ أَنْ يَأْتِيَ رَسُولُ رَبِّي فَأُجِيبَ، وَأَنَا تَارِكٌ فِيكُمْ ثَقَلَيْنِ: أَوَّلُهُمَا كِتَابُ اللهِ، فِيْهِ الهُدَى وَالنُّورُ، فَخُذُوا بِكِتَابِ اللهِ، وَاسْتَمْسِكُوا بِهِ» فَحَثَّ عَلَى كِتَابِ اللهِ، وَرَغَّبَ فِيهِ، ثُمَّ قَالَ: «وَأَهْلُ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي» فَقَالَ لَهُ حُصَيْنٌ: وَمَنْ أَهْلُ بَيْتِهِ يَا زَيْدُ؟ أَلَيْسَ نِسَاؤُهُ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ؟ قَالَ: نِسَاؤُهُ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ، وَلَكِنْ أَهْلُ بَيْتِهِ: مَنْ حُرِمَ الصَّدَقَةَ بَعْدَهُ، قَالَ: وَمَنْ هُمْ؟ قَالَ: هُمْ آلُ عَلِيٍّ، وَآلُ عَقِيلٍ، وَآلُ جَعْفَرٍ، وَآلُ عَبَّاسٍ، قَالَ: كُلُّ هَؤُلَاءِ حُرِمَ الصَّدَقَةَ؟ قَالَ: نَعَمْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2408].
وَفِي رِوَايَةٍ: «أَلَا وَإِنِّي تَارِكٌ فِيكُمْ ثَقَلَيْنِ: أَحَدُهُمَا كِتَابُ اللهِ، وَهُوَ حَبْلُ اللهِ، مَنِ اتَّبَعَهُ كَانَ عَلَى الهُدَى، وَمَنْ تَرَكَهُ كَانَ عَلَى ضَلَالَةٍ». [م 2408/37]