355-ҳадис

355. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Бадрий ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани, қироатда баравар бўлишса, суннатни энг яхши билгани, суннатда баравар бўлишса, аввалроқ ҳижрат қилгани, ҳижратда ҳам баравар бўлишса, ёши катта бўлгани имом бўлади. Киши кишига унинг қўл остидаги жойда имом бўлмасин, уйида унинг изнисиз хос жойига ўтирмасин».

Имом Муслим ривояти.

Имом Муслимнинг бошқа ривоятида «ёши каттаси», деган сўзнинг ўрнига «аввалроқ Исломга киргани» бўлиб келган.

Бошқа бир ривоятда: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани, қироатда пешқадами, қироатлари баравар бўлса, аввалроқ ҳижрат қилгани, ҳижратда ҳам баравар бўлишса, ёши каттаси имом бўлади», дейилган.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ким имом бўлиши кетма-кет бир неча сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганидек, мазкур сифатларда ўша вақт воқелиги эътиборга олинмоқда.

Энди ўша сифатларни бирин-кетин кўриб чиқайлик.

Аввало, ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:

1. «Аллоҳнинг китобига қорироқлари имом бўлади». 

Бу имом танлаш вақтида аввало, Қуръонни     билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир. 

Ислом жамиятида бу нарсага катта эътибор берилади. Чунки имом танлашлик мусулмонлар ичидан энг яхшисини танлаш демакдир. Мусулмон кишининг яхшилиги эса, энг аввало, Қуръонни билиши, уни тиловат қилиши, унга амал қилишига қараб бўлади.

2. «Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари» танланади.

Намоз ўқиш учун ҳозир бўлган кишилар ичида имомликка лойиқ бир неча киши Қуръон қироати бўйича савиялари тенг бўлиб қолса, суннатни яхши билган, диний аҳкомларни тўлиқ тушунадиган киши имомликка ўтади.

Баъзи уламолар имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартибга риоя этиб, унда биринчи қори, иккинчи олим бўлади, деганлар. Улар ушбу ҳадиснинг зоҳирига қараб шундай хулоса қилганлар. 

Лекин жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, деганлар. 

Чунки олим одам намозга керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши осон эмас.

Ушбу ҳадисда қорини муқаддам қўйилиши саҳобаи киромларнинг қорилари олим бўлганлиги эътиборидандир. Улар бир оятни ёд олганларидан кейин унга тўлиқ амал қилмагунларича иккинчи оятга ўтмаганлар.

3. «Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари» ўтади.

Имомликка танлашда эътиборга олинадиган сифатларнинг учинчиси ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг даврларига хосдир. Ўша пайтларда кишиларни ҳижратни эртароқ қилганларига қараб ҳурматлаш бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўпгина ҳолатларда саҳобалар орасидаги афзалликни уларнинг ҳижратлари қадимлигига қараб олганлари маълум ва машҳур.

Ҳадиси шарифда ҳам қорилик ва олимлик сифатлари тенг келиб қолган кишилар ичидан имомликка аввалроқ ҳижрат қилганлари афзал кўрилиши таъкидламоқда. Чунки Аллоҳ, Расул ва Ислом учун ватанни, аҳли аёлни, молу давлатни ва бошқа имтиёзларни тарк этиб, муҳожирликни ихтиёр этиш улкан фазилатдир. Бу ишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Иймон ва Ислом йўлида фидокорликка фақат тақводор, мухлис ва муҳсин кишиларгина қодир бўладилар. Уларнинг ичида эса энг аввал ҳижрат қилганлари афзалроқ саналадилар.

4. «Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катта бўлганлари» ўтади. 

Уламоларимиз тўртинчи ўринга Исломи аввал бўлган кишиларни қўйганлар. Чунки бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида «ёшлари катта» ўрнига «Исломлари аввал бўлганлари», дейилган.

Албатта, Исломга аввал кириш ҳам катта фазилат ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликдан бошқа ишларда ҳам Исломга аввал кирганларни устун қўйганлари маълум.

Бешинчи ўринда эса, аввал ўтган тўрт сифатда савияси тенг бўлиб қолса, ёши улуғи имомликка тақдим қилинади.

Кўриниб турибдики, имом танлашнинг ўзига хос ўлчови бор. Қолаверса, Исломда аслида имомлик касб ёки мансаб эмас, балки шараф ва масъулиятдир. Имом намозга тўпланган намозхонлар ичидан бирини танлаш билан бўлади. Яъни, бу нарсага ҳар бир мусулмон тавсия этилиши мумкин. Бошқа динлардагига ўхшаб алоҳида тарбия топган, турли диний поғоналардан ўтиб чиққан, маълум кийим кийган бўлиши шарт эмас.

Авваллари масжидларга алоҳида имом тайинлаш, имомликни касб қилиб олиш бўлмаган. Кейинчалик кишилар Ислом таълимотларидан узоқлашиб, дунёнинг орзу-ҳавасларига берилиб кетганларидан кейингина имом тайин қилиш одати пайдо бўлди. Бу эса ўз навбатида, турли муаммоларни келтириб чиқарди. Нолойиқ кишиларнинг имом бўлиб қолиш ҳоллари, имом ва қавм ўртасидаги келишмовчиликлар шу муаммолар сирасига киради.

Ушбу ҳадисни ҳаётимизга татбиқ қилиш борасида гап юритадиган бўлсак, имом танлаш вақтида унда зикр қилинган сифатларга ва уларнинг тартибига қатъий амал қилишимиз лозим. Айниқса, имом танлаш топширилган кишилар ҳам инсоф қилишлари керак. Агар қавмнинг ўзида бунга ҳақли кишилар бўлса, улар тавсия қилишлари лозим.

Ўрганаётган ҳадиси шарифимизда яна иккита муҳим масала муолажа қилинмоқда.

1. «Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин... Фақат унинг изни ила бўлса, майли».

«Салтанатида» дейилганида ҳокимлиги, волийлиги, бошлиқлиги, имомлиги, уй соҳиблиги, қўл остидаги жой каби нарсалар кўзда тутилади. Ундоқ пайтларда салтанат эгаси имом бўлишга ҳақлидир. У бор жойда меҳмон одам имомликка ўтиши мумкин эмас. Чунки бу иш салтанат эгасига нисбатан ҳурматсизлик, уни эргашувчилари олдида камситиш билан баробардир. Агар салтанат эгасининг ўзи рози бўлиб ўтказса, мумкин.

2. «Ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин... Фақат унинг изни ила бўлса, майли».

Бу тасарруф ҳам одобсизликка, бир қавмнинг бошлиғини ҳурматини жойига қўймасликка киради. Агар салтанат эгаси ўзи рози бўлиб, ўз жойига ўтказса, мумкин.

 

Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Молик ибн ҳувайрис бизнинг намозгоҳимизга келиб ҳадис айтиб берар эди. Бир куни намоз пайти бўлди. Биз унга: 

«Олдинга ўтинг», дедик. 

«Сизлардан бирингиз ўтсин, мен нима учун ўтмаслигимни айтиб бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир қавмни зиёрат қилса, уларга имом бўлмасин, улардан бири имом бўлсин», деганларини эшитганман», деди».

(Сунан эгалари ривоят қилишган).

 

Бу ривоятда бир қавмга меҳмон бўлиб келган киши уларга дарс берадиган даражадаги олим бўлса ҳам имомликка ўтмагани маъқул эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Чунки унинг имомлиги қай даражада бўлса ҳам бориб-бориб қавмнинг ўртасида гап-сўз чиқади. Яхши бўлса, қавмнинг имоми ёқмай юрганлар фалончи келиб бизга имомликка ўтди, зўр одам экан, деб гап тарқатиб ўз имомларига ишончсизлик билдиради. Имом тарафдорлари билан ораларида гап қочади. Агар имомлиги пастроқ савияда бўлса-чи, аксинча бўлади. Шунинг учун ҳар ким ўзини билгани, қавми олдидаги обрўсини сақлагани, бошқаларнинг ишига аралашмагани маъқул.


355 - وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقْبَةَ بْنِ عَمْرٍو البَدْرِيِّ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكتَابِ اللهِ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً، فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً، فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الهِجْرَةِ سَوَاءً، فَأَقْدَمُهُمْ سِنّاً، وَلَا يُؤَمَّنَّ الرَّجُلُ الرَّجُلَ فِي سُلْطَانِهِ، وَلَا يَقْعُدُ فِي بَيْتِهِ عَلَى تَكْرِمَتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [673].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «فَأَقْدَمُهُمْ سِلْماً» بَدَلَ «سِنّاً»: أَيْ إِسْلَاماً.

وَفِي رِوَايَةٍ: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكتَابِ اللهِ، وَأَقْدَمُهُمْ قِرَاءَةً، فَإِنْ كَانَتْ قِرَاءَتُهُمْ سَوَاءً فَلْيَؤُمَّهُمْ أَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الهِجْرَةِ سَوَاءً، فَلْيَؤُمَّهُمْ أَكْبَرُهُمْ سِنّاً». [م 673/291].

وَالْمُرَادُ بِـ«سُلْطَانِهِ»: مَحَلُّ وِلَايَتِهِ وَالْمَوْضِعُ الَّذِي يَخْتَصُّ بِهِ، وَ«تَكْرِمَتِهِ» بِفَتْحِ التَّاءِ وَكَسْرِ الرَّاءِ، وَهِيَ مَا يَنْفَرِدُ بِهِ مِنْ فِرَاشٍ وَسَرِيرٍ وَنحْوِهِمَا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш