358. «Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Муҳаййиса ибн Масъуд ибн Зайд Хайбар томон жўнашди. (Хайбар) ўша кунлари сулҳда эди. Кейин бу иккови ажрашиб кетишди. Муҳаййиса Абдуллоҳ ибн Саҳлнинг олдига келганида, у қонига беланиб, ўлиб ётган эди. У уни дафн қилди. Сўнг у Мадинага келди. Кейин Абдурраҳмон ибн Саҳл ҳамда Масъуднинг икки ўғли – Муҳаййиса ва Ҳуваййиса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олишди. Абдурраҳмон гапирмоқчи бўлган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттага (сўз бер), каттага!» дедилар. У шу ердаги одамларнинг энг ёши эди. У шу заҳоти жим бўлди. Кейин иккови (Муҳаййиса ва Ҳуваййисалар воқеани) гапириб беришди. Шунда у зот: «Қасам ичиб, қотилингизнинг [ёки шеригингизнинг] ҳаққини оласизларми?...» деб, ҳадисни охиригача зикр қилдилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўзлар бор:
Улар: «Қандай қасам ичамиз, ахир (воқеага) гувоҳ ҳам бўлмаганмиз, кўрмаганмиз ҳам?» дейишди. У зот: «Бўлмаса, яҳудийлар элликта (қасам) билан олдингизда ўзини оқлаб олсинми?» дедилар. Улар: «Қандай қилиб кофир қавмнинг қасамини қабул қиламиз?» дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг диясини ўз ёнларидан тўладилар».
Хайбар хурмозорлари кўп жой бўлиб, яҳудийларга тегишли бўлган. Мазкур икки киши қандайдир сабаб билан хурмозорга кириб кетишибди. Икковлари бир-бирларидан ажраб, хурмозорнинг ичида юрганда улардан бири - Абдуллоҳ ибн Саҳлни кимдир ўлдириб кетибди.
Бу хабарни эшитиб, унинг укаси - Абдурроҳман ибн Саҳл келибди. Муҳаййиса ибн Масъуднинг Ҳуваййиса исмли укаси ҳам етиб келибди. Ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтмоқчи бўлишибди.
Гапни Абдурроҳман ибн Саҳл бошлабди. У келганларнинг ичида энг ёши кичиги эканлиги кўриниб турар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб туриб:
«Катталарга йўл бер», дебдилар.
Яҳъя исмли ровий тушунтириш учун: «Гапни катталар бошлайди», деб шарҳ қилди.
Демак, ана шундай шароитда, бошлиқ тайинланмаган бўлса, гапни ёши каттароқ одам бошлаши керак экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганларнинг ичида ёши кичикроғи бўлган воқеани айта бошлаши билан уни тўхтатиб, катта сўз беришни буюрибдилар.
Энди қиссанинг давомига келадиган бўлсак, келганлар воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб, қотил кимлигини билмаймиз, аммо боғ яҳудийларники, ўшалар ўлдирган бўлса керак, деб даъво қилишибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан эллик киши келиб, уни яҳудийлар ўлдирди, деб қасам ича оладими? Агар ича олса, ҳукмни қабул қиламан», дебтилар.
Келганлар: «Албатта, биздан элликта одам уни яҳудийлар ўлдирди, деб қасам ича олмайди» дейишибди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлардан эллик киши келиб, биз ўлдирмадик, деб қасам ичиб, сизларни қасам ичишдан беҳожат қилсинларми?» дебдилар.
Келганлар ноқулай аҳволга тушиб қолиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кофирларнинг қасамини қабул қиласизми?» дейишибди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бўпти, унинг хунини мен ўзим тўлайман» деб, ўлган кишининг хунини тўлаган эканлар.
Абдурроҳман ибн Саҳл ўша хунга берилган туялардан биттаси унга ҳам текканлигини, ҳатто уни бир тепиб олганлигини айтган экан.
Ушбу ҳадисдан сўзни катталар бошлаши Ислом одобидан эканлигини, катталарни эъзозлашнинг ана шундай кўринишлари борлигини билиб оламиз.
Халқимизда ёши катталарга кўрсатилаётган эҳтиромнинг манбаи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан.
Катта гапирмаса, кичик гапирса бўладими?
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қани менга айтинглар-чи, бир дарахт бор. У мусулмонга ўхшайди. Аллоҳнинг изни билан доим мевасини беради. Бироқ барги тўкилмайди. Ўша қайси дарахт?» дедилар.
Хаёлимга хурмо келди. Гапиришни ёқтирмадим. У ерда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар бор эди. Улар гапирмаганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У хурмодир», дедилар.
Кўчага чиққанимизда отамга:
«Ота! Ўша хурмо экани хаёлимга келган эди», дедим.
«Айтишингдан нима манъ қилди? Агар айтганингда мен учун фалон, фалон нарсалардан ҳам маҳбуброқ бўлар эди», деди.
«Мени фақатгина сиз ва Абу Бакрнинг гапирмаганларинг манъ қилди, холос. Шунинг учун гапирмадим», дедим».
Бу ҳадисдан ровийнинг одоблари нақадар юксак бўлганлигини билиб оламиз. Бироқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг сўзларидан катталар гапирмаса, кичиклар гапириши мумкинлиги, жоизлиги келиб чиқади.
358 - وَعَنْ أَبِي يَحْيَى - وَقِيلَ: أَبِي مُحَمَّدٍ - سَهْلِ بْنِ أَبِي حَثْمَةَ (بِفَتْحِ الحَاءِ الْمُهْمَلَةِ وَإِسْكَانِ الثَّاءِ الْمُثَلَّثَةِ - الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْطَلَقَ عَبْدُ اللهِ بْنُ سَهْلٍ وَمُحيِّصَةُ ابْنُ مَسْعُودٍ إِلَى خَيْبَرَ وَهِيَ يَوْمَئِذٍ صُلْحٌ، فَتَفَرَّقَا، فَأَتَى مُحَيِّصَةُ إِلَى عَبْدِ اللهِ بْنِ سَهْلٍ وَهُوَ يَتَشَحَّطُ فِي دَمِهِ قَتِيلًا، فَدَفَنَهُ، ثُمَّ قَدِمَ الْمَدِينَةَ، فَانْطَلَقَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ سَهْلٍ وَمُحَيِّصَةُ وَحُوِّيصَةُ ابْنَا مَسْعُودٍ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَذَهَبَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ يَتَكَلَّمُ فَقَالَ: «كَبِّرْ كَبِّرْ» وَهُوَ أَحْدَثُ القَوْمِ، فَسَكَتَ، فَتَكَلَّمَا فَقَالَ: «أَتَحْلِفُونَ وَتَسْتَحِقُّونَ قَاتِلَكُمْ؟» وَذَكَرَ تَمَامَ الحَدِيثِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3173، م 1669/6].
وَقَولُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَبِّرْ كَبِّرْ» مَعْنَاهُ: يَتَكَلَّمُ الأَكْبَرُ.