359. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд қурбонларидан икки кишини бир қабрга жамлар, кейин: «Қай бири Қуръонни кўпроқ ёд олган?» дер эдилар. Қайси бирига ишора қилинса, лаҳадга аввал ўшани қўяр эдилар.
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга тириклигида ҳам, улар вафот этганидан кейин ҳам Қуръонга бўлган муносабати, Қуръонни қанча ёдлаганига қараб муомала қилганларини билиб оламиз. Уҳуд жангида шаҳид кетганлардан Қуръондан кўп ёдлаганларини биринчи бўлиб қабрга қўйишлари шуни кўрсатади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: «Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади», деб айтилади».
(Абу Довуд,Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади ҳасан-саҳиҳ).
Ушбу ривоятда Қуръон ёдлаш ва уни шошилмасдан дона-дона қилиб ўқиш фазилати ҳақида сўз юритилмоқда.
Банда охиратда Қуръон ўқигани, уни ёд олиб, Қуръонга амал қилгани учун жаннатга кираётганида, унга: «Қуръонни ўқи. Дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Қуръондан охирги оятни ўқиганингда жаннатдаги сўнгги даражангга етасан», дейилади. Демак, банда Қуръондан қанча кўп ёдласа, жаннатдаги мартабаси шунча юқори бўлади. Сабаби жаннатда Қуръонга қараб ўқилмайди. Табиийки, бунда банда қанча ёдлаган бўлса, ўша миқдорда Қуръон ўқий олади.
Хаттобий айтади: «Асарларда келишича, Қуръон оятлари жаннат поғоналари миқдорига тенг. Қорига: «Қуръондан қанча ўқишингга қараб жаннат поғоналаридан юқорилаб бораверасан», дейилади. Ким Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаган бўлса, охиратда жаннатнинг энг юқори поғонасига чиқади.
Ким ундан бир қисмини ёдлаган бўлса, даражаси ҳам шунга қараб белгиланади. У қанча ўқишига қараб ажр-савобга эга бўлади».
359 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَجْمَعُ بَيْنَ الرَّجُلَيْنِ مِنْ قَتْلَى أُحُدٍ – يَعْني: فِي القَبْرِ، ثُمَّ يَقُولُ: «أَيُّهُمَا أَكْثَرُ أَخْذاً لِلْقُرْآنِ؟» فَإِذَا أُشِيرَ لَهُ إِلَى أَحَدِهِمَا قَدَّمَهُ فِي اللَّحْدِ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [1343].