373. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фақат мўмин билан ҳамсуҳбат бўл, таомингни фақат тақводор билан баҳам кўр», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий исноди қониқарли дедилар.
Шарҳ: Яъни дўстлашишингга лойиқ одам мўмин киши, таомингни ейишга лойиқ одам тақводор кишидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф сураси, 67-оят).
Демак, бу дунёда бир-бирини гуноҳларга чорлаган улфатлар қиёмат куни бир-бирига душман бўлар экан. Бири ғийбат қилаётганда иккинчиси уни ўша ишдан қайтармаган, балки унга қўшилиб, биргаликда ғийбат қилган ва ҳоказо. Улар бир-бирларига маъсият ишларида ёрдам берганлар. Қиёмат куни улар бир-бириларидан қочадилар.
Тақводорлар эса, бир-бирларини тоатга, яхшиликка ундайдилар. Улар бир-бирлари билан яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладилар. Шунинг учун уларнинг дўстликлари охиратда ҳам давом этади.
Инсон доимо солиҳларга яқинлашишга, ёмонлардан узоқлашишга ҳаракат қилмоғи лоғим. Одамлар орасида шундай кишилар борки, уларга назар солиш биланоқ ҳол ўзгаради. Қалб ўзгаради. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича хабар берганлар: “Албатта, Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар кўринсалар, уларга назар солинса, Аллоҳ зикр қилинади”.
Яъни уларни кўрганингда Аллоҳни зикр қиласан.
Шундай инсонлардан бири Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳдир. У кишининг мажусий қўшниси бор эди. У одам Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ яшайдиган уйнинг тепасида турарди. У ҳожатхонасининг тешигини Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг уйларига тўғрилаб қўйган эди. Ўша тешикдан у кишининг уйларига нажосат оқиб тушарди. Саҳл раҳимаҳуллоҳ эса, ўша нажосатларни бир идишга тўплаб, ўша мажусийга индамасдан, узоқроқ жойга ташлаб келар эдилар. (Қайси биримиз бундай қила оламиз?! Қўшнимиз бизга нисбатан шу каби ишни содир этса, сабр қила оламизми?! Ваҳоланки, бизнинг қўшниларимиз мусулмонлар. У кишининг мазкур ишни қилган қўшнилари эса, мажусий эди.)
Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ бир неча йил давомида бу озорларга сабр қилдилар. Ўлимлари яқинлашганда, фарзандларига “Мажусий қўшнимизни чақириб келинглар!” дедилар. Ўғиллари уни чақириб келишди. У келганда, унга “Сен бир неча йиллардан бери шундай-шундай қиласан. Мен сенга бу нарса ҳақида хабар бермасдим. Лекин мен ажалим яқинлашганини сезяпман. Мендан кейин ўғилларим сенинг бу ишингга мен сабр қилганимдек сабр қилолмайдилар деб қўрқаман. Агар шу қўрқув бўлмаганда, сенга бу ишинг ҳақида хабар бермаган бўлардим” дедилар.
Шунда мажусий “Мен сизнинг динингизда бўлмасам ҳам сиз шуларнинг ҳаммасига сабр қилиб келяпсизми? Қўлингизни беринг” деди.
Саҳл раҳимаҳуллоҳ қўлларини унга узатдилар. У Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг қўлларидан тутиб, “Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ” деди.
Кейин Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ вафот этдилар. Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг охирги амаллари қўлларида бир инсоннинг исломга кириши бўлди.
Хўш, у одам нега ислом динига кирди? Албатта, Саҳл раҳимаҳуллоҳнинг гўзал хулқлари сабабидан, у кишига яқин бўлгани сабабидан мусулмон бўлди.
Шунинг учун биз ҳам атрофимиздаги муҳитга қарашимиз, кимлар билан бирга юрганимизга назар солишимиз лозим. Агар биз турган муҳит яхши, соғлом бўлмаса, у ердан тезлик билан узоқлашиб, яхши муҳитга бориб ўрнашишимиз, агар бирга юрган улфатларимиз солиҳ бўлмасалар, улардан ҳам зудик билан узоқлашиб, солиҳларга яқинлашишимиз лоимдир.
Тобеинлар замонида Абу Жаҳм деган киши бўлган. У Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга қўшни эди. Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ Мадинадаги тобеинларнинг олимларидан бўлганлар.
Бир куни Абу Жаҳм уйини сотмоқчи бўлди ва уни юз минг дирҳамга сотди. Кейин уйини сотиб олганларга “Саъид ибн Мусайябнинг қўшни бўлгани учун яна қанча тўлайсизлар?” деди. Улар ҳайрон бўлиб “Ҳеч замонда қўшничилик ҳам сотиб олинадими?!” дейишди. Буни эшитган Абу Жаҳм уларга “Ҳовлимни қайтариб бериб, пулларингизни олинглар! Аллоҳга қасамки, уйда ўтириб қолсам, аҳволимни сўрайдиган, мени кўрса, ҳурсанд бўладиган, уйда йўқ бўлсам, уйимни муҳофаза қиладиган, агар ҳозир бўлсам, менга яқин бўладиган, агар бирор нарса сўрасам, ҳожатимни раво қиладиган, агар ҳеч нарса сўрамасам, ўзи менга яхшилик қиладиган, агар менга бир мусибат етса, оғиримни енгил қиладиган кишининг қўшничилигини ҳаргиз тарк қилмайман” деди.
Бу гап Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳга етди. У кишига “Сиз ҳақингизда қўшнингиз шундай-шундай гапларни гапирди” дейилди. Шунда Саъид ибн Мусайб раҳимаҳуллоҳ қўшниларига юз минг дирҳам юбордилар ва унга “Ҳовлингни ўзингда қолдир!” дедилар.
Хўш, Абу Жаҳм ўз ҳовлисини сотишдан нима учун бош тортди? Харидорнинг юз минг дирҳамини нега қайтариб берди? Албатта, солиҳ қўшнини йўқотмаслик учун шундай қилди. Чунки, у соғлом, яхши муҳитда, уни Аллоҳнинг тоатига ундайдиган, қизиқтирадиган киши билан қўшни бўлиб яшарди.
Шунинг учун инсон доимо ўзига ўзи “Мен қаердаман? Қандай муҳитда яшаяпман? Ёнимда бирга юрганлар ким? Улар қандай одамлар?” каби саволларни бериши керак.
Масжидда ўтирган одамнинг ўзини тутиши, гап-сўзлари ташқаридагидек бўлмайди. Масжиднинг ҳурматини сақлаб, одобига амал қилади. Шунинг учун масжидда эътикоф ўтириш суннатдир.
Аллоҳ таолодан барчамизни ибодатга ундайдиган, тоатга ёрдам берадиган соғлом муҳитда яшашга муяссар қилишини сўраймиз. Албатта, У ҳамма нарсага қодир Зотдир.
373 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تُصَاحِبْ إِلَّا مُؤْمِناً، وَلَا يَأْكُلْ طعَامَكَ إِلَّا تَقِيٌّ».
رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ بِإِسْنَادٍ لَا بَأْسَ بِهِ. [د 4832، ت 2395].