374-ҳадис
374. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.

Шарҳ: Бунинг маъноси худди ўзбек мақолидаги «Дўстинг кимлигини айтсанг, ўзингнинг кимлигингни айтиб бераман»га ўхшаш.

Чиндан ҳам, улфатчилик чиройли хулқ мевасидир ва бўлиниш, тарқалиш, ажралиш ёмон хулқ мевасидир, зеро чиройли хулқ ўзаро дўстлик ва келишувни вужудга келтиради. Ва ёмон-бадхулқлик эса бир-бирини ёмон кўришлик ва ўзаро зиддиятни туғдиради. Чиройли хулқдаги фазилатлар ҳаммага маълум, махфий эмас. Бунга далолат этувчи ҳадиси шарифларни зикр этамиз: Абу Дардо розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат кунида мўмин мезонида яхши хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқ”. Имом Термизий ривоятлари ва бу ҳадисни саҳиҳ, дейдилар.

Билинг! Чиндан ҳам, киши Аллоҳ йўлида бир кишини дўст тутади, Аллоҳ йўлида ёмон кўради. Дарҳақиқат, сен агар бир инсонни Аллоҳга итоатли бўлганидан дўст тутсанг, бас, агар у Аллоҳга осий бўлса, сен уни Аллоҳ йўлида ёмон кўрасан, зеро ким бир сабабга биноан бир кишини дўст тутса, шу сабабнинг зидди бўлса, уни ёмон кўради. Кимда севимли ва макруҳ хислатлар жам бўлган бўлса, бас, сиз уни бир сабабга кўра дўст тутасиз ва бошқа бир сабабга биноан уни ёмон кўрасиз.

Бир мусулмонни Исломи учун дўст тутишингиз лозим ва гуноҳ содир этгани учун уни дўст тутмаслигингиз зарур. Бас, сиз у билан жуда ҳам торлик ва жуда ҳам кенглик бўлмаган ўртача ҳолатда бўласиз. Аммо мусулмон биродари томондан бир хато содир бўлса ва ўз хатосига пушаймон бўлганини билса, шу вақтда унинг хатосидан кўз юмиб, уни беркитиб кетиш аъло-яхшироқ. Агар у биродари маъсиятда давом этса, ундан юз ўгириш ва узоқлашиш билан ёмон кўрганлик асарини изҳор этиш лозим. Гуноҳининг оғир ва енгиллигига қараб унга қаттиқ сўз айтади.

Билинг! Ҳар бир киши суҳбатдош бўлишга ярамайди. Шунинг учун суҳбатдошнинг сифат ва хислатларини яхши билиш лозим бўлади. Шу сифатларга кўра у билан суҳбат қурилади. Шу хислатлар суҳбатдан исталган фойдаларга қараб шарт этилади. Бу хислатлар мол-дунё, мансаб, обрўлардан фойдаланиш каби дунёвий ёки мулоқот қилиб, сўзлашиб бир-биридан унс-улфатнинг ўзи бўлиши мумкин. Бу бизнинг ғаразимиз эмас. Ёки диний суҳбатдош бўлишдир. Суҳбатдошда турли ғаразлар жам бўлади. Масалан, суҳбатдошдан илм олиш ва унга амал этиш билан фойда топиш, қалбини қорайтириш, уни ибодатдан тўсиш билан унга азият етишидан ҳимоя топишда мансабдор суҳбатдошдан фойдаланиш, ризқ-рўз талабида вақтни ўтказишдан ўзини сақлашда суҳбатдошининг молиявий ёрдами билан кифояланиш суҳбат фойдасидан бўлиб ҳисобланади. Яна суҳбатдош фойдаларидан турли муҳим ишларни амалга оширишда ундан ёрдам талаб этишдир. Суҳбатдош мусибатларда ҳимоя асбоби ва турли ҳолларда қувват манбаи бўлади. Яна суҳбатдош фойдаларидан бири қиёмат куни ундан шафоат кутишдир. Салафи солиҳларнинг баъзилари бундай деб айтганлар: “Дўст-улфатларни кўпайтириш талабида бўлинглар. Чиндан ҳам улар орасидан бир мўмин сизга шафоатчи бўлиши мумкин”. Бу фойдалар ҳар бир фойда шартига кўра бўлишига даъват этади.

Умуман олганда, ихтиёр этилган суҳбатдошда беш хислат мавжуд бўлиши лозим: суҳбатдош оқил, хушхулқ, фосиқ бўлмаслиги, бидъатдан узоқда бўлиши, дунёга харис бўлмаслиги.

Аммо чиройли хулқлилик зарур сифатдир. Зеро, баъзи оқилга ғазаб ғолиб бўлиши ёки ҳавойи нафсига итоат этувчи бўлиши мумкин. Бунинг суҳбатида фойда йўқ. (Оқил ўз сўзи ва феълида ҳаким бўлиши шарт этилади. У яхши сўз айтиши, солиҳ амал қилиши лозим. Ғазабкор ва шаҳватпараст оқил – оқил эмас.

Ҳукамолардан бири айтади: “Одамларнинг энг аҳмоғи бўлма!” Ундан сўрашди: “Одамларнинг энг аҳмоғи ким?” Жавоб бериб айтди: “Одамларнинг энг ақллигиман, деб гумон этадиган одам энг аҳмоқдир”. Ундан яна сўрашди: “Инсонларнинг энг ақллиги ким?” Жавоб берди: “Жоҳилларни итоб этишда ҳаддан ошмаган одам”.

Аммо фосиқ Аллоҳдан қўрқмайди. Кимки ундан қўрқмаса, унинг алдовидан омонлик йўқ, унга ишонилмайди.

Бидъатчининг эса бидъати суҳбатдошига ўтишидан хавф этилади. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Ростгўй биродарларни дўст тут! Уларнинг ғамхўрлиги остида яшайсан. Зеро, улар кенгчилик, саодат вақтида зийнат, бало-офат келганда ҳимоя асбоби. Биродаринг масаласини чиройли ҳал эт, келиб қолганда ундан ғазабланмайсан. Душмандан узоқда бўл, ишончсиз дўстдан эҳтиёт бўл! Аллоҳдан қўрққан киши ишончли бўлади. Фожир билан суҳбатдош бўлма. Фисқу-фужури сенга ҳам ўтади. Фожирни сирингдан огоҳ этма. Бир ишингда Аллоҳдан қўрқадиган инсонлар билан маслаҳатлаш!”

Яҳё ибн Муоз айтадилар: “Дуо қилганингда мени ҳам эслагин, деб айтишингга муҳтож бўлган (мажбур қилган) дўст энг тубан дўстдир. У билан ё муроса қилиб яшайсан ёки унга доимо узр айтишга муҳтож бўласан!”.

Бир жамоа (одамлар) Ҳасан ухлаб ётганларида ҳузурларига киришди. Улардан баъзилари уйда бўлган мевалардан тановул этди. Шунда Ҳасан айтдилар: “Аллоҳ сенга раҳм айласин! Аллоҳга қасамки, мана шу биродарларнинг феълидир (хушхулқидир)”.

Абу Жаъфар дўст-ёронларига айтдилар: “Сизлардан бирингиз қўлини дўстининг чўнтагига солиб, хоҳлаган нарсасини ундан олиши мумкинми?” Жавоб беришди: “Йўқ”. Шунда у киши айтдилар: “Сизлар ўйлаганингиздек дўст-биродар эмассизлар!” (Абу Жаъфар бу жойда рост биродарлик қийматини баён қилиб беришни ирода этдилар. Ҳақиқий дўстлик ихлос билан бўлади. Солиҳ зотлар айтишди: “Дўстлар ўртасидаги биродарлик – бири иккинчисига қарата “Эй, мен!” деб айтмагунига қадар соф бўлмайди.)

«Ривоят этилишича, Фатҳ Мусилий бир куни Исо Томмор исмли дўстининг уйига келиб, уни топа олмади. Шунда унинг ходимасига қарата: “Менга дўстимнинг ёнчиғини олиб чиқ”, деб айтди. Ходима уни чиқариб берди. У ундан икки дирҳам олиб, ёнчиғни қайтариб берди, сўнг кетди. Исо манзилига келганда ходима унга бўлган воқеа хабарини берди. У бундай деди: “Агар сен сўзингда рост бўлсанг, озодсан”. Унинг ишини текшириб қараса, ҳақиқатдан ҳам у тўғри сўзлаган экан, озод бўлди».

Ҳар бир маъсиятнинг ўзига ундайдиган, кучайтирадиган ҳамда унинг давомли бўлишида омил бўладиган сабаблар мавжуд. Улардан қутулиш йўли эса ана шу сабаблардан йироқ бўлишликдир. Ўша сабаблардан бири ёмон дўстдир. Сизларга насиҳатим, ёмон дўстдан йироқ бўлинг!

Аллоҳ улар ҳақида: “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!” дер. “Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди!” дер. “Батаҳқиқ, менга Зикр (Қуръон) келганидан сўнг у (дўст) мени адаштирди” (Фурқон сураси, 27–29-оятлар), деб айтган.

374 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ، فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ، قَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [د 4833، ت 2378].


Улашиш
|
|
Нусха олиш