375-ҳадис

375. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши ўз яхши кўргани билан биргадир», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда келтирилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Киши бир қавмни яхши кўрган-у, уларга етиша олмаган?» дейилганида, у зот: «Киши ўз яхши кўргани билан биргадир», дедилар.

Шарҳ: Бу ерда эркакнинг аёлга нисбатан севгиси эмас, балки мусулмоннинг мусулмонга бўлган шафқати, меҳр-муҳаббати, биродарлик ҳисси назарда тутилмоқда. Унга кўра, бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрса, жаннатда у киши билан бирга бўлади. Ким солиҳларни, яхши кишиларни дўст тутса, уларга улфат бўлса, жаннатда ҳам улар билан ҳамсуҳбат бўлади. Шундай экан, яхши, одоб-ахлоқ ва тақво эгаларини дўст тутиш, маъсият аҳлидан узоқроқ юриш талаб этилади. Ушбу ҳадисни ўқир эканмиз, ҳақли савол туғилади: “Хўш, биз ўзимиз билмаган ҳолда ғайридинларга ҳавас қилиб, уларнинг яшаш тарзига маҳлиё бўлиб қолмаяпмизми? Ёшлар ўртасида машҳур футболчиларчилар ёки фаҳш ботқоғига ботган “юлдуз” қўшиқчилар каби кийиниш ва соч турмаклашга гирифтор бўлганлар йўқ эмас. Яна кимлардир оммавий маданият вакилларига эргашиб танасига турли расмлар чиздиради. Улар Европадаги “устоз”лари қайси тешикка кирса, ортидан кириб бораверади. Ахир бу ўша ишни қилиб турганларни яхши кўриш эмасми?! Ким нимани яхши кўрса, унга ошно қилинади, ким кимга мойил бўлса, у ўшаларнинг гуруҳидандир. Хўп, шундай экан, Европача ҳаётга интилаётганлар охиратлари ҳақида ҳам ўйлаб кўрадиларми ё йўқми? Оммавий маданиятга тақлид қилаётганлар иймондан юз ўгирган бўлсалар, Аллоҳ ва Расулининг амридан чиқиб, ўз шайтонлари айтган гапига кираётган бўлсалар, ихтиёр ўзларида, ҳеч ким уларни иймонга кир, яхши бўл, деб мажбурламайди. Бизнинг бу гапларимиз, дўстона насиҳатларимиз ўзини уммати муҳаммадиядан санаган, “алҳамдулиллаҳ, мусулмонман”, деган, азим Мовароуннаҳрдек заминнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшган улуғ аждодлар давомчиларига тегишли, бошқача ақида ва маданият соҳибларига эмас!

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат вақти ҳақида сўраб, “қиёмат қачон бўлади?” деди. У зот: “У кунга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Ҳеч нарса, аммо мен Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўраман!” деб жавоб берди. Шунда у зот: “Сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, дедилар. Анас айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, деган гаплари сабаб хурсанд бўлганимиз каби ҳали бирон марта бунчалик севинмагандик” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар ҳикматли зот эканларини қаранг: қиёмат қачон қоим бўлади, деб сўраган одамга, мен буни билмайман, Аллоҳгагина аён, деб жавоб берсалар ҳам бўларди, аммо у зот қиёмат вақти ҳақида савол беришдан кўра охиратга тайёрланиш лозимлигини билдириш учун: “У кунга нима тайёрладинг?” деб сўрамоқдалар. Саволга савол билан жуда фасоҳат ва балоғат билан жавоб бермоқдалар. Мана шу ривоятда ҳам киши қайси бир гуруҳ ва кишиларга мойиллик сезса, охиратда улар билан бирга бўлиши таъкидланмоқда.

Абдуллоҳ ибн Сомитдан ривоят қилинишича, Абу Зарр: “Эй Расулуллоҳ, бир киши бирон қавмни яхши кўриб, улар каби амал қила олмаса, (нима бўлади?)” деди. Шунда у зот: “Эй Абу Зарр, сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан”, дедилар. У: “Мен Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман”, деди. У зот: “Бас, сен ўзинг яхши кўрган одам билан бирга бўласан!” деб айтдилар. (Ибн Сомит) айтади: “Абу Зарр ўша саволни такрор берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам яна ўшандай жавоб қайтардилар” (Абу Довуд ва Доримий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган банданинг қалби пок бўлади, Аллоҳ ва Расулини яхши кўрган банданинг амали чиройли ва оқибати хайрли бўлади. Аллоҳ ва Расулининг амрига тескари иш қилувчиларни яхши кўрганларнинг ҳолига қиёмат куни вой бўлади. Тўрт кунлик дунё зийнатларига алданиб, “ҳаёт экансан, еб-ичиб, мазза қилиб қол, ташвишларни унут, фақат лаззатланганинг қолади”, деган шиорни кўтариб чиқувчи оммавий маданият вакилларига эргашувчи “муқтадий”лар, сўқир тақлидчилар охират куни уларнинг сафидан жой олади. Улар дунёда қилган ишлари сабаб бир-бирларини лаънатлаб, қилмишларига минг пушаймон чекадилар. Аммо охират дунё ҳаёти эмаски, хатони тўғрилаш имкони бўлса!

Ҳасан Басрий айтади: «Бировнинг гапи сени алдаб қўймасин. Киши яхши кўргани билан биргадир. Аммо яхшиларнинг қаторига фақат уларнинг амалларини қилиш билан қўшиласан. Яҳудийлар, насоролар ва бидъат аҳллари пайғамбарларини яхши кўрадилар, аммо улар билан бирга эмаслар».

 

375 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6170، م 2641].

وَفِي رِوَايَةٍ قَالَ: قِيلَ للنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الرَّجُلُ يُحِبُّ القَومَ وَلَمَّا يَلْحَقْ بِهِمْ؟ قَالَ: «الْمَرْءُ مَعَ مَنْ أَحَبَّ».

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш