376. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Қиёмат қачон?» деб айтди. У зот: «Қиёмат учун нима тайёрладинг?» дедилар. Ҳалиги бадавий: «Аллоҳ ва Унинг расулининг муҳаббатини», деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен (Қиёмат куни) яхши кўрган кишинг билан бирга бўласан», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Бу ҳадис Имом Муслимнинг ривоятларидаги лафздир. Лекин икковларидан қилинган бошқа ривоятда: «У кунга кўпгина рўза, намоз ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», дейилган.
Шарҳ: Аллоҳ таоло ва расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати у саҳобани қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўрашга ундади. Чунки у қиёматда ҳисоб–китоб бўлишини билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг саволига савол билан жавоб бердилар: “Қиёматга нима тайёрладинг?” У қилган яхшиликларини, савоб ишларини санаб ўтирмай, қалбида борини айтиб қўя қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу гапига эътироз билдирмадилар, “Сен севганинг билан бирга бўласан”, дедилар. Чунки мўминларнинг иймони нафс ва шаҳватлардан ғолиб келганидагина Аллоҳнинг муҳаббатига ошно бўлади.
Сўраган одам мана шундан хавотирда эди. Агар банданинг шаҳватга ўчлиги ва дунёга очкўзлиги бўлмаса, қалби жўш уради, охират учун тайёрлана бошлайди, эзгу амалларидан савоб ва ажр умид қилади. Агар қиёмат ҳақида сўз кетса, ёмонликларини эслайди, яхши насиҳатларга қулоқ тутади, тўғри амал қилишни ўйлайди. Агар шу ишларга ўзини лойиқ кўрса, тақдиридан рози бўлади, ёлғонни кўрса, юз ўгиради. Яхши амаллари билан дўзахдан нажот топишни умид қилади. Савоб йўлидаги яхшиликлари ва ёмонликлари қиёмат куни мезонда ўлчанади. Яхшилиги кўп бўлса, мукофотга эришади, ёмонлиги кўп бўлса, жазосини олади. Сўровчи қалбидаги ҳамма нарса Парвардигор муҳаббати олдида эътиборсиз қолади. Унинг қалбида Аллоҳга севгиси тўлиб–тошади. Мана шу нарса сўровчининг қиёматга тайёргарлигидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сен севганинг билан бирга бўласан”, деганларининг ҳикмати шунда (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 667-б).
Сўровчи бошқаларга кўра ижтиҳоди кучли, қалби ихлосли, иймони пок, ўзи шубҳа-гумонлардан узоқ, олий хулқлар билан зийнатланган, тубанликлардан пок бўлгани боис, Аллоҳ Ўз севгисига эриштиради. Зеро, Аллоҳ севгисига Уни севганларгина етишади.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирур, улар Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлур» (Моида сураси, 54-оят).
Аллоҳ таоло банда қалбини очса ва ёриштирса, ғафлатдан огоҳ этса, ўша қалбда Парвардигорига муҳаббати жўш урмаслиги мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор инсон Аллоҳ ҳузурида худди туялардай итоатда бўлмагунича ва ўз нафсини паст санамагунича иймон чўққисига ета олмайди”, деганлар.
Бошқа ҳадисда: “Бир нарсани севишинг сени кўру кар қилади”, дейилган.
Инсон қалби битта: агар дунёни севса, уни кўр қилади ва охират ҳақида эшитгиси келмайди. Зеро, севги қалбда алангаланадиган ҳароратдир. Агар қалбга шаҳват ҳарорати кирса, уни кўр қилади ва бошқа нарсалар ҳақида эшитишдан тўсади. Қалб охиратни севса, муҳаббати туфайли дунёни устун кўрмайдиган бўлади.
Инсон қалби табиатан юксакликка интилувчан яратилган. Инсон илм аҳлини кўрса, уларнинг қадри улуғ, насибаси баланд эканини ҳис этади. Охират аҳлини кўрса, қалби юмшайди. Қалбига Аллоҳнинг улуғлиги ва азаматининг муҳаббати тушса, қалби юқоридаги ҳолатлардагидан ҳам қаттиқроқ юмшайди. Муҳаббат аҳли олдинги қавмлар каби улкан саодат ва бахт топиб, бошқалардан фарқли тарзда, Аллоҳ Ўз хоҳиши билан уларни ҳидоятга йўллади.
376- وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ أَعْرَابِيًّا قَالَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: مَتَى السَّاعَةُ؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا أَعْدَدْتَ لَهَا؟» قَالَ: حُبُّ اللهِ وَرَسُولِهِ، قَالَ: «أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْتَ».
مُتَّفَقٌ عَلَيهِ، وَهَذَا لَفْظُ مُسْلِمٍ.
وفي روايةٍ لهما: مَا أَعْدَدْتُ لَهَا مِنْ كَثِيرِ صَوْمٍ، وَلاَ صَلاَةٍ، وَلاَ صَدَقَةٍ، وَلَكِنِّي أُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ.