384. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етти киши борки, Ўз соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда уларни Аллоҳ Ўз соясига олади; одил раҳбар; Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғлиқ киши; Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган икки киши, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Унинг йўлида ажраладилар; баобрў ва гўзал аёл ўзига чорлаганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; ўнг қўли инфоқ қилганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа қилган киши». Бир киши холи ҳолда Аллоҳни эслаганида, кўзидан ёш оқса», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Аллоҳнинг сояси» деган жумланинг маъноси ҳақида У Зот қиёмат куни мазкур бандалари учун махсус яратадиган соя, У Зотнинг ҳимоясида бўлиш, Аршнинг сояси ва жаннатнинг сояси деган фикрлар айтилган.
Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ кун – Қиёмат куни.
Қиёмат куни шиддатли иссиқ бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ола билмайди. Аллоҳ хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур.
Ушбу ҳадисда ўша даҳшатли Қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиганлардан етти тоифанинг зикри келмоқда:
1. «Одил имом (раҳбар)».
Намозда имом бўлган киши имом дейилиши ҳаммага маълум. Исломий истилоҳда намознинг имомлиги кичик имомлик, дейилади. Катта имомлик эса, Ислом давлати бошлиғи ҳисобланади.
Ўз навбатида, Ислом динида имомнинг ҳам, ҳокимнинг ҳам адолатли бўлиши талаб қилинади. Айниқса, ҳукмдорлар ҳар ишда адолатли бўлишига тарғиб этиладилар.
Ушбу ҳадис ҳам ўша тарғиблардан бир намунадир. Адолат ила ҳукм юритган мусулмон ҳукмдор Қиёмат куни, Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган пайтда, Аллоҳ Ўз соясига оладиган бахтиёр кишилардан бўлиши таъкидланмоқда.
Бу давлат бошлиғидан ташқари ҳар бир мусулмон жамоага бошлиқ бўлган шахсга ҳам тегишлидир. Кишилар ҳаётида раҳбарнинг тутган ўрни муҳимлигидан ҳам етти тоифа ичидан биринчи бўлиб, одил имом зикр қилинмоқда.
ҳукмдор одил бўлса, табиийки, жамиятда золимлар, жиноятчилар, ёмонларга ўрин қолмайди. Имоми одил бўлган жамиятда тинчлик, омонлик, яхшилик ҳукм суради.
2. «Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш йигит».
Инсоннинг ёшлигида қилган тоат-ибодати алоҳида таҳсинга сазовор. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганида, ноилож ўзини ибодатга уриш бир бошқа, ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни, ҳавойи нафсни енгиб, тоат-ибодатни мукаммал қилиш бир бошқа! Асли ана шу ҳақиқий қаҳрамонликдир.
Асл тақводор, асл парҳезкор киши ёшликдан ҳалол ва тоат-ибодат ила ўсган одамдир. Ўшлигида қилганини қилиб олиб, қариганда сўфий одам бўлганларнинг тақвоси ямоқ тушган чопонга ўхшайди.
Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан улғайишга катта аҳамият берилади. Болаларни балоғатга етмай туриб ибодатга ўргатиш тарғиб қилинади.
Ушбу ҳадиси шарифда ёшлигидан Аллоҳнинг ибодати ила вояга етган кишиларга қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан жой ваъда қилиниши ҳам бежиз эмас.
Демак, Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ куни, Аллоҳ таолонинг соясидан жой олишни хоҳлаганлар ёшликдан, Аллоҳнинг ибодатини канда қилмай борсинлар. Ота-оналар фарзандларига яхшиликни раво кўрсалар, уларни ёшликдан Аллоҳнинг ибодатида ўстирсинлар.
3. «Қалби масжидга боғлиқ киши».
Ушбу ҳадиси шарифнинг бу ерда келтиришдан муддао ҳам шу жумла туфайлидир. Бунда масжидларга кўнгли боғлиқ бўлиш қанчалар фазилатли экани баён қилинмоқда. Кўнгли масжидларга боғлиқ бўлиш асли қалбда масжидларга муҳаббати ётишидандир. Бундоқ одам доимо масжиддан қолмайди, унда ибодат қилиш билан ҳаёт кечиради ва шу ишқ билан юради. Бир марта бориб намозини ўқиб чиққандан кейин янаги намозга интизор бўлиб туради.
Ана шундоқ одам катта шарафга эга бўлади. Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя қолмаган кунда Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади!
Бу бахтга эришиш учун масжидларга қалб боғланса, бас! Доимо жамоат намозларига қатнаб турилса, бас! Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Аллоҳ таоло ундоқ кишини, албатта, Қиёмат куни Ўз соясига олади.
4. «Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйиб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши».
Дунёда кишилар турли нарсалар юзасидан ўзаро муҳаббат, дўстлик-биродарлик боғлайдилар. Кимлардир шахсий манфаат юзасидан, кимлардир иш, ҳизб, молу дунё юзасидан дўст бўладилар.
Аммо Исломда ҳақиқий биродарлик, ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлади.
Мусулмон киши ўз биродарига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди. Аллоҳ розилигини истаб, унга кўмак беради, яхшилик соғинади, биродар тутинади.
Мусулмон киши ўз биродарини Аллоҳ учун севади, Аллоҳ учун ҳурмат қилади, Аллоҳ учун қадрлайди. У билан бўладиган ҳар бир иш Аллоҳ учун бўлади.
У ўз биродари билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашади. Агар икки мусулмон ана ўша ҳолатда бир-бирига муҳаббат қилса, уларнинг бу муҳаббатлари охиратда улкан бахтга эриштиради. Қиёмат куни уларнинг ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таоло соясидан паноҳ топишга муяссар бўлади.
Шунинг учун ҳам биз мусулмон кишилар ўзаро Аллоҳ учун муҳаббат қилишга одатланишимиз керак. Бир-биримиз билан Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашишимиз лозим.
5. «Мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман, деган одам».
Аллоҳ таолодан қўрқиб ўз шаҳватидан кечиш улкан фазилат. Гуноҳ ишдан қўрқиб, ўзини четга олиш, охират азобидан чўчиб, ўзининг оний лаззатидан кечиш катта жасорат. Аллоҳ таоло бундоқ бандани муносиб равишда мукофотлайди. Мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзи чақириб турганида, фақат Аллоҳ таолодан қўрқиб, уни рад этиш улкан қаҳрамонликдир.
Аллоҳ таоло Ўзи учун кечилган оний лаззатни жаннатдаги доимий ҳалол лаззат билан алмаштиради. Бунинг учун, аввало, мазкур қаҳрамонликни қилган одамни қиёмат куни Ўз соясига олади.
Биз мусулмонлар бундай мардликка ҳамиша тайёр туришимиз керак, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбиялашимиз лозим.
6. «Садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган садақани билмай қолган одам».
Исломда хайр-садақа қилишга, шу йўл билан бева-бечора, етим-есирларга иқтисодий ёрдам беришга қаттиқ тарғиб қилинади. Шу билан бирга, садақанинг махфий бўлиши марғуб саналади. Ана ўшанда садақа риёдан ҳоли бўлади. Энг муҳими, садақани олаётган киши хижолат бўлмайди, садақа Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлади.
Шу маънода садақани махфий қилиш афзал саналади. ҳадиси шарифда бу маъно ажойиб услуб ила баён қилинмоқда, чап қўли ўнг қўли берганини билмай қоладиган одам, дейилмоқда. Бу эса садақа қанчалик махфий бўлса, шунчалик яхши эканига далолат.
Аввалги пайтларда мусулмонлар шундоқ қилганлар. Мискинлар, камбағаллар, бева-бечоралар ўзларига қилинган хайр-садақадан хурсанд бўлиб, Аллоҳга шукр айтганлар, садақа берганларни эса, Аллоҳ уларга ҳам ажрини берсин, деб дуо қилганлар. Чунки ким садақа қилганини била олмас эдилар.
Бизлар ҳам ана ўшандоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Хайр-садақа Аллоҳ учун бўлганидан кейин, у ҳар қанча махфий қилинса ҳам Аллоҳ билиб олаверади. Ушбу ҳадиси шарифга қараганда Аллоҳ таоло садақанинг махфийини яхши кўради. Махфий садақанинг мукофоти ҳам улкан бўлади. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топилади. Ана шу бахтга муяссар бўлай, деган киши садақани ўта махфий қилишга ҳаракат этсин. Бу махфийлик чап қўли ўнг қўли қилган садақани билмай қоладиган даражада бўлса, яна ҳам яхши.
7. «Аллоҳни ҳоли қолиб эслаганида кўзидан ёш оққан одам».
Бу ерда тақводорлик риёкорликдан ҳоли бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Кишилар кўзига тақводор бўлиб кўриниш жуда ҳам осон. Кўпчилик олдида Аллоҳни эслаб кўзидан дув-дув ёш тўкадиганлар оз эмас. Лекин ҳақиқий тақводор ёлғиз ўзи қолганда Аллоҳдан қўрқиб кўзидан ёш тўкадиган одамдир. Ана ўшандоқ даражага етган одамгина ҳақиқий тақводор ҳисобланади. Ана ўшандоқ даражага етган одамгина Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандоқ бандалар қаторида қилсин ва ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин.
384 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: إِمَامٌ عَادِلٌ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ اللهِ عَزَّ وَجلَّ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مَعَلَّقٌ بِالْمَسَاجِدِ، ورَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ؛ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ، وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ دَعَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ: إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ بِصَدَقَةٍ، فَأَخْفَاهَا حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ تَعَالَى خَالِياً فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 660، م 1031].