386. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча иймон келтирмайсиз. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар уни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз: ораларингизда саломни ёйинглар!»
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлиш гўзал амаллардандир. Бу ҳақида кўплаб ҳадислар нақл қилинган.
Ҳадис шарҳида Имом Нававий: “Фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлади”, — дейдилар. Иймонимиз комил бўлиши, ҳолатимиз яхшиланиши ўзаро меҳр-муҳаббатга боғлиқ экан, шунга ҳаракат қилишимиз керак. Албатта, инсон меҳр-муҳаббат билан тирикдир.
Инсонларни бир-бирига яқинлаштирадиган, гўзал хислатлар борки, улардан бири кечиримлилик, гина сақламасликдир. Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 22-оятида марҳамат қилган: “… балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган самимий муҳаббат туфайли мусулмонлар жамияти барпо қилинди. Бунга ўхшаш нарса тарихда ҳеч қачон учрамаган. Унинг ажойиб жипслигини (бирдамлигини, иноқлигини) қуйидаги сўзлар билан тавсифлади: “Мўминлар ўзаро муносабатларда айрим қисмлари бир-бирини мустаҳкамлайдиган иншоотга ўхшайдилар” (Бухорий, Муслим). Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминлар бир-бирларига муҳаббат, меҳр ва ҳамдардликда бир танага ўхшайдилар: унинг бир қисмига дард тегса, бунга жавобан бутун тана уйқусиз бўлиб, иситмалайди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Исломнинг барча арконлари мусулмонларнинг бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган: намоз, закот, рўза ва ҳаж. Намоз – Аллоҳ таолога ибодат қилиш асосидир. Келиб чиқиши, тили, ирқи, минталитетининг турли хиллигига қарамай барча мусулмонлар бир хил ибодат қилишади. Бу эса уларнинг бирлигини ифода этади. Бунинг устига, фарз намозлари бир кунда бир неча маротаба жамоат билан елкама-елка туриб адо қилинади. Масжидларда ягона мақсад учун учрашиб туришади. Бойлиги нисобга етганлар кам таъминланган фақир ва мискинларга закот бериши фарз қилинган. Бу улар орасидаги алоқаларни янада кучайтиради. Рўза ибодати молиявий таъминланган мусулмонларни муҳтож биродарларининг ҳолатига туширади. Бу икки тоифани тенг мақомга қўяркан, уларни бир бирларини қўллашга ундайди. Ҳаж ер юзидаги барча мусулмонларни бирлаштиради. Уларнинг бир хил кийимда бўлиши, Аллоҳ олдида тенг эканининг рамзи бўлади.
Шундай қилиб, Ислом Умматининг бирлиги – шариатнинг муҳим мақсадидир. Буни амалга ошириш учун ким бўлишидан қатъий назар, барча мусулмонлар шунга қараб ҳаракат қилишлари керак.
386 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ لَا تَدْخُلُوا الجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلَا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلَامَ بَيْنَكُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [54/94].