388. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлар ҳақида шундай дедилар: «Уларни фақат мўмин одам яхши кўради. Уларни фақат мунофиқ кимса ёмон кўради. Ким уларни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам уни яхши кўради. Ким уларни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам уни ёмон кўради».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Нафс ҳақ ишни қилиб, ҳақ йўлда юрганни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам мўминларнинг нафслари саҳобаларнинг муҳаббати билан тўлади. Агар улар бўлмаганларида эди, дин бизгача етиб келмаган бўларди. Улар ўз қонларини, жонларини, молларини шу дин ривожи учун фидо қилдилар. Шунинг учун уларни яхши кўриш иймон аломати, уларни ёмон кўриш нифоқ аломатидир. Бу муҳаббат шариатнинг талаби ҳамдир.
Набий алайҳиссалом: “Иймоннинг энг мустаҳкам боғичи Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир” дедилар.
(Абу Довуд Таёлисий “Муснад”да ривоят қилган).
Демак, нифоқдан сақланиш саҳобаларни яхши кўриш билан ҳам бўлар экан. Бу муҳаббат муҳожирларни ҳам, ансорларни ҳам ўз ичига олади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Иймоннинг аломати ансорларни яхши кўриш ва нифоқнинг аломати ансорларни ёмон кўришдир”. Муттафақун алайҳ.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейдилар: “Бу ерда уларни ёмон кўришдан огоҳлантириш ва уларни яхши кўришга тарғиб келди. Ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг фазилатлари буюклигини, қилган ишлари улуғлигини билдириш учун буни иймон ва нифоқнинг аломати қилдилар. Улар билан шерик бўлганларнинг ҳаммалари ушбу фазлда ҳам шерикдирлар. Барчалари ўз адолати билан танилган эдилар. Ансорлар ҳақида жорий бўлган нарса бошқа барча саҳобалар ҳақида ҳам жорийдир”.
Баъзи саҳобалар ҳақида хос ривоятлар ҳам келган. Масалан, Набий алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳу ҳақларида шундай деганлар: “Сени фақат мўмин киши яхши кўради. Сени фақат мунофиқ кимса ёмон кўради”.
(Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилишган).
Бу ҳадисда у зотни яхши кўришга тарғиб, ёмон кўришдан қайтариқ бор. Нифоқдан қутулай деган киши барча саҳобаларни, жумладан, Али розияллоҳу анҳуни ҳам яхши кўриши, уларни ёмон кўришдан эҳтиёт бўлиши керак экан.
Агар мўмин банда мунофиқлар борасида келган ояту ҳадисларни кўз олдига келтирса, Аллоҳ уларга тарйёрлаб қўйган бу дунёдаги шармандалик, қабрдаги қийноқлар ва охиратдаги азобларни, Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишларини, дўзахда абадий қолишларини кўз олдига келтирса, уларнинг йўлларини ва ишларини ёмон кўрадиган бўлиб қолади. Шунда Аллоҳ уларни мунофиқларнинг ёмонлигидан ҳимоя қилади, мунофиқликдан паноҳ беради. Агар кичик нифоқ (амалий нифоқ) кишини иймонидан айирмаса ҳам, уни ислом миллатидан чиқармаса ҳам, иймон заифлигига очиқ-ойдин далил ҳисобланади. Охири бориб у катта нифоқ (эътиқодий нифоқ)қа олиб боради.
388 - وَعَنِ البَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ فِي الأَنْصَارِ: «لَا يُحِبُّهُمْ إِلَّا مُؤمِنٌ، وَلَا يُبْغِضُهُمْ إِلَّا مُنَافِقٌ، مَنْ أَحَبَّهُمْ أَحَبَّهُ اللهُ، وَمَنْ أَبْغَضَهُمْ أَبْغَضَهُ اللهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3783، م 75].