392-ҳадис

 392. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг қўлларимдан ушлаб, шундай дедилар: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма, аъинни ъалаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибаадатик» дейишни канда қилмаслигингни васият қиламан».

Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ва Насаий саҳиҳ иснод билан ривоят қилишган.

Маъноси: «Эй Аллоҳим, Сени зикр этишда, Сенга шукр қилишда ва ибодатингни гўзал бажаришда менга ёрдам бер».

Шарҳ: Солиҳ амалда бардавом бўлишга ёрдам берувчи энг катта сабаблардан бири – Аллоҳ азза ва жалладан ёрдам ва мадад сўрашдир. Зеро, Аллоҳнинг ёрдамига эга банда ҳақиқий мадад устида, Аллоҳнинг ёрдамидан маҳрум кимса ҳақиқий ёрдамсиздир.. Шундай экан, Аллоҳдан сизни тўғри йўлда қилишини, ҳаққа муваффақ этишини, Ўзи сизни қўллаб-қувватлашини ва Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар устида сизга ёрдам беришини сўранг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг қўлини ушлаб туриб: «Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман. Сиз ҳар бир намоздан кейин: «Эй Аллоҳ, менга Сени зикр қилишимга, Сенга шукр қилишимга ва Сенга чиройли ибодат қилишимга ёрдам бергин» деб айтишни асло қўйманг», деб айтишни ўргатдилар.

Шундай экан, сиз Аллоҳдан Уни рози қиладиган солиҳ амалларда сизга ёрдам беришини сўранг.

392 - وَعَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، أَخَذَ بِيَدِهِ وَقَالَ: «يَا مُعَاذُ؛ وَاللهِ إِنِّي لأُحِبُّكَ»، فَقَالَ: «أُوصِيكَ يَا مُعَاذُ: لَا تَدَعَنَّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ تَقُولُ: اللَّهُمَّ؛ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ» حَدِيثٌ صَحِيحٌ، رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ بِإسْنَادٍ صَحِيحٍ [د 1522، س 3/53].


Улашиш
|
|
Нусха олиш