395-ҳадис

395. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Агар Аллоҳ бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин!» дея нидо қилади. Шунда Жаброил уни яхши кўради. Кейин Жаброил осмон аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сиз ҳам уни яхши кўринг!» деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Сўнгра унинг мақбуллиги ерга индирилади».

Муттафақун алайҳ.

Имом Муслимнинг ривоятида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Жаброилни чақириб, «Мен фалончи бандамни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўр», дейди. Жаброил уни яхши кўради. Сўнг Жаброил осмонда нидо қилиб, «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» дейди. Осмон аҳли ҳам уни яхши кўради. Сўнгра у ерда ҳам маҳбуб қилиб қўйилади. Агар Аллоҳ бир бандасини ёмон кўрса, Жаброилни чақириб, «Мен фалончи бандамни ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўр», дейди. Жаброил уни ёмон кўради. Сўнг Жаброил осмон аҳлига нидо қилиб, «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар!» дейди. Осмон аҳли ҳам уни ёмон кўради. Сўнгра у ерда ҳам манфур қилиб қўйилади».

 

Шарҳ: Демак, Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қозонаман деган одам Аллоҳ таолони рози қилишга ҳаракат қилсин. Одамларнинг муҳаббатини қозонаман деган одам ҳам Аллоҳ таолони рози қилишга ҳаракат қилсин.

Энг гўзал муҳаббат – сиз ҳақингизда Жаброил алайҳиссалом осмон аҳлига: “Албатта Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринг!”, деб нидо қилишидир. Шунда осмон аҳли ҳам, ер аҳли ҳам сизни яхши кўради.

Ҳақиқий машҳурлик ана шу. Сени ерда ҳеч ким танимасада самода танишади. Қанча-қанча машҳурлар бор. Уларни ерда кўпчилик танийди. Аммо Аллоҳ унга эътибор бермайди, илтифот қилмайди. У яхшиликда тонг оттирдими ёки ёмонликда тонг оттирдими Аллоҳ унга парво қилмайди.

Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ сени яхши кўриб Жаброил алайҳис саломга: “Эй Жаброил! Мен фалончини яхши кўрдим. Сен ҳам уни яхши кўр”, дейиши ва Жаброил алайҳис салом ҳам фаришталарга нидо қилиб: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўрди, сиз ҳам уни яхши кўринг”, демоғидир.

Ҳақиқий машҳурлик қўлингни дуога очганингда фаришталар: “Эй Аллоҳ! Таниқли бандангдан таниқли дуо келди”, дейишларидир

Ҳақиқий машҳурлик бошингга бало келганида фаришталар шовқин солиб худди Иброҳим алайҳис салом оловга ташланганларида қилганлари каби сенинг ҳаққингда дуо қилиши ва сен учун барчаси сафарбар бўлишидир.

Ҳақиқий машҳурлик бу Аллоҳ таоло қалбингга боқиб унда Ўзидан бошқани кўрмаслиги, сени Ундан бошқани истамаслигингни билиши ва сени Ўзига муқарраб бандалар сафида ёзиб қўйишидир.

Ҳақиқий машҳурлик Аллоҳ таоло сендан рози бўлиб сени Ўзининг ибодатига мусаххар қилиши, сенга тоат эшикларини бир-бир очишидир. Агар У бир бандасини яхши кўрса уни Ўзи томон бошлайди.

Ҳақиқий машҳурлик мискинлар сени ўз боқувчилари деб билишлари, синган кишилар сени юпатувчи деб билишлари ҳамда фақирлар сени ўзларига ёрдамчи деб билишларидир.

Ҳақиқий машҳурлик масжидларнинг йўллари сени таниши, бомдод намози сени соғиниб кутиб олиши, қуръон сенинг қўлларингни эслаб қолиши, унда бармоқ изларинг қолиши, саждагоҳинг сен бўлмаганингда сени соғинишидир.

Булардан бошқаси ичи бўш, алдоқчи ва қалбаки машҳурликдир.

 

 

395 - وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَحَبَّ اللهُ تَعَالَى العَبْدَ، نَادَى جِبْريلَ: إنَّ اللهَ تَعَالَى يُحِبُّ فُلَاناً، فَأَحْبِبْهُ، فَيُحِبُّهُ جِبْرِيلُ، فَيُنَادِي فِي أَهْلِ السَّمَاءِ: إنَّ اللهَ يُحِبُّ فُلَاناً، فَأَحِبُّوهُ، فَيُحِبُّهُ أهْلُ السَّمَاءِ، ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ القَبُولُ فِي الأَرْضِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3209، م 2637].

وَفِي رِوَايَةِ مُسْلِمٍ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ اللهَ تَعَالَى إِذَا أَحَبَّ عَبْداً دَعَا جِبْرِيلَ، فَقَالَ: إِنِّي أُحِبُّ فُلَاناً فَأَحِبَّهُ، فَيُحِبُّهُ جِبْرِيلُ، ثُمَّ يُنَادِي فِي السَّمَاءِ، فَيَقُولُ: إنَّ اللهَ يُحِبُّ فُلَاناً فَأَحِبُّوهُ، فَيُحِبُّهُ أَهْلُ السَّمَاءِ، ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ القَبُولُ فِي الأَرْضِ، وَإِذَا أبْغَضَ عَبْداً دَعَا جِبْريلَ، فَيَقُولُ: إِنّي أُبْغِضُ فُلَاناً فَأَبْغِضُوهُ، فَيُبغِضُهُ جِبْرِيلُ، ثُمَّ يُنَادِي فِي أَهْلِ السَّماءِ: إنَّ اللهَ يُبْغِضُ فُلَاناً فَأَبْغِضُوهُ، ثُمَّ تُوضَعُ لَهُ البَغْضَاءُ فِي الأَرْضِ» .


Улашиш
|
|
Нусха олиш