396-ҳадис

396. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини бир сарияга бош қилиб юбордилар. У ҳамроҳларига намоз ўқиб бериб, қироатини «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан тугатарди. Улар қайтишгач, буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. У зот: «Ундан сўранглар‑чи, нега бундай қилар экан?» дедилар. Ундан сўрашган эди, «Чунки у Раҳмоннинг сифатидир. Мен уни ўқишни яхши кўраман», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга айтиб қўйинглар, Аллоҳ ҳам уни яхши кўради», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, мадиналик ансорий саҳобалардан бир киши Қубо масжидида имомлик қиларди. У намозда Фотиҳа сурасидан кейин зам сура ўқишдан олдин ихлос сурасини ўқир ва кейин бошқа сурани зам қилиб рукуъга кетар эди. Бу одатини ҳар намозда ва ҳар ракатда канда қилмас экан.

Намозхонлар унга бу ишини гапиришди. Сен қанақа имомсан, нимага ҳар ракатда Ихлос сурасини зам қилиб, у ҳам етмагандек ортидан яна битта сура зам қиласан?! Ё фақат Ихлосни ўзини зам қил, ёки уни ўқимасдан бошқа сурани зам қил—дейишди.

Имом: “мен бу одатимни тарк қилмайман. Хоҳласаларинг шу, хоҳламасаларинг ўзларингга бошқа имом топиб олинглар”—деди. Қавм ичида ундан кўра Қуръон ва суннатни яхши биладиган бошқаси йўқ эди. Бошқа одамни имомлик қилишига кўнгиллари бўлмади.

Бир куни Қубога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб қолди. Жамоат ҳалиги имомнинг одатини Ул зотга айтиб беришди. Пайғамбаримиз уни чақириб:

Сени ҳар ракатда бир марта “Ихлос” сурасини ўқишга нима мажбур қиляпти?”—деб сўради. У:

Эй Аллоҳнинг Расули, мен “Ихлос” сурасини яхши кўраман—деб жавоб берди. Расулуллоҳ:

Шу муҳаббатинг сени жаннатга олиб киради! – дедилар. 

(Сунани Термизий /2901)

 

Саҳл ибн Саъд Соъидийдан ривоят қилинади: Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб фақирлик ва турмуш танглигидан шикоят қилди. Унга Расулуллоҳ: “Ҳар қачон уйга кирганингда салом бериб кир. Агар уйда ҳеч ким бўлмаса менга саловат айт ва бир марта ихлос сурасини ўқи”, деб тавсия қилди. У айтилган тавсияга амал қилиб бой бўлиб кетди. Ҳатто қўшниларига ҳам ёрдам қилар даражага етди. (Тафсири Қуртубий).

396 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، بَعَثَ رَجُلًا عَلَى سَرِيَّةٍ، فَكَانَ يَقْرَأُ لأَصْحَابِهِ فِي صَلَاتِهِمْ، فَيَخْتِمُ بـ {قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ} فَلَمَّا رَجَعُوا ذُكِرَ ذَلِكَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: «سَلُوهُ لأَيِّ شَيْءٍ يَصْنَعُ ذَلِكَ»؟ فَسَأَلُوهُ، فَقَالَ: لأَنَّهَا صِفَةُ الرَّحْمَنِ، فَأَنَا أُحِبُّ أَنْ أَقْرَأَ بِهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَخْبِرُوهُ أَنَّ اللهَ تَعَالَى يُحِبُّهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7375، م 813].


Улашиш
|
|
Нусха олиш