403. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни Жуҳайна қабиласининг Ҳурақо уруғи устига юбордилар. Биз у қавмга тонгда ҳужум қилдик ва уларни енгдик. Мен бир ансорий билан улардан бирининг кетидан етиб олдим. Биз уни қуршаб олган эдик, у «Лаа илааҳа иллаллоҳ!» деди. Ансорий ўзини тўхтатиб қолди, аммо мен найзамни санчиб, уни ўлдириб қўйдим.
Қайтиб келганимизда бу хабар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. У зот менга: «Ҳой Усома! «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ҳам уни ўлдирдингми?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, у қутулиб қолмоқчи эди, холос», дедим. У зот яна: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ҳам уни ўлдирдингми?» дедилар. У зот буни менга қайта-қайта такрорлайвердилар, ҳатто қанийди ўша кунгача мусулмон бўлмаган бўлсам, деб орзу қилиб қолдим».
Муттафақун алайҳ.
Бошқа ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса ҳам уни ўлдирдингми?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, у буни қуролдан қўрқиб айтди, холос», дедим. У зот: «Қалбини ёриб кўрдингмики, шунинг учун айтган-айтмаганини билсанг?» дедилар ва буни такрорлайвердилар, ҳатто мен Исломга ўша куни кирган бўлсам эди, деб орзу қилдим».
Шарҳ: Ибн Исҳоқнинг ривоятида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда хабар бердик. Шунда у зот:
«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уни ўлимдан қутулиш учунгина айтди», дедим.
«Эй Усома! «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дан кейин сенга ким шафоат беради?!» дедилар.
У зотни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, менга ўша гапларни қайта-қайта такрорлайверганларидан «Олдин ўтган Исломим бўлмаса эди, Исломга бугун кирган бўлсаму, уни қатл қилмасам эди», деб орзу қилдим ва:
«Аллоҳга аҳд бериб айтаманки, энди ҳеч ҳам «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган одамни қатл қилмайман!» дедим.
«Мендан кейин ҳам-а?» дедилар у зот.
«Сиздан кейин ҳам», дедим».
Ҳа, ўшанда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу учун бир умрга етиб, ортадиган набавий дарс берилган эди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ушбу дарсни умр бўйи унутмадилар ва «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтган бирор кишига ёмонликни раво кўрмадилар.
Энди Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга берилган иккинчи набавий дарсга бир назар ташлайлик.
Имом Бухорий, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу, Термизий, Аҳмад ва Насаийлар шундай ривоят қиладилар:
«Ўғрилик қилган маҳзумиялик бир аёлнинг ҳоли қурайшликларни ташвишга солди. Улар:
«У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?» дейишди.
Кейин: «У зотга Усома – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбубидан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?!» дейишди.
Бас, Усома у зотга бу ҳақда гапирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Аллоҳнинг ҳаддларидан бирида шафоатчилик қиласанми?!» дедилар.
Сўнгра туриб, хутба қилиб:
«Эй одамлар! Албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларида шарифлари ўғрилик қилса, қўйиб юбориб, заифлари ўғрилик қилса, унга ҳаддни қоим қилишлари сабабидандир. Аллоҳ номи билан қасамки, агар Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилса ҳам, албатта, унинг қўлини кесурман!» дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Сўнгра ҳалиги аёл ҳақида амр қилдилар. Унинг қўли кесилди», дейилган».
Ўғрилик қилган аёлнинг исми Фотима бинти ал-Асвад ал-Махзумия бўлиб, у машҳур Қурайш қабиласининг Бани Махзум уруғидан бўлган.
Қурайшликлар ўз обрўларини сақлаб қолиш учун воситачилик қилиб бўлса ҳам, жиноятчини жазодан қутқариб қолиш одатини бу ерда ҳам ишга солмоқчи бўлиб, воситачи излашган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари, яъни эркатойлари бўлганлиги учун у зот унинг гапини қабул қилишларини яхши билишган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳақиқатдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким гапира олмайдиган гапларни гапира олишга журъати бор одам бўлганлар. Шунинг учун ҳам қурайшликлар у кишидан воситачиликни сўрашганда, дарҳол ўртага тушганлар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақнинг олдида ҳеч нарсага эътибор бермас эдилар.
Аллоҳ таоло белгилаб қўйган жазо – ҳадд тўғрисидаги иш ҳокимга етиб борганидан кейин афв этилмайди. Агар ҳоким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлсалар ҳам, бу қоида ўз кучида қолаверади.
Ана шу тарзда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яна бир набавий дарс олдилар. Бу дарс ҳам бир умрга етарли дарс бўлди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу шундан сўнг умрларининг охиригача Аллоҳ таолонинг ҳаддларида ўртага тушиб, воситачилик қилмадилар.
403 - وَعَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: بَعَثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِلَى الْحُرَقَةِ مِنْ جُهَيْنَةَ، فَصَبَّحْنَا القَوْمَ فَهَزَمْنَاهُمْ[1]، وَلَحِقْتُ أَنَا وَرَجُلٌ مِنَ الأَنْصَارِ رَجُلًا مِنْهُمْ، فَلَمَّا غَشَيْنَاهُ، قَالَ: لَا إلَهَ إلَّا اللهُ، فَكَفَّ عَنْهُ الأَنْصَارِيُّ، وَطَعَنْتُهُ بِرُمْحِي حَتَّى قَتَلْتُهُ، فَلَمَّا قَدِمْنَا بَلَغَ ذَلِكَ النَّبيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ لِي: «يَا أُسَامَةُ، أقَتَلْتَهُ بَعْدَ مَا قَالَ: لَا إلَهَ إلَّا اللهُ؟!» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنَّمَا كَانَ مُتَعَوِّذاً، فَقَالَ: «أَقَتَلْتَهُ بَعْدَ مَا قَالَ لَا إلَهَ إلَّا اللهُ؟!» فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا عَلَيَّ حَتَّى تَمَنَّيْتُ أَنِّي لَمْ أكُنْ أَسْلَمْتُ قَبْلَ ذَلِكَ اليَوْمِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6872، م 96/159].
وَفِي رِوَايَةٍ: فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَقَالَ: لَا إلَهَ إِلَّا اللهُ وَقَتَلْتَهُ»؟! قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنَّمَا قَالَهَا خَوْفاً مِنَ السِّلَاحِ، قَالَ: «أَفَلَا شَقَقْتَ عَنْ قَلْبِهِ حَتَّى تَعْلَمَ أَقَالَهَا أَمْ لَا؟!» فَمَا زَالَ يُكَرِّرُهَا عَلَيَّ حَتَّى تَمَنَّيْتُ أَنِّي أَسْلَمْتُ يَوْمَئِذٍ [م 96].
«الحُرَقَةُ» بِضَمِّ الحَاءِ الْمُهْمَلَةِ وَفَتْحِ الرَّاءِ: بَطْنٌ مِنْ جُهَيْنَةَ القَبِيلَةِ الْمَعْرُوفَةِ، وَقَولُهُ: «مُتَعَوِّذاً»: أَيْ: مُعْتَصِماً بِهَا مِنَ القَتْلِ لَا مُعْتَقِداً لَهَا.