407. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ўша куни жаҳаннам келтирилади, унинг етмиш мингта тутқичи бўлади, ҳар бир тутқичидан етмиш минг фаришта судраб келади».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Бу ҳадисдан жаҳаннам улкан экани ва у кофир, мушрик ва мунофиқларга муваккал қилингани билиб олинади. Бу ҳадисда қанча фаришта тортиши ҳам баён қилинган. Аллоҳ бандаларини бу каби хабарларни айтиб, қўрқитишидан мақсад улар тақво қилиб, ибодатда бардавом бўлишлари учундир.
Дўзах жуда ҳам улкан бўлиб, у 7 қаватдан иборат. Унинг 7 та дарвозаси бор. Айтишларича, дўзах 7 қават ернинг остидадир. Энг ёмон жойи унинг энг пастки қавати бўлади. У ерга мунофиқлар тушади. Жаҳаннам шунақа чуқурки, агар катта бир тошни ташланса, у жаҳаннамнинг тагига етмиш йил деганда етиб боради.
Қиёмат куни жаҳаннам роса ҳам аччиқланган ҳолда бўлади. У ўзининг ичига ёмон одамлар тушишини билади. Шунинг учун уларни ютиб ёндиришга, азоблашга шайланиб, ғазабланиб келади. Дўзахдаги оловнинг каттиқ ёнаётганидан ундан қарсиллаган, тарақлаган, гумбурлаган овозлар чиқиб туради. Кейин гуноҳкорларни дўзахга ташлаш бошланади. Фаришталар ёмон одамларнинг номини айтиб: «Фалончи ўғли фалончи кани?!» – деб биттама-битта чақирадилар. Кофир, мунофиқ ва фосиқларни тутиб, уларнинг қўлларини гарданларига, оёқларини бошларига килиб боғлайдилар. Бўйинларига занжирлар соладилар. Сўнг темирлар билан уриб, жаҳаннамга судраб борадилар ва оловга улоқтирадилар. Золим кимсага: «Сен дунёда ўзингни ҳаммадан зўр, ақлли, энг кучли санаб юрар эдинг, мана, энди азобингни торт!» – деб айтадилар.
407 – وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يُؤْتَى بِجَهَنَّمَ يَوْمَئِذٍ لَهَا سَبْعُونَ أَلْفَ زِمَامٍ، مَعَ كُلِّ زِمَامٍ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ يَجُرُّونَهَا» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2842].