408-ҳадис

408. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат куни дўзах аҳлининг азоби энг енгили – икки оёғининг тагига чўғ қўйилиб, ундан мияси қайнаб турадиган кишидир. У ҳеч кимнинг азоби меникидан қаттиқ эмас, деб ўйлайди, ваҳоланки, у уларнинг азоби энг енгилидир», деганларини эшитганман».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ким кофирликда вафот топса, унга бажарган амаллари манфаат бермайди. Чунки бу ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида ворид бўлган. Ваҳоланки, Абу Толиб Пайғамбар алайҳиссаломга кўмак бериб, ҳимоя қилишига қарамасдан боболари динида қолиб вафот топган. Шунча ёрдам қилишига қарамасдан у кишининг яхши амаллари иймонсиз ҳолда амалга оширилгани учун наф бермади.

Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда бу ҳақда тўхталиб ўтилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳлининг азоби энг енгили Абу Толибдир, кийган (оловли) икки шиппагидан мияси қайнаб туради», дедилар».

Дўзахга тушган одамларнинг устларида ҳам олов, остларида ҳам олов, ўнгу сўл томонларида ҳам фақат олов! Бўйинларида айланган оғир занжирлар. Уларнинг овқатлари ҳам, ичимликлари ҳам олов бўлади. Яна уларга эритилган мисдан кийим кийгазилади. Бу азобни яна ҳам кучайтиради.

Дўзах олови билан бу дунёнинг олови орасида кандай фарқ бор? Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «…Сизларнинг бу оловингиз жаҳаннам оловининг етмишдан бир қисмидир». Демак, жаҳаннамнинг олови жуда ҳам каттиқ ва кучли бўлади.

Аллоҳ Қуръонда биз бу дунёдаги оловни дўзахни эслатиб турадиган килдик, деган. Қадимда баъзи тақводор кишилар оловни кўрсалар, дўзах эсларига тушиб, ранглари оқариб кетар эди. Қуръондаги дўзах ҳақидаги оятлар ўқилса, қўрқиб йиғлар эдилар.

Дўзахдаги кишилар оловда ёниб туриб ҳам яна бошқа азоблар билан азобланадилар. Жаҳаннам фаришталари уларнинг юзлари ва баданларига темирлар билан урадилар. Дўзахийларнинг суяклари синиб, майдаланиб кетади, гўштлари титилиб, осилиб ётади. Ичларидан, оғизларидан қон-йиринглар оқади. Қўл-оёқлари боғлаб кўйилгани учун оловда юзлари, бошлари билан думалаб юрадилар. Юзлари кўмирдек қорайиб колади. Терилари куйиб тушиб кетади. Аммо унинг ўрнига яна янги терилар пайдо бўлади. Яна азоб, яна олов. Улар оловда ёниб, «сув-сув», деб ялинадилар. Шунда уларнинг устларидан кайнок сув куйилади. Оғизларидан ҳам қайноқ сув қуйилади. Улар бу дунёда айбсиз одамларни қийнаган, ўлдирган, ҳар хил гуноҳларни қилган, Аллоҳдан қўрқмаган бераҳм кишилар бўлишгани учун шундай азобланишади.

408 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ أَهْوَنَ أَهْلِ النَّارِ عَذَاباً يَوْمَ الْقِيامَةِ لَرَجُلٌ يُوضَعُ فِي أَخْمَصِ قَدَمَيْهِ جَمْرَتَانِ يَغْلِي مِنْهُمَا دِمَاغُهُ، مَا يَرَى أَنَّ أَحَداً أَشَدُّ مِنْهُ عَذَاباً، وَإِنَّهُ لأَهْوَنُهُمْ عَذَاباً» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6561، 213].


Улашиш
|
|
Нусха олиш