«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар оламларнинг Робби ҳузурида турадиган кун»да[1] ҳатто бирлари қулоғининг ярмигача ўз терига ботиб кетади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Уларнинг юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолгувчидирлар» (Мўминун сураси, 104) ояти хусусида олимларидан бири дейди: «Бу жаҳаннам оловининг бир марта куйдиришидир. Шу куйдиришда этлар суякдан ажраб, тўпиққача шилиниб тушади».
Жаҳаннам аҳлининг баданларидан оқаётган бадбўй йирингларни кўз олдингга келтироласанми?! Улар ўша сассиқ йирингларга ғарқ бўлишган.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Агар жаҳаннам йирингидан бир пақири дунёга тўкилса, бутун ер аҳли бадбўй, сассиқ ҳидга кўмилган бўларди» (Термизий ривояти).
«Унинг(яъни, ҳар бир кофир кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди...» (Иброҳим сураси, 16-17-оятлар).
«...Агар улар (ташналик шиддатига чидолмай) сув сўрасалар, уларга эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у» (Каҳф сураси, 29-оят).
Кейин уларнинг «заққум» деб аталмиш таоми хусусида фикр эт. Аллоҳ таоло деди:
«Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлар! Шак-шубҳасиз, (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан егувчи, ундан қоринларингизни тўлдиргувчидирсизлар. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичгувчи, (ичганда ҳам) ташна, тўймас туялар каби ичгувчидирсизлар!» (Воқеа сураси, 51-55-оятлар).
«Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. Бас, улар (яъни, дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдиргувчидирлар. Сўнгра албатта улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни, уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур). Сўнгра албатта уларнинг яна қайтадан дўзахга қайтишлари бордир» (Яъни, қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур) (Вассоффот сураси, 64-68-оятлар).
«(Улар) қизиган дўзахга кирур! Қайнаб турган булоқдан суғорилур!» (Ғошия, 4-5-оятлар).
«Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир! Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!» (Муззаммил сураси, 12-13-оятлар).
Ибн Аббос Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади:
«Агар дунё денгизларига «заққум»нинг бир томчиси тўкилса, дунё аҳлининг бутун ҳаётини бузади» (Термизий ривояти).
Бир томчиси шунчалик бўлса, таоми «заққум» бўлган кишининг ҳоли не кечаркан?!
Анас айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ сизларга тарғиб этган нарсаларга рағбат қилинг. Аллоҳ сизларни қўрқитган нарсанинг азобидан, жазосидан, жаҳаннамдан сақланинг. Агар сиз яшаётган бу дунёга жаннатдан бир парча тушса, ҳаётингиз ниҳоятда гўзал ва кўркам бўлиб кетарди.
Агар унга дўзахдан бир парча тушса, бутун ҳаётингиз булғанган бўларди» (Байҳақий ривояти).
Абу Дардо Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлигини айтади: «Жаҳаннам аҳли жаҳаннам азоблари баробар очликка дучор этилади. Улар таом сўрайдилар. Уларга озиқ бўлмайдиган, очликни зиёда қиладиган «зарийъ»(заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик)дан бўлган таом берилади. Улар «таом, таом» деб бақиришади. Шунда уларга томоқларини бўғадиган таом берилади. (Дунё ҳаётида) томоққа нимадир тиқилиб қолганида уни сув билан ютиб юборганларини эслаб, сув сўрайдилар. Уларга темир чангакларга илинган идишларда қайноқ сув узатилади. Идишга яқинлишишлари билан чангакнинг ҳовурли тафти юзларни ёндиради, ичган сувлари тамоми аъзоларини куйдиради. Кейин улар бир-бирларига: «Жаҳаннамнинг қўриқчиларини чорланглар» деб қолишади. «(Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида, улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!». «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)» деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)» (Ғофир, 49-50-оятлар).
«Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз (яъни, жаҳаннам азобига лойиқдирмиз). (Аллоҳ) айтди:
«(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз» (Мўминун, 107-108-оятлар).
Ўшанда улар оҳу фарёд қилиб, туганмас ҳасратга ботадилар.
«Унинг (яъни, ҳар бир кофир кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, ўлолмайди.
Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим, 16-17) ояти хусусида Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини Абу Умома ривоят қилади: «Унга йирингли сув яқинлаштирилганида, жирканади. Янада яқинлаштирилганида юзи (ўтдек) ёнади. (Қайноқ сув) бош терисига тўкилади. Ичган сувлари ичакларини ёриб юборади, парча-парча бўлган ичаклар унинг орқасидан тушади». Аллоҳ таоло дейди:
«..(Жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад, 15-оят).
Жаҳаннамнинг илон ва чаёнлари тўғрисида ҳеч ўйлаганмисан? Уларнинг заҳарлари ўткир, кўринишлари қўрқинчли, совуқ қарашларидан баданлар
музлайди. Уларнинг ҳамла билан ташланиб, чақиб-чақиб олишларига қандай чидаш мумкин.
410 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «{يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ العَالَمِينَ} حَتَّى يَغِيبَ أَحَدُهُمْ فِي رَشْحِهِ إِلَى أَنْصَافِ أُذُنَيهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4938، م 2862].
وَ«الرَّشْحُ» العَرَقُ.