411. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар, бунга ўхшашини асло эшитмаганман. У зот: «Агар менинг билганимни билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари юзларини тўсганча пиқ-пиқ йиғлашди.
Муттафақун алайҳ.
Бошқа ривоятда келтирилишича,
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобалари ҳақида бир гап етиб келган эди, у зот хутба қилиб, шундай дедилар: «Менга жаннат ва дўзах намоён қилинди. Бугунгичалик (кўп) яхшилик ва ёмонлик кўрмаган эдим. Менинг билганларимни билсангиз, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига ўша кунчалик оғир кун келмаган эди. Улар ҳўнграб йиғлаб, бошларини буркаб олишди.
Шарҳ: Аввалги ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагичадир:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир хутба қилдилар, бунга ўхшашини асло эшитмаганман. У зот: «Агар менинг билганимни билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!» дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари юзларини тўсганча пиқ-пиқ йиғлашди. Шу пайт бир одам: «Менинг отам ким?» деди. У зот: «Отанг фалончи», дедилар. Шунда мана бу оят нозил бўлди: «Ҳар хил нарсалар ҳақида сўрайверманглар. Агар сизга билдирилса, ўзингизга ёмон бўлади». (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчи ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагичадир:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобалари ҳақида бир гап етиб келган эди, у зот хутба қилиб, шундай дедилар: «Менга жаннат ва дўзах намоён қилинди. Бугунгичалик (кўп) яхшилик ва ёмонлик кўрмаган эдим. Менинг билганларимни билсангиз, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига ўша кунчалик оғир кун келмаган эди. Улар ҳўнграб йиғлаб, бошларини буркаб олишди. Шунда Умар туриб, «Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Набий деб рози бўлганмиз!» деди».
Ўшанда бир киши туриб, «Менинг отам ким?» деган эди. У зот: «Отанг фалончи», деган эдилар. Шунда: «Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар ошкор қилинса, ўзингизга ёмон бўлади»[1] ояти нозил бўлди». (Имом Муслим ривояти).
Имом Муслимнинг бошқа ривоятида қуйидагича келган:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намозни ўқиб бердилар. Намозни тугатгач, бизга юзланиб: «Эй одамлар, мен имомингизман. На рукуъда, на саждада, на қиёмда, на тугатишда мендан ўзиб кетманглар. Мен сизларни олдимдан ҳам, ортимдан ҳам кўриб тураман», дедилар. Сўнгра: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, мен кўрган нарсани кўрганингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз», дедилар. «Нимани кўрдингиз, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Жаннат билан дўзахни кўрдим», дедилар».
Намоз амалларини имомдан олдин қилиб бўлмаслиги. Айниқса, руку, сажда, ўриндан туриш ва салом бериб намоздан чиқишларни.
Ким имомдан олдин такбири таҳрима айтса ёки салом берса, намози намоз бўлмайди.
Бошқа амалларни имомдан олдин қилганлар эса гуноҳкор бўлади, намозларининг савоби кетади, аммо намози ботил бўлмайди.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ҳам, ортларидан ҳам баробар кўришлари. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусусиятларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннат ва дўзахни кўрганлари.
Демак, жаннат билан дўзах ҳозир ҳам бор. Уларни кўрган, билган киши оз кулиб, кўп йиғлайди. Шунинг учун доимо жаннат ва дўзахни кўз олдига келтириб яшамоқ керак.
Ана шундоқ тасаввурга эга бўлган одам ўз ҳаётида доимо жаннатга олиб борувчи ишларни қилиб, дўзахга олиб борувчи ишлардан узоқда бўлади.
Шу жиҳатдан ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилмоқ керак. Хусусан, ҳар хил кераксиз нарсаларни савол бериб сўрайвермаслик, имомга иқтидо қилиб намоз ўқиган пайтимизда намоз амалларини ундан олдин қилмасликка, ҳамма нарсани имомдан кейин қилишга муваффақ бўлмоғимиз керак.
[1] Моида сураси, 101-оят.
411 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ خُطْبَةً مَا سَمِعْتُ مِثْلَهَا قَطُّ، قَالَ: «لَوْ تَعْلَمُونَ مَا أَعْلَمُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلًا وَلَبَكَيْتُمْ كَثِيراً» فَغَطَّى أَصْحَابُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وُجُوهَهُمْ لَهُمْ خَنينٌ مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4621، م 2359].
وَفِي رِوَايَةٍ: بَلَغَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَصْحَابِهِ شَيْءٌ، فَخَطَبَ فَقَالَ: «عُرِضَتْ عَلَيَّ الجَنَّةُ وَالنَّارُ، فَلَمْ أَرَ كَالْيَوْمِ فِي الخَيْرِ وَالشَّرِّ، وَلَوْ تَعْلَمُونَ مَا أَعلَمُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلًا، وَلَبَكَيْتُمْ كَثِيراً» فَمَا أَتَى عَلَى أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَوْمٌ أَشَدُّ مِنْهُ، غَطَّوْا رُؤُوسَهُمْ وَلَهُمْ خَنِينٌ [م 2359].
«الخَنِينُ» بِالخَاءِ الْمُعْجَمَةِ: هُوَ البُكَاءُ مَعَ غُنَّةٍ وَانْتِشَاقُ الصَّوتِ مِنَ الأَنْفِ.