412. Миқдод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Қиёмат куни қуёш махлуқотларга яқинлаштирилиб, улардан бир мил мисофада бўлиб қолади. – Ровий Сулайм ибн Омир Миқдоддан ривоят қилиб айтади: «Аллоҳга қасам, мил деб ердаги масофа назарда тутганми ёки кўз бўяладиган чўпними, билмайман». – Ўшанда одамлар амалларининг миқдорига қараб терга ботадилар. Баъзиларининг тери товонигача, баъзилариники тиззасигача, яна баъзилариники белигача бўлади. Тер баъзиларни маҳкам юганлаб олади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб, қўллари билан оғизларига ишора қилдилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Қиёмат кунининг даҳшати буюк, машаққати оғир, у куни одамларга қаттиқ қийинчилик етади, қуёш яқин келтирилади, амалларига қараб терга ботадилар, тер ерда узоқ масофаларга етади.
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
1. Қиёмат кунининг даҳшати оғирлиги;
2. Қуёш одамларга жуда яқин келтирилади, улар қаттиқ терга ботадилар;
3. Тер ҳар бир кишининг амалига қараб тўпиғидан тортиб оғзигача етади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қиёмат куни тер ер юзига етмиш қулоч ёйилиб, одамларнинг оғзигача [ёки қулоғигача] етади».
(Имом Муслим ривояти).
Тугаб битаётган дунёнинг ташвишларига алданаётган, эй ғофил нафс! Сен энди буткул ташлаб кетаётган ўткинчи уйнинг эмас, балки абадий қолиш учун кўчиб ўтаётган охират уйингнинг ғамини е! Чунки ҳар бир инсоннинг жаҳаннамга туширилиши сенга яхши маълум:
«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Биз Ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни жуда яхши билгувчидурмиз. Сизлардан ҳар бирингиз
унга тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингизга (яъни, у Зотнинг амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг Биз тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям сураси, 70-72-оятлар).
Демак, барчанинг, жумладан сенинг ҳам жаҳаннамга тушишинг аниқ, ундан нажот топишинг эса гумон. Боришинг аниқ бўлган жойнинг қўрқинчини қалбдан ҳис қил, шояд ундан нажот топсанг.
Қиёмат даҳшатларини бошдан кечираётган халойиқнинг аҳволини тасаввур қил. Улар қайғу ва қўрқинч ичра тик ҳолатда қотиб қолишган. Қиёмат ҳақида эшитганлари кўзлари ўнгида содир бўляпти, шафоат кутишади. Ўша пайт мужрим – гуноҳкор бандаларнинг атрофини зулмат қоплайди. Бирдан уларнинг устига олов ёлқини «кўлка» ташлайди.
Жаҳаннамнинг ҳовурли нафасини эшитадилар. Бўкирикка ўхшаш бу нафасдан ғазаб учқунлари сачрайди. Ана ўшанда мужрим бандалар ваъда этилган ҳалокатга узил-кесил ишонадилар.Умматлар тиз чўккан ҳолларида келтирилади. Ҳатто дўзахдан нажот топганлар ҳам қўрқувдан дир-дир титрашади. Шунда азоб фаришталаридан бири чиқиб, нидо қилади: «Дунёда нафсини орзу-ҳаваслар билан алдаб, ёмон амаллар билан умрини зое қилган фалончининг ўғли фалончи қани?!» Қалбларга таҳдид солиб, улкан калтаклар билан уни қаттиқ азоб сари ҳайдашади ва «мана бу азобни тотиб кўргин» дея уни жаҳаннам қаърига юз тубан улоқтиришади. Бу тор, қоронғу, хатарларга тўла уйни маскан тутганлар у ерда абадий тутқун бўлишади. У ерда оловлар ёнади, у ердагиларнинг ичадиган сувлари қайноқ, у ердагиларнинг қароргоҳи – жаҳаннам. Жаҳаннам аҳли ўлимни орзу қилишади, лекин у ердан қутулишнинг имкони йўқ.
Арқоннинг у учини бу учига боғланганидек, уларнинг оёқлари ёноқларига боғланади, юзлари гуноҳ зулматидан қорайиб кетади. Улар дўзахнинг у бурчию, бу бурчидан бақирашади: «Эй жазо Кунининг подшоҳи! Азобларинг ҳақ бўлди, темир гурзилар бизни эзди, териларимиз куйди. Эй салтанатнинг танҳо эгаси! Бизни жаҳаннамдан халос эт. Энди биз зинҳор гуноҳ йўлига қайтмаймиз».
Шунда азоб фаришталари дейди: «Ҳайҳот! Орзулар вақти ўтди. Энди сизлар учун бу хорлик диёридан чиқиш йўқ.
Боринг, ичкарироқ киринг, гапирмангиз. Агар у ердан чиқарилсангиз, албатта яна манъ қилинган ишларга қайтасиз». Улар ноумид бўладилар, Аллоҳга яқин бўлатуриб, фурсатни бой берганларига афсус чекадилар. Кошки бу надоматлар фойда берса! Улар юзлари тубан, мағлуб ҳолда боришади. Устларида ва остларида ҳам, ўнгу сўлларида ҳам – олов! Улар олов денгизига ғарқ. Уларнинг таоми олов, шароби олов, либоси олов, тўшаклари ҳам оловдан. Улар қора мойдан бўлган кийимлари билан аланга ичра қолиб, оғир занжирлар ва гурзилар зарбидан азоб чекадилар. Тор йўлаклардан тубанликка тушиб кетаверадилар, зулмат пардаси уларни изтиробга солади. Олов қозонни қайнатган каби жаҳаннам уларни қайнатади. Улар ҳўнграб, ўлимни чорлайдилар.Чорлагани сайин бошлари узра қайноқ суюқлик қуюлади. Бу қайноқ суюқлик уларнинг ичи ва териларини эритиб юборади. Темир гурзилар пешоналарини парчалайди, оғизларидан йиринг оқади, жигарлари иссиқдан ёрилиб кетади. Қорачиқлар ёноқларга оқиб тушади, ёноқларнинг эти силинади, сочу туклар теридан бир-бир юлинади. Терилар куйиб жизғанак бўлганидан сўнг қизиб турган этларга қайтадан тери қопланади. Суяклар этдан ажралади. Томир ва асаб толалари билан боғланган тириклик ришталаригина қолади. Улар ҳам оловнинг шиддатли ҳовуридан қуриб боради.
Азоблар ичра тўлғонаётган жаҳаннамийлар ўлимни орзу қилади, лекин ўлолмайдилар. Айтчи, юзлари иссиқдан қоп-қора тусга кириб, кўзлари кўр, тиллари соқов бўлиб қолган, беллари синиб, суяклари парчаланган, қулоқлари кесилиб, терилари титилиб кетган, қўллари бўйнига, боши ва оёғи бир-бирига чирмаб ташланганларга кўзинг тушса, ҳолинг не кечади?
Улар жаҳаннамга юзлари билан судралиб борадилар, қорачиқларига темир тиканлар босилади. Ўтнинг ёлқини аъзоларининг ич-ичигача ўрлайди. Дўзахнинг илон ва чаёнлари баданларига ёпишади.
Кел, дўзахийлар кўрадиган даҳшатларга яқинроқдан назар сол, жаҳаннам водийлари ва даралари хусусида тафаккур эт.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу ривоят қилади: «Расули акрам шундай деган эдилар:
– «Жуббул ҳузн»га тушиб қолмаслигингиз учун Аллоҳдан паноҳ тилангиз.
– «Жуббул ҳузн» нима? дея сўралди.
– У жаҳаннамдаги шундай водийки, жаҳаннамнинг ўзи ҳар куни етмиш марта ундан паноҳ тилайди. Аллоҳ таоло бу водийни риёкор қорилар учун ҳозирлаб қўйгандир, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Ибн Адий ривояти).
Жаҳаннамнинг кенглиги ва у ердаги қуйилашиб борувчи водийларнинг сони дунё водийлари ва ундаги шаҳват (дунёвий истак)ларнинг ададига мувофиқ келади. Банданинг гуноҳга восита бўладиган аъзоси нечта бўлса, жаҳаннам эшикларининг сони ҳам шунчадир. Бу эшиклар устма-уст қурилган. Улар қуйидаги тартибда жойлашган бўлиб, энг тепадаги эшикнинг номи – Жаҳаннам, кейин – Сақар, Лаззо, Хутома, Саъир, Жаҳим ва Ҳовийа деб аталади. Ҳовийанинг чуқурлиги худди дунё шаҳватлари каби тубсиздир. Шунингдек, дунё ҳаётида бир узв ўзидан каттароқ бошқа узвга бориб улангани каби жаҳаннамдаги Ҳовийа ҳам ўзидан чуқурроқ Ҳовийага бориб уланаверади.
Абу Ҳурайра айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Дафъатан гумбурлаган сасни эшитдик. Шунда Расули акрам:
– Бу нима биласизларми? – сўрадилар.
– Аллоҳ ва расули билгувчироқдир,– дедик.
– Бу етмиш йил олдин жаҳаннамга ташланган тошдир, ҳозир унинг қаърига етди, – дедилар Расули акрам» (Имом Муслим ривояти).
Энди тубанлашув поғоналаридаги тафовутга ҳам бир назар сол. Чунки охират уйи даражот ва фазилатларга бой қароргоҳдир. Зеро, мана шу ҳаётда ҳам бандалар дунёга муҳаббат жиҳатидан фарқланадилар. Кимдир дунёга муккасидан кетиб, унга буткул ғарқ бўлади, кимдир маълум чегарада тўхтайди.
Шунингдек, жаҳаннам олови комига тортилиш даражаси ҳам тафовутлидир. Аллоҳ зарра мисқолича зулм қилмайди.
Дўзахга тушган барча кишиларнинг азоби бир хил эмас. Балки ҳар бир дўзахийнинг азобланиш даражаси исёну гуноҳига қараб маълум доирада чегараланган. Агар азоби энг кам дўзахийга бутун дунё тўлалигича берилса, азоб шиддатини камайтириш учун у ўша дунёнинг ҳаммасини фидо қилган бўларди.
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Қиёмат кунида дўзах аҳли тортадиган азобнинг энг енгили – ўтдан кавуш кийиш, кавушнинг ҳарорати мияни қайнатади» (муттафақун алайҳ).
Бас, шундай экан, бу азобларни ўзига енгил санаётганлардан қандай ажабланмаслигинг мумкин?!
У азобларни ўзига шиддатли билаётган инсондан эса нега ибратланмайсан? Жаҳаннам азобининг шиддатидан шубҳага бораётган бўлсанг, қани, бармоғингни ўтга яқинлаштир ва жаҳаннам азобини шунга қиёс эт. Энди билгинки, сен бу қиёсда адашдинг. Чунки, дунё олови жаҳаннам оловига ўхшамайди. Аммо бу дунёда энг қаттиқ жисмоний азоб ўтнинг куйдиришидир. Шу азоб орқали жаҳаннам нелигини англагандай бўламиз. Лекин бу англаш нақадар ноқис! Агар жаҳаннам аҳли дўзахда дунё оловини топса, жаҳаннам оловидан қочиб, ўзларини дунё оловига урган бўлар эдилар.
Хабарларда келишича, дунё олови етмиш марта раҳмат суви билан ювилганидан сўнг дунё аҳли тоқат қиладиган даражага етди (Ибн Абдулбар ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом жаҳаннам оловини шундай сифатлайдилар: «Аллоҳ таоло жаҳаннамга минг йил ёнишни буюрди, ҳатто олов қизарди. Кейин яна минг йил ёнишга буюрди, олов оқарди. Сўнг яна минг йил ёнишга буюрди, олов қорайди. Жаҳаннам қоп-қора, зимистондир» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом хабар берадилар: «Дўзах Раббига шикоят қилди: - Эй Раббим, ўзим ўзимни еяпман. Парвардигори олам унга икки марта нафас олишга изн берди: ёз ойида бир марта ва қиш ойида бир марта. Ёз мавсумидаги энг иссиқ кун жаҳаннамнинг ҳароратидандир. Қиш мавсумидаги энг совуқ кун жаҳаннамнинг замҳарир совуғидандир» (муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик айтади: «(Қиёмат куни) дунё ҳаётида тўкин-сочин яшаган кофирлардан бири келтирилади ва фаришталарга:
– Уни жаҳаннам оловига бир тиқиб олинг! – дея буюрилади. Ўтга кириб чиққандан сўнг ундан:
– Дунё ҳаётида ҳеч тўкинлик кўрдингми? – деб сўралади.
– Йўқ, – дейди.
Дунё ҳаётида энг кўп озор ва зарар кўрган одам келтирилади ва фаришталарга:
– Уни жаннатга бир киритиб олинг, дея амр қилинади. Сўнгра унга:
– Дунё ҳаётида ҳеч ёмонлик кўрдингми? – деб сўралади.
– Йўқ, асло, – дейди у».
412 - وَعَنِ الْمِقْدَادِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «تُدْنَى الشَّمْسُ يَومَ القِيَامَةِ مِنَ الخَلْقِ حَتَّى تَكُونَ مِنْهُمْ كَمِقْدَارِ مِيلٍ» قَالَ سُلَيمُ بْنُ عَامِرٍ الرَّاوي عَنِ الْمِقْدَادِ: فَوَاللهِ؛ مَا أَدْرِي ما يَعْني بِالْمِيلِ!! أَمَسَافَةَ الأَرْضِ، أَمِ الْمِيلَ الَّذِي تُكْتَحَلُ بِهِ العَيْنُ؟ «فَيَكُونُ النَّاسُ عَلَى قَدْرِ أَعْمَالِهِمْ فِي العَرَقِ، فَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ إِلَى كَعْبَيْهِ، وَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ إِلَى رُكْبَتَيْهِ، وَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ إِلَى حَقْوَيْهِ، وَمِنْهُمْ مَنْ يُلْجِمُهُ العَرَقُ إِلْجَاماً» وَأَشَارَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِيَدِهِ إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2864].