«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди. У зот: «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради. Ким Аллоҳга шерик қилган ҳолда ўлса, дўзахга киради», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ҳам олдингиларига ўхшаб тавҳиднинг фазли, ўз эгасига берадиган улкан самараси ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб, икки вожиб қилувчи сифат ҳақида сўради.
«Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди.
Яъни, икки сифат бор экан. Улар икки нарсани вожиб қилар экан. Шу икки сифат бўлса, ортидан икки нарса келмаса бўлмас экан, ўша икки сифат қайси, демоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва қониқарли жавоб бердилар:
1. «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолида ўлса, жаннатга кириши» вожиб.
Яъни, биринчи сифат муваҳҳид–Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлиш. Бу сифат жаннатга киришни вожиб қилади. Бунга эга бўлган одам жаннатга кирмай қолмайди. Гуноҳига яраша дўзахда ётгандан кейин бўлса ҳам жаннатга киради.
2. «Ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши» вожиб.
Ундай одам дўзахга кирмай қолмас. Чунки Аллоҳ таоло ўзига ширк келтиришни асло кечирмаслигини қатъий равишда таъкидлаган.
Ушбу ҳадисдан тавҳиднинг–Аллоҳга ширк келтирмасликнинг қанчалар улуғ бахт эканини билиб олдик. Шунингдек, ширкнинг қанчалар бадбахтлик эканини ҳам англаб етдик. Шундай экан, муваҳҳид бўлайлик, мушрик бўлиб қолмайлик!
424 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ أَعْرَابِيٌّ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ مَا الْمُوجِبَتَانِ؟ قَالَ: «مَنْ مَاتَ لَا يُشرِكُ بِاللهِ شَيْئاً دَخَلَ الجَنَّةَ، وَمَنْ مَاتَ يُشْرِكُ بِهِ دَخَلَ النَّارَ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [93].