428-ҳадис

428. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига асиралар олиб келинди. Асиралардан бири боласини қидирар, бирорта гўдакни кўрса, уни бағрига босиб, эмизар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Нима дейсизлар, мана шу аёл боласини оловга ташлайдими?» дедилар. Биз: «Йўқ! Аллоҳга қасам», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бандаларига бу аёл боласига меҳрибон бўлганидан ҳам меҳрибонроқдир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Раҳмдиллик – инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали инсон ўзгаларнинг ғам-ташвишларини ҳис қилади, уни бартараф этишга ошиқади, хато ва камчиликларига ўкинади ва доимо тинчлик ва хотиржамлик бўлиши орзуси билан яшайди. Ер юзидаги барча мавжудот ва махлуқотларнинг ўзаро меҳрибон ва раҳмдилликлари Аллоҳ таолонинг уларга Ўз раҳматидан берган бир бўлагининг тажаллисидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Аллоҳ таоло Ўз раҳматини юз бўлак қилди ва ундан бир бўлагини ерга нозил қилди. Ана шу биргина бўлак туфайли махлуқотлар бир-бирига меҳр кўргазади, ҳатто ҳайвон ҳам боласини босиб олишдан қўрқиб, туёғини кўтаради» (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларининг аксари раҳмат, карам, фазл ва афв маъноларидан келиб чиққан бўлиб, бу Парвардигоримизнинг башариятни мағфират қилиши улардан интиқом олиши ва ғазабланишидан кўра кўпроқ содир бўлишини англатади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Албатта, раҳматим ғазабимдан ғолибдир», деган (Имом Муслим ривояти).

Қуръони каримда эса бандаларига: «Роббим!(Гуноҳларимизни) мағфират қил ва раҳм айла! Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан», деб айтинг», деб таълим берган (Муъминун сураси, 118-оят).

Ислом дини таълимоти инсонларни нафақат одамзодга нисбатан, балки атрофимиздаги барча мавжудотларга ҳам бирдек меҳрибон бўлишга тарғиб қилади. Ҳатто жамият учун хавф туғдирадиган унсурларни бартараф этиш ҳам, зарарли ҳайвон ёки ҳашаротларни ўлдиришга изн берилиши ҳам қайсидир маънода инсоният учун қилинган меҳрибончиликнинг бир кўринишидир. Жарроҳ ҳам жароҳатни даволаш учун беморнинг танасига тиғ уради, аъзоларини кесади ва албатта, буни фақат беморни даволаш мақсадида, унга нисбатан раҳм-шафқат юзасидан қилади.
Инсон шунчалик ожиз бандаки, гоҳида билиб ёки билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйганда тавба ва истиғфор билан бирга Аллоҳ таолонинг «Ғофурур Роҳийм» сифатидан умид қилади. Бу эса ҳар бир инсон Аллоҳнинг нақадар кечиримли ва марҳаматли Зот эканини эътироф этишини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар», деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлган одам ўзгаларга ҳам марҳаматли бўлиши лозимдир. Мана шуни таъкидлаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга раҳмли бўлмаган кимсаларга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: «Кимки жаннатда ўзи учун бинолар қурилишини, даражалари кўтарилишини ҳоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

428 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُدِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِسَبْيٍ؛ فَإِذَا امْرَأَةٌ مِنَ السَّبْي تَسْعَى، إِذْ وَجَدَتْ صَبِيّاً فِي السَّبْي أَخَذَتْهُ فَأَلْزَقَتْهُ بِبَطْنِهَا فَأَرْضَعَتْهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَتُرَوْنَ هَذِهِ الْمَرْأَةَ طَارِحَةً وَلَدَهَا فِي النَّارِ؟ قُلْنَا: لَا وَاللهِ، فَقَالَ: «للهُ أَرْحَمُ بِعِبَادِهِ مِنْ هَذِهِ بِوَلَدِهَا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5999، م 2754].


Улашиш
|
|
Нусха олиш