429-ҳадис
429. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло жамики маҳлуқотларни яратгач, Ўзининг ҳузуридаги, Аршнинг устидаги Китобига шундай ёзди: «Менинг раҳматим ғазабимни енгади».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда: «Ғазабимга ғолиб келди», дейилган.

Яна бошқа ривоятда: «Ғазабимдан олдинлаб кетди», дейилган.

Шарҳ: «Аллоҳ таоло жамики маҳлуқотларни яратгач», яъни азалда–махлуқотларни яратишдан олдин, уларнинг тақдирларини белгилаш пайтидаёқ, Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ғазабидан олдин бўлишини тақдир қилиб қўйгандир. Бу ҳадиси шарифда қадар масаласининг бир қисми баён қилинмоқда. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳоли қандоқ бўлишини билган. Чунки У Зотнинг илмининг чегараси йўқ. Ғайбнинг ишини У Зотнинг Ўзигина билади. Бу дунёда қиёматгача бўладиган барча ишни ҳам У Зотнинг Ўзигина билади.

«Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги Китобга»даги китобдан мурод, «Лавҳул Маҳфуз»дир.

Демак, Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Бунга иймон келтириш ҳам лозим нарсалардан биридир.

«Арш» эса, луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламолари келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:

«Арш устидаги Китобга» дейишда ҳиссий маъно кўзда тутилмаган. Чунки Аршнинг устида нарса йўқ. Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган. «Ёзди» дейилишидан мурод эса, қаламга ёзишни буюрди, деган маънони англатади.

Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида «ғайбиёт» деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбий иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан, Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари экани таъкидланмоқда. Бу эса, биз бандаларни Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидвор бўлишимиз учундир.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир», деган.

 

Имом Нававий «Муслим»нинг шарҳида айтдилар:

Уламолар: «Аллоҳнинг ғазаби ва розилиги ирода маъносига қайтади. Унинг иродаси итоаткорга савоб бериш ва бандага манфаат келтириш. Мана шуни ризо ва раҳмат деб номланади. Яна У Зотнинг иродаси гуноҳкорни жазолаш ва хорлаш бўлиб, уни ғазаб деб номланади. Аллоҳ таолонинг қадим сифати бўлиб, у билан барча мақсадларни ирода қилади. «Ўзиб кетди», «ғолиб бўлди» деган сўзлардан бу ердаги мурод қилинган нарса раҳматининг кўплиги ва шомиллигидир. Масалан, фалончида олийжаноблик ва шижоат ғолиб келди, деганда, ўша нарса кўпайгани ирода қилинади.

Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидагиларни истифода қиламиз:

1. Аллоҳ махлуқотлар қазои қадарини уларни яратишдан олдин қилгандир.

2. Аллоҳ махлуқотлар тақдирини «Лавҳул Маҳфуз» китобига ёзгандир.

3. «Лавҳул Маҳфуз» ҳақдир.

4. «Лавҳул Маҳфуз» Аллоҳнинг ҳузуридадир.

5. Арш ҳақдир.

6. Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгаридир.

 

429 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَمَّا خَلَقَ اللهُ الخَلْقَ كَتَبَ فِي كِتَابٍ فَهُوَ عِنْدَهُ فَوْقَ العَرْشِ: إِنَّ رَحْمَتِي تَغْلِبُ غَضَبِي».

وَفِي رِوَايَةٍ: «غَلَبَتْ غَضَبِي» [خ 3194] وَفِي رِوَايَةٍ: «سَبَقَتْ غَضَبِي» [خ 7422، م 2751/15] مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7404، م 2751].


Улашиш
|
|
Нусха олиш