431-ҳадис
431. Имом Муслимнинг Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳнинг юзта раҳмати бор. Шундан бир раҳмати билан жамики махлуқотлар бир-бирига раҳм қилади, тўқсон тўққизтаси эса Қиёмат куни учундир».

Яна бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ осмонлару ерни яратган куни юзта раҳмат яратди. Ҳар бир раҳматнинг кенглиги еру осмон орасичадир. Шундан бир раҳматни ерга қўйди. Ўша (раҳмат) билан она боласига, ваҳший ҳайвонлар ва қушлар бир-бирига меҳрибонлик қилади. Қиёмат куни ўша билан раҳматини комил қилади».

 

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида «Фотиҳа» сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.

Қуръони каримда «раҳмат» ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, сахийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.

Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат, чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади».

Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, «Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 143-оят.)

 

431 - وَرَوَاهُ مُسْلِمٌ أَيضاً مِنْ رِوَايَةِ سَلْمَانَ الفَارِسيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ للهِ تَعَالَى ماِئَةَ رَحْمَةٍ، فَمِنْهَا رَحْمَةٌ يَتَراحَمُ بِهَا الخَلْقُ بَيْنَهُمْ، وَتِسْعٌ وَتِسْعُونَ لِيَوْمِ القِيَامَةِ» [2753].

وَفِي رِوَايَةٍ: «إِنَّ اللهَ تَعَالَى خَلَقَ يَومَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ مِئَةَ رَحْمَةٍ، كُلُّ رَحْمَةٍ طِبَاقُ مَا بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ، فَجَعَلَ مِنْهَا فِي الأَرْضِ رَحْمَةً، فَبِهَا تَعْطِفُ الوَالِدَةُ عَلَى وَلَدِهَا، وَالْوَحْشُ وَالطَّيْرُ بَعْضُهَا عَلَى بَعْضٍ، فَإِذَا كَانَ يَوْمُ القِيَامَةِ أَكْمَلَهَا بِهَذِهِ الرَّحْمَةِ» [م 2753/21].


Улашиш
|
|
Нусха олиш