434-ҳадис
434. Абу Аюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ бошқа бир гуноҳ қилувчиларни яратиб, кейин уларни мағфират қилган бўлар эди» деганларини эшитганман».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Инсон ҳеч гуноҳ қилмаса кибрланиб кетгани, гуноҳ қилмаябманку, деб Аллоҳга кечиришини сўраб ялинмай қўйгани учун Аллоҳ инсонни хато қиладиган қилиб яратди. Хато қилсинда кейин Роббисидан кечиришини сўрасин.

Бандадан гуноҳ содир бўлмаслиги иложсиз нарса. Фақат пайғамбарларгина гуноҳдан пок бўладилар. Банда хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам гуноҳ ичида бўлади. Бу хусусда бандаларнинг яхшиси, ўша гуноҳларни тарк қилишга қаттиқ тиришиб, тавбада бардавом бўлувчисидир. Бу дегани билиб туриб гуноҳни содир этиб, яна тавбани қилавериш дегани эмас.

Банда модомики, ҳаёт экан олдинги гуноҳларига тавба қилиши вожибдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда қуйидагича амр қилади:

Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, ҳой мўминлар. Шоядки шунда нажот топсангиз… (Нур сураси, 31-оят).

Агар гуноҳ Аллоҳ таолонинг ҳаққи билан боғлиқ бўлса, ундан тавба қилишда учта нарса шарт бўлади:

1. Қилган ишидан афсус-надомат қилиш;

2. Дарҳол ўша гуноҳни тарк қилмоқ ва ундан чекинмоқ;

3. Қайта такрорламасликка астойдил қасд қилмоқ.

Мана шу тарзда қилинган тавбага «тавбаи насуҳ» дейилади. Мабодо юқоридаги учта шартдан бирортаси топилмаса бу тавбани соғлом-саҳиҳ тавба дейилмайди.

Агар гуноҳ банданинг ҳаққига доир бўлса, бу ҳолатда ундан тавба қилиш учун тўртта шарт бор. Юқоридаги уч шарт ва тўртинчиси ҳақдорни рози қилиб қўйиш. Агар масалан бировнинг молини тортиб олган бўлса, юқоридаги учта шартни бажаргач, ҳақ эгасига унинг молини қайтариб бериш лозим бўлади. Мабодо бировни ҳақорат қилган ё тан жароҳат етказган бўлса, бу гуноҳдан тавба қилишда юқорида қатор санаб ўтилган учта шартни адо қилгач, жабрланувчига ҳам худди шундай қилишга имкон беради ё ундан кечирим сўрайди. Агар ғийбат қилган бўлса, унга ошкор қилиб ризолик сўрайди. Мана шу шартлар топилгач тавба қилувчининг тавбаси насух тавба бўлиб гуноҳдан иншааллоҳ фориғ бўлади.

Аммо бир инсон, мен ҳеч гуноҳ қилмайман, тавба қилиб ялинмасам ҳам бўлаверади деса, демак у энг катта хатони қилган ҳисобланади. Гуноҳ қилмайман, гуноҳим йўқ, деб даъво қилувчи кишилар ҳам учраб туради.

Аллоҳ таоло сизни ва бизни кўп тавба қилиб, истиғфор айтувчи инсонлардан қилсин.

434 - وَعَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لَوْلَا أَنَّكُمْ تُذْنِبُونَ لَخَلَقَ اللهُ خَلْقاً يُذْنِبُونَ، يَغْفِرُ لَهُمْ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2748].


Улашиш
|
|
Нусха олиш