435-ҳадис
435. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Орамизда Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздан туриб кетдилар-да, ҳаяллаб қолдилар. Биз йўқлигимизда бирор кор-ҳол бўлдимикин, деб қўрқиб кетдик. Ваҳимага тушиб, ўрнимиздан турдик. Биринчи бўлиб ваҳимага тушган мен бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтариб чиқиб, ансорийларнинг чорбоғига етиб келдим…, деб ҳадиснинг узунича зикр қилиб, давомида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «(Эй Абу Ҳурайра, мана бу шиппагимни олгин-да), чорбоқнинг ортида «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсанг, унга жаннат хушхабарини бер», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадиснинг тўлиқ шакли қуйидагича бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида бир неча киши ўтирган эдик. Орамизда Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздан туриб кетдилар-да, ҳаяллаб қолдилар. Биз йўқлигимизда бирор кор-ҳол бўлдимикин, деб қўрқиб кетдик. Ваҳимага тушиб, ўрнимиздан турдик. Биринчи бўлиб ваҳимага тушган мен бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ахтариб чиқиб, Бану Нажжорлик ансорийларнинг чорбоғига етиб келдим. Эшигини излаб, атрофини айланиб чиқдим, тополмадим. Қарасам, ташқаридаги қудуқдан чорбоққа кириб кетган бир ўзан бор экан, – «ар‑робииъу» ариқ дегани – тулки суқилганидек суқилиб ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У зот: «Абу Ҳурайрами?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. «Нима гап?» дедилар. «Орамизда эдингиз, туриб кетиб, ҳаяллаб қолдингиз. Биз йўқлигимизда бирор кор-ҳол бўлдимикин, деб қўрқиб, ваҳимага тушдик. Биринчи бўлиб ваҳимага тушган мен бўлдим. Манави чорбоққа келиб, тулки суқилганидек суқилиб ўтдим. Анави одамлар ҳам ортимда туришибди», дедим. У зот шиппакларини бериб, «Эй Абу Ҳурайра, мана бу шиппагимни олгин-да, чорбоқнинг ортида «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсанг, унга жаннат хушхабарини бер», дедилар. Биринчи учратган кишим Умар бўлди. У киши: «Бу шиппак нимаси, эй Абу Ҳурайра?» деди. «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шиппаклари, у зот мени «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсам, унга жаннат хушхабарини беришимни айтиб, уларни бериб юбордилар», десам, Умар кўкрагимнинг ўртасига қўли билан бир урган эди, орқам билан йиқилиб тушдим. У: «Орқангга қайт, эй Абу Ҳурайра!» деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йиғлагудек бўлиб қайтиб келдим. Умар ҳам ортимдан йўлга тушди. Қарасам, изимдан ­келяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга нима бўлди, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. Мен: «Умарни учратиб қолиб, сиз айтган гапни айтсам, кўкрагимнинг ўртасига бир урган эди, орқам билан йиқилиб тушдим. У: «Орқангга қайт», деди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Умар! Нима учун бундай қилдинг?» дедилар. Умар: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Абу Ҳурайрани «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ», деб чин қалбдан ишониб гувоҳлик берадиган кимни учратсанг, унга жаннат хушхабарини бер» деб, шиппагингизни бериб юбордингизми?» деди. У зот: «Ҳа», дедилар. Умар: «Бундай қилманг, чунки одамлар шу нарсага суяниб, амал қилмай қўйишади, деб қўрқаман. Қўяверинг, амал қилаверишсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, қилаверишсин», дедилар».

(Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда саҳобаларнинг Расулуллоҳ с.а.в.га нисбатан қай даражада муҳаббатли эканлари ва у зотга бирор зарар етиб қолишидан қай даражада ҳазир бўлишгани баён қилинмоқда. 

435 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا قُعُوداً مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَعَنَا أَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ فِي نَفَرٍ، فَقَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مِنْ بَيْنِ أَظْهُرِنَا، فَأَبْطَأَ عَلَيْنَا، فَخَشِينَا أَنْ يُقْتَطَعَ دُونَنَا، فَفَزِعْنَا، فَقُمْنَا، فَكُنْتُ أَوَّلَ مَنْ فَزِعَ، فَخَرَجْتُ أَبْتَغِي رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، حَتَّى أَتَيتُ حَائِطاً لِلأَنْصَارِ... وَذَكَرَ الحَدِيثَ بِطُولِهِ إِلَى قَولِهِ: فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اذْهَبْ فَمَنْ لَقِيتَ وَرَاءَ هَذَا الحَائِطِ يَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ مُسْتَيقِناً بِهَا قَلْبُهُ فَبَشِّرْهُ بِالجَنَّةِ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [31].


Улашиш
|
|
Нусха олиш