437-ҳадис
437. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эшакка мингашиб кетаётган эдим. У зот: «

«Эй Муоз, Аллоҳнинг Ўз бандаларидаги ҳаққи нимаю, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари нима, биласанми дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим. У зот: «Албатта, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи У Зотга ибодат қилишлари ва У Зотга бирор нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари эса У Зотга ширк келтирмаганни азобламасликдир», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу билан одамларга хушхабар бермайми?» дедим. У зот: «Уларга хушхабар берма, яна суяниб қолишмасин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадисни мукаммал тушуниш учун қуйидаги иккинчи ҳадисдан бошлаймиз.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», дедилар. У:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди.

«Ундоқ бўлса, суяниб қолурлар», дедилар.

Муоз ўлимидан олдин гуноҳдан қўрқиб, бу хабарни берган.

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

 

Мазкур ҳадиси шариф ҳам юқоридаги ҳадиси шарифга ўхшайди. Қўшимча маънолар эса, ҳадиснинг охирида келган. Ҳадисни ривоят қилувчи саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу тавҳид эгаларига бўлган буюк ваъдани эшитганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», дедилар.

Шу гапнинг ўзи, бу нозик масала эканини кўрсатиб турибди. Чунки, бошқа масалаларда саҳобалар «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраганлари маълум эмас. Аксинча, ҳар бир эшитган нарсасини одамларга етказишни бурч, деб билганлар. Муоз ибн Жабал бу хабарни одамларга етказсалар, бирор тушунмовчилик бўлишидан хавфсираб, шундай саволни берганлар. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга берган жавобларидан ҳам фаҳмлаб оламиз.

«Ундоқ бўлса, суяниб қолурлар», дедилар».

Яъни, агар одамларга айтсанг, бу гапга суяниб, амал қилмай қолурлар, деганлари. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида ҳам одамлар бу гапни нотўғри тушуниб, амал қилмай қўйишлари мумкин, деган фикр бўлган. Шунинг учун саҳобага бу гапни одамларга айтишга рухсат бермаганлар. Афсуски, кейинчалик ушбу хавфсиралган нарса юзага чиқди, одамлар ичида бу гапни нотўғри талқин қилиб, Ислом дини рукнларига амал қилмайдиганлар тоифаси пайдо бўлди. Бу масалани нотўғри тушуниш эса, дўзахда абадий қолмайди, деган тушунчани дўзахга тушмайди, деган тушунчага алмаштириб олиш билан юзага келди.

Энди ҳадиси шарифни чуқурроқ ўрганиб чиқайлик. Унда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса», демоқдалар.

«Чин қалбдан» деганидан, мунофиқларнинг шаҳодати ўтмаслиги билинади, дейди уламоларимиз. Худди шу ибора билан бошқа жойларда гапнинг амалга мос келиши ҳам ифода қилинган.

Шу билан бирга, бундан «шаҳодат калимасини айтганларнинг барчаси дўзахга тушмайди», деган маъно эмас, балки «чин қалбдан айтганлари, яъни, айтганини амал билан тасдиқлаганлари кирмайди», деган маъно чиқади, дейдилар. Чунки бошқа далиллар тавҳид аҳлларидан осий бўлганлар дўзахга тушишларини таъкид ила айтган.

Демак, тавҳид аҳлидан ким дўзахга тушиши, ким тушмаслиги аниқ. Шунинг учун Муоз розияллоҳу анҳуга бу гапни одамларга айтишга изн берилмади.

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Улуғ тобеъийнлардан Ваҳб ибн Мунаббиҳга:

«Лаа илаҳа иллаллоҳу» жаннатнинг калити, дейи­шади?» дейилганда, у киши:

«Ҳа, калит, албатта, тишсиз бўлмайди. Агар тиши бор калит олиб келсанг, сенга очилади. Бўлмаса, очилмайди», деган эканлар.

 

Ушбу иккинчи ҳадис билан биринчи ҳадиснинг ўхшашлик жойлари кўп. Лекин дақиқ фарқлари ҳам бор. Ана ўшаларни кўриб чиқайлик.

Ўхшашлик жойлари: ровий битта, яъни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ўзлари. Сўнгра хабарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандан сўнг: «Одамларга бу хабарни етказайми?» деб сўрашлари ва: «Етказсанг, суяниб қолурлар» деган жавоб ҳам бир хил.

Ўхшамаган жойлари эса, иккинчи ҳадисда «Ким Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат берса» дейилган. Биринчи ҳадисда эса:

«…уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, унга бирор нарсани ширк келтирмасликлари», де­йилган.

Албатта, шаҳодат калимасини айтиш билан Аллоҳга ибодат қилиш, унга ширк келтирмаслик орасида фарқ жуда катта. Хусусан, ибодат лафзининг асл ва кенг маъносини оладиган бўлсак, бу дунё ҳаётини тамомила Аллоҳниг амрига мувофиқ қилиб яшаш маъноси чиқади. Ширк келтирмаслик эса, фақат ақийда бобида Аллоҳнинг шериги бор, деб эътиқод қилмаслик эмас, балки ибодат, амал бобларида ҳам ширкнинг турли кўринишларидан узоқда бўлиш кўзда тутилган бўлади.

Бу маънолар эса, ушбу бобдаги ҳадислар мазкур жоҳил кишилар ўйлаганидек, шаҳодат калимасини айтиб қўйса бўлди, бошқа нарсанинг кераги йўқ, деган фикрнинг ботил эканини кўрсатади.

Кейинги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимаси учун берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилган бўлсалар, аввалги ҳадисда Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга ширк келтирмасликка берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилмоқдалар.

Иккинчи ҳадисда дўзахнинг ҳаром қилиниши ваъда қилинган бўлса, аввалги ҳадисда азобламаслик ваъда қилинмоқда. Лекин иккисида ҳам одамлар маънони бошқача тушуниб, қилинган ваъдага суяниб қолишларидан чўчиш бор. Бу эса, банда қай даражага етганда ҳам хотиржам, бепарво бўла олмаслигини кўрсатади.

Банда доим хавф ва умид орасида, яъни, дўзахга тушишдан хавфда, жаннатга тушишдан умидвор бўлиб туради. Ҳеч ким мен «шаҳодат»ни айтиб қўйдим, ёки ибодатни қилиб қўйдим, Аллоҳга ширк келтирганим йўқ, менинг жаннатдан жой олишим аниқ, деб шаҳодатига ёки ибодатига суяниб қола олмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эҳтиёт чораларини кўришлари айни ҳикмат бўлганини бугунги кунда яққол кўриб турибмиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида, кейинги даврларда ҳеч ким шариат амалларининг заррачасига ҳам амал қилмаса бўлаверади, деган фикрда умуман бўлган эмас.

Тушунарли бўлиши учун намозни олайлик. Саҳобаи киромлар, тобеъийнлар, табаъ тобеъийнлар ва улардан кейинги авлодлардан ҳеч ким бирор вақт намозни ўқимай қўйса бўлаверар экан, деган фикрни қилган эмас. Ҳамма ўқиган. Наҳотки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб қанчадан-қанча саҳобийлар, уламолар, мужтаҳидлар, мазҳаб бошлиқлари, муҳаддислар, фуқаҳолар бугунги кунда Ислом амалларини адо этишдан бўйин товлаётган жоҳилларчалик тушунчага эга бўлмасалар?!

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшакка минишлари, ортларига Муоз ибн Жабол розияллоҳу анҳуни мингаштириб олишларидан у зотнинг мутавозеъ, камтарликларини билиб оламиз.

2. Бировга бир нарсани айтишдан олдин, буни биласанми, деб сўраш ҳам таълимнинг услубларидан экани.

3. Аллоҳга ибодат қилиш, бандаларнинг Аллоҳ олдидаги бурчи экани.

4. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслик ҳам бандаларнинг бурчи экани.

5. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилган, ширк келтирмаган бандаларини азобламаслиги.

6. Бирор хабарни одамларга етказишдан олдин, агар у умумий рухсатдан бошқачароқ бўлса, хабар эгасидан (бошлиқдан) «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраб олиш кераклиги.

7. Агар хабар кўпчилик орасида тушунмовчилик келтирадиган бўлса, хушхабар бўлган чоғида ҳам кўпчиликка айтмай туриш лозимлиги.

8. Мусулмонлар орасида тушунмовчилик чиқиши, амалдан қолиш хавфи каби нарсаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини билиб оламиз. Чунки, ушбу ҳадисда одамларни Аллоҳнинг ибодатига чорлаш, У Зотга ширк келтирмасликка чорлаш бўлса ҳам нотўғри тушуниб, аксинча маъно беришидан, одамларнинг бунга суяниб қолишларидан чўчиб хабарни тарқатиш ман қилинди.

9. «Аллоҳнинг бандада ҳаққи бор, банданинг Аллоҳда ҳаққи бор» иборасини ишлатиш мумкинлигини билиб оламиз.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: «Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар» деганларига салафи солиҳ уламоларимиз кўплаб таълиқ қилганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз:

«Бу қайтариш, баъзи одамларга хосдир. Бухорий шу ҳадис билан олим киши илмни фаҳмламасликларидан қўрқса, баъзиларини қўйиб, баъзиларини хос қилишга ҳужжат қилган. Гоҳида ушбу ҳадисга ўхшаш ҳадисларни ботил аҳли ва ибоҳий (ҳар нарсани бўлаверади деювчи)лар шаръий таклифларни тарк қилиш, ҳукмларни йўқ қилишга рўкач қилиб оладилар. Бу эса охиратни хароб қилгани етмаганидек, бу дунёни ҳам хароб этади».

Яъни: «Уларга бунинг хабарини берма. Чунки, сен уларга бу хабарни айтсанг, Роббинг лутфига эътимод қилиб, бандалик ҳаққини унутарлар. Оқибатда даражалари нуқсонга учраб, ҳолатлари таназзулга юз тутар. Кўпчиликнинг ҳоли шудир. Аммо хос кишиларга қанчалик башорат етса, шунчалик кўп ибодат қилурлар. Ашараи мубашшара (жаннат башорати берилган ўн) саҳобийлар шундоқ бўлган».

Биз қўшимча қилмоқчимизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан фақат ўн кишининг жаннатга киришларига башорат берганлар. Бу жуда машҳур иш бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Ҳатто ақийда китобларида ҳам бу масала алоҳида зикр қилинади. Агар ким шаҳодат калимасини айтса, тўғридан-тўғри жаннатга кираверадиган бўлса, мазкур ўн кишига берилган башорат беҳуда бўлиб қолмайдими? Уларни алоҳида зикр қилишнинг нима кераги бор?! Жаннатнинг башоратини номма-ном олиб туриб ҳам бирор ибодатни тарк этмай, балки олдингидан зиёда ибодат қилганларига нима дейсиз?

Демак, турли баҳоналар билан ибодат қилишдан қочадиган, шариат ҳукмини қилмасликка уринадиганларнинг гап ва ишлари ҳеч қандай рисолага тўғри келмайди.

437 - وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ رِدْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى حِمَارٍ فَقَالَ: «يَا مُعَاذُ؛ هَلْ تَدْرِي مَا حَقُّ اللهِ عَلَى عِبَادِهِ، وَمَا حَقُّ الْعِبَادِ عَلَى اللهِ؟» قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «فَإِنَّ حَقَّ اللهِ عَلَى العِبَادِ: أَنْ يَعْبُدُوهُ وَلَا يُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً، وَحَقَّ العِبَادِ عَلَى اللهِ أَلَّا يُعَذِّبَ مَنْ لَا يُشِركُ بِهِ شَيْئاً»، فَقُلْتُ: يَا رَسُولُ اللهِ؛ أَفَلَا أُبَشِّرُ النَّاسَ؟ قَالَ: «لَا تُبَشِّرْهُمْ فَيَتَّكِلُوا» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2856، م 30/49].


Улашиш
|
|
Нусха олиш