441. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирор мусулмон киши ўлиб, унинг жанозасига Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган қирқ киши қоим бўлса, Аллоҳ уларнинг шафоатини қабул қилмай қўймайди», деганларини эшитганман».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўлак шакли қуйидагича бўлган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мавлоси Курайбдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Аббоснинг бир ўғли Қудайдда [ёки Усфонда] вафот қилди. У: «Эй Курайб, қара-чи, қанча одам тўпланди экан», деди. Чиқиб қарасам, одамлар тўпланиб бўлишибди. Унга хабар қилдим. «Нима дейсан, улар қирқта чиқадими?» деди. «Ҳа», дедим. У: «Олиб чиқаверинглар, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирор мусулмон киши ўлиб, унинг жанозасига Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган қирқ киши қоим бўлса, Аллоҳ уларнинг шафоатини қабул қилмай қўймайди», деганларини эшитганман», деди».
* Қудайд – Макка билан Мадина ўртасидаги серсув, обод қишлоқ. Қудайд аслида ўша ердаги булоқнинг номи бўлган.
* Усфон – Макка билан Мадина орасини боғлаб турадиган қишлоқлардан бири.
Бошқа бир ҳадисда «қирқ киши» ўрнига «юз киши» бўлиб келган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир маййитга мусулмонлардан сони юзга етадиган уммат жаноза ўқиб, ҳаммалари унга шафоатчилик қилсалар, шафоатлари қабул қилинур», дедилар».
Имом Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда жаноза намозини қанча кўп одам ўқиса, шунча яхши экани таъкидланмоқда. Албатта, ихлосли, тақводор мўмин-мусулмон банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ўзига яраша ҳурмати бор. Ана шундоқ кишилар кўпроқ тўпланиб, жамоат намозида вафот этган дин қардошлари ҳаққига Аллоҳга илтижо ила уни мағфират қилишни сўраб шафоатчилик қилсалар, Аллоҳ таоло улардан баъзилари бўлмаса, баъзиларини шафоатчилигини қабул қилиб қолиши ажаб эмас. Шунинг учун ҳам жаноза намозини ихлос ва эътиқод билан ўқиб, маййитга Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилиш керак бўлади.
Аввал юз киши, деб энди қирқ киши дейилмоқда. Бунда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Бу кўпгина амалларда ишлатилган услуб. Аввал юз кишининг шафоати шарт қилинган бўлса, энди қирқ кишига енгиллаштирилиши мумкин.
Ушбу ривоятлардан оладиган хулосамиз иложи борича жаноза намозида ихлосли, тақводор мўмин-мусулмонларнинг кўпроқ иштирок этишларига эришиш кераклигидир.
441 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَا مِنْ رَجُلٍ مُسْلِمٍ يَمُوتُ فَيَقُومُ عَلَى جَنَازَتِهِ أَرَبَعُونَ رَجُلًا لَا يُشرِكُونَ بِاللهِ شَيْئاً إِلَّا شَفَّعَهُمُ اللهُ فِيهِ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [948].