452-ҳадис

452. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан уч кун олдин: «Ҳар бирингиз Аллоҳ азза ва жалла ҳақида фақат яхши гумон қилиб ўлсин», деганларини эшитдилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Касалликка чалинган киши Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонга бориши, У зот ҳақида ёмон гумонларга бормаслиги зарур. Мўмин киши касаликка чалинса, маҳзун бўл­масдан, балки шифони Аллоҳ таолодан умид қилиши ва беморликка сабр қилиб, уни У зот томонидан бўлган бир раҳмат, деб билмоғи керак. Зотан, ҳакимлардан бири бундай деган: «Аллоҳ таоло бирор бандасини соғинса, унга мусибат, дард юборади».

Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўсмир жияним бор эди. У касал бўлиб қолди. Унинг онаси менга одам юборибди. У ўғлининг боши томонига ўтириб, йиғлар эди. Жияним: «Эй тоға, онам нега йиғлаяпти?» – деди. Мен: «Сендаги касалликни билгани сабабли», – дедим. У: «Онам менга раҳми келиб шундай қилмоқдами?» – деган эди. Мен: «Ҳа», – дедим. Шунда бола: «Аллоҳ таоло менга ундан-да раҳмлироқ», – деди. Қачонки у вафот этганида уни барчамиз қабрга қўйдик. Сўнг ғиштни теккислаш учун тепасига бордим ва лаҳад ичига қарасам, у ер кўзим етган жойгача кенгайган эди. Ёнимдаги кишига: «Мен кўрган нарсани сен ҳам кўрдингми?» – десам, у: «Ҳа, сени табриклайман», – деди. Бу ўлимидан олдин айтган (“Аллоҳ таоло ундан-да раҳмлироқ”) калимаси сабабли бўлса керак, деб ўйладим”. (Жалолиддин Суютийнинг «Шарҳус судур бишарҳи ҳалил мавтаа вал қубур» номли китобидан).

452 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَبْلَ مَوْتِهِ بِثَلَاثَةِ أَيَّامٍ يَقُولُ: «لَا يَمُوتَنَّ أَحَدُكُمْ إِلَّا وَهُوَ يُحْسِنُ الظَّنَّ بِاللهِ عَزَّ وَجَلَّ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2877].


Улашиш
|
|
Нусха олиш