461. Абдуллоҳ ибн Шаххир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Йиғи сабабли ичларидан худди қозон қайнагандаги вишиллаш каби виш-виш товуши чиқар эди».
Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ривоят қилганлар. Термизий «Шамоил»да саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бошқа ҳадисда қуйидагича келади:
Мутаррифдан у эса, отасида ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».
Иккисини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.
Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.
461 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الشِّخِّيرِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يُصَلِّي، وَلِجَوْفِهِ أَزِيزٌ كَأَزِيزِ الْمِرْجَلِ مِنَ البُكَاءِ. حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرمِذِيُّ فِي «الشَّمَائِلِ» بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [د 904 شما 322].