462-ҳадис
462. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга: «Аллоҳ мени сенга «Лам якуниллазиина кафаруу»ни ўқиб беришга буюрди», дедилар. У: «Сизга исмимни айтдими?» деди. «Ҳа», дедилар. Убай йиғлаб юборди».

Муттафақун алайҳ.

Бошқа ривоятда: «Шунда Убай йиғлаб юборди», дейилган.

Шарҳ: Саҳобанинг тўлиқ исми Абу Туфайл (Абу Мунзир) Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Зайд ибн Муовия ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор Ансорий Хазражийдир. У зот Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларидаги ваҳий ёзувчи котибларидан бири бўлган.

Манбаларда айтилишича, Убай ибн Каъб ваҳийни ёзишдан олдин ҳам, кейин ҳам Пайғамбаримизга алайҳиссалом ўқиб берар, у зот тинглаб, агар хато бўлмаса, ёзишга рухсат берардилар, дейилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъбни “Мусулмонлар саййиди” деб номлаган. Ушбу саҳоба икки Ақаба байъатида ҳам қатнашган, Бадр ва ундан кейинги барча ғазотларда иштирок этган.

Убай ибн Каъб ҳар саккиз кунда Қуръони каримни хатм қилиб турган ва оятларнинг нозик нуқталаригача яхши тушунган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Умматларим ичида уларга энг меҳрибонроғи Абу Бакр, Аллоҳнинг динида кучлироғи Умар, ҳаё қилишда комилроғи Усмон, ҳукм чиқаришда пешқадамроғи Али ва энг кўп тиловат қилувчироғи Убай ибн Каъбдир” .

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайдан: “Сен қайси оятни тиловат қилишни кўпроқ яхши кўрасан?” деб, сўраганларида, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мамнун бўлиб: “Эй Мунзирнинг отаси, сенга илм олишни Аллоҳ осон қилсин”, дея дуо қилдилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қайси оят ва ҳадисдан нима ирода қилинганини бошқалардан кўра яхши тушунар эди. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин бошқа саҳобалар Убай ибн Каъбдан  дин ишларида маслаҳат сўрар, у зот Қуръон ва суннатга асосланиб жавоб қайтарарди. Саҳоба розияллоҳу анҳу ҳижрий 22 йили, баъзи ривоятларда 30 йилда вафот этгани айтилган. Унинг вафоти Мадина аҳлини қаттиқ изтиробга солган. Каттаю кичик барча кишилар: “Мусулмонларнинг саййиди вафот этди”, дея афсус қилишган.


462 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لأَبِيِّ بنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ أَمْرَنِي أَنْ أَقْرَأَ عَلَيْكَ: لَمْ يَكُنِ الَّذِينَ كَفَرُوا» قَالَ: وَسَمَّاني؟! قَالَ: «نَعَمْ» فَبَكَى أُبَيٌّ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3809، م 799/246].

وَفِي رِوَايَةٍ: فَجَعَلَ أُبَيٌّ يَبْكي.

 

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш